02.07.2016

ДАЪВАТКОР СЎЗ

журналист ҳаётининг мезони бўлмоғи керак

Худойберди ТЎХТАБОЕВ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

— Президентимизнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини ҳузур қилиб тинг­ладим. Айниқса, журналистлар меҳнатига берилган юксак баҳо мени ҳаяжонга солди.

Мен ўша лаҳзаларда беихтиёр ўтмишни эсладим. «Ўзбекистон овози»да узоқ йил ишлаганман, ҳозир ҳам ҳамкорлик қилиб келаман. Ўтган замоннинг журналист­лари тепадан буйруқ келмагунча, мавзу тасдиқланмагунча кутиб турарди. Рухсат ё тегарди, ё йўқ.

Яна бир гапни айтгим келяпти, газеталар учун далага ўғит чиқаришдан тортиб, ғўзапояни йиғиб олгунча бўладиган жараён асосий мавзу эди. Қишда шўр ювиш, ерни текислаш, баҳорда чигит экиш, ғўза ниҳолларини яганалаш, кейин чеканка мавсуми, дефоляция, кейин йиғим-терим. Шу орада дағал ем-хашак йиғиш ҳам долзарб мавзу эди. Биз журналистлар ана шуларни ёритиш билан овора эдик.

Бугун эса Юртбошимиз томонидан журналистлар эътибори маърифат ва маънавият, тарихий қадриятларимизни матбуот­имиз саҳифаларида кенг ёритиш, халқ онгига етказиш, ҳар бир инсонда Ватанга дахлдорлик туйғусини шакллантиришга қаратилмоқда.

Яна бир гап шуки, байрам табригида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ривожланиш одимларини атрофлича ёритишда жонбозлик кўрсатаётгани журналистларимиз меҳнатига юксак баҳо берилди.

Журналистларимиз эришилган ютуқлар билан бир қаторда халқимиздаги кўтаринкиликни, ижодкорлик ва шукроналикни яна ҳам кенгроқ, тўлақонлироқ ёритиши жуда муҳим.

Мен бугунги журналистиканинг мавзусини кузатиб бораман. Матбуотда мавзунинг кенгайгани, ранг-баранглиги кишини қувонтиради. Ҳозир ёш истеъдодлар ҳақидаги мақолалардан тортиб таълим, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, тарихий бунёдкорликлар, одамлар турмуши ва дунёқарашидаги ўзгаришлар атрофлича ёритилмоқда.

Биз, эски замонда юракни ҳовучлаб ишлардик, бирор хатога йўл қўйсак, эртага аҳволимиз нима бўлади, деб ҳайиқардик. Бугун эса Президентимизнинг ўзи биздан фаоллик талаб қиляпти, эзгу орзу-интилиш ва ташаббусларимизни қўл­лаб-қувватламоқда... Матбуотга, журналист аҳлига шунчалик юксак ишонч, шунчалик меҳр кўрсатилганини ким кўрган, қачон кўрган?

Биз, журналистлар меҳнатимизга озгина бўлса-да рағбат кутганмиз, лекин бунақанги рағбат мустақилликдан кейин келганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Байрам табригида матбуот аҳли олдига қўйилган энг долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилди, журналистлар яна бир карра уйғоқликка, огоҳликка даъват этилди. Бу барча матбуот ходимлари кучига куч қўшди, вужудидаги шижоатни, ғайратни тўлқинлантириб юборди. Бу ишонч журналистларимиздан янада фидойилик билан меҳнат қилишни талаб этади.

 

Охунжон ХУШВАҚТОВ

ёзиб олди.

 

 

Рамзиддин АБДУСАТТОРОВ, ЎзМУ журналистика факультети деканининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, доцент:

— 27 июнь санаси Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу кунда мазкур соҳа фидойиларининг касб байрами нишонланади. Ҳамкасблар, шогирдлар бир-биримизни қутлаймиз. Лекин биз учун энг қадрлиси бу Президентимизнинг байрам табригидир. Давлатимиз раҳбари қалам аҳлига эҳтиром кўрсатиш билан бирга олдимизга ўта муҳим вазифаларни ҳам қўядики, бу бизнинг йил давомида қиладиган барча эзгу ишларимиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Бу йил Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган маросимда қатнашиб, Президентимизнинг табригини ҳаяжон билан, тўла қониқиш ила тингладим. Табрикда ёш журналист кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Ўтган йили факультетимизнинг янги биноси қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу ерда халқаро андозаларга мос журналист кадрлар тайёрлаш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Факультетимиз қирққа яқин ўқув аудитория, иккита компьютер маркази, ўқув теле-радиостудия, фотостудияга эга. Бу даргоҳда яратилган шароитлар жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Талабаларимиз томонидан «Журналист» газетаси мунтазам нашр этилмоқда, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар университет бўйича эфирга узатилади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Малакали журналист кадрлар тайёрлашда амалиёт жуда ҳам муҳим босқич ҳисобланади. Айни пайтда бу борадаги ишларимизни янада такомиллаштириш устида изланиш олиб боряпмиз. Турли оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Талабанинг таҳририятда ўтказган ҳар бир куни, нималарни ўзлаштиргани доимий назоратимизда. Марказий оммавий ахборот воситалари қошида ўнга яқин маҳорат мактаблари ташкил қилинган бўлиб, республикамизнинг етакчи журналистлари факультетимизга келиб, амалий машғулотлар олиб боришади.

Журналистикада ихтисослашув масаласи йилдан-йилга долзарблашиб бораётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бу жараёндан бизнинг факультет ҳам четда қолаётгани йўқ. Олий журналистика курсларида бакалавр босқичида бошқа йўналишда таҳсил олган кадрлар таълим олади. Улар айнан ўзларининг йўналиши бўйича журналист кадр бўлиб етишади.

Факультетимиз битирувчилари орасида республика ОАВда муваффақиятли фаолият кўрсатаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Шу давргача журналистика факультетидан 10 дан зиёд Президент стипендиантлари етишиб чиқди. Кўплаб талабаларимиз «Олтин қалам» танловида ғолибликни қўлга киритди, 50 нафардан зиёд талабамиз оммавий ахборот воситаларида ўриндошлик асосида меҳнат қилмоқда.

Мен журналист кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшаётганимдан, журналистлик касбини танлаганимдан фахрланаман.

Президентимиз табригида билдирилган фикрлар эса биз профессор-ўқитувчилар зиммасига катта масъулият юклаётганини ҳам чуқур англаб турибмиз.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.