Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
30.06.2016

МУСТАҚИЛ ЮРТНИНГ МУСТАҲКАМ ҚАНОТЛАРИ

Ҳар бир мамлакатни дунёга танитадиган ва халқаро алоқаларни таъминлайдиган воситалар орасида фуқаро авиацияси алоҳида ўрин тутади. Тезликда унга тенг келадиган транспорт воситаси йўқ. Минглаб километр масофа саноқли фурсатда босиб ўтилади. Ҳаво кемалари нафақат шаҳарлар ва мамлакатлар­аро йўловчи ташийди, балки юртларни ва халқларни бир-бири билан ўзаро боғлайди, энг муҳими, ўзи мансуб бўлган давлатнинг номини дунёга ёяди.

Чунки халқаро йўналишда парвоз қиладиган самол­ётлар қанотига давлат байроғи тасвири солинган, ёнига мамлакат номи ёзиб қўйилган. Халқ­аро аэропортлардаги электрон таблоларда Нью-Йорк, Лондон, Париж, Пекин, Токио, Москва, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч деган номлар такрор ва такрор ёзилишини бир кўз ўнгингизга келтиринг...

Юртимиз ўз озодлигини қўлга киритгач, орадан кўп ўтмай, миллий авиакомпаниямизнинг ташкил этилиши мустақиллигимизни мус­таҳкамлаш йўлида қў­йилган дастлабки муҳим қадамлардан бири бўлди. Бу борада Юртбошимиз ташаббуси билан танланган стратегик йўл нечоғли тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатди.

Бир тузумдан иккинчи бир тузумга ўтиш, бозор иқтисодиётини шакллантириш даврининг муқаррар қийинчиликларига қарамай, ёш давлатимиз барча соҳаларга, жумладан, фуқаро авиацияси тизимини ислоҳ қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам катта аҳамият берди. Президентимиз томонидан 1992 йил 28 январда имзоланган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонда учувчилар зиммасига мамлакатимиз учун стратегик соҳа ҳисобланган фуқаро авиациясини барқарор ривожлантириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш вазифаси юкланди. Бу ҳам шарафли, ҳам масъулиятли вазифа эди. Чунки ўша кезларда собиқ тузум ҳудудида пайдо бўлган янги мустақил мамлакатларнинг кўп­чилигида фуқаро авиацияси давлат кўмагидан маҳрум бўлган, «Аэрофлот» негизида тузилган заиф авиакомпанияларнинг аксарияти инқирозга юз тутганди. Ўзбекистонда эса, Миллий авиакомпанияни ташкил этиш, мустаҳкамлашни давлат ўз зиммасига олди. Шу боис, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» тезда жаҳон авиаташувлар бозорида ном чиқарди. Бунга эришиш осон бўлгани йўқ, албатта. Бизнес бўйича ҳамкорлар ва рақобатчилар ўртасида ўз ўрнини топиш учун катта куч-ғайрат, маблағ сарфлашга тўғри келди.

Ўзбекистоннинг минтақавий авиакомпаниялар билан рақобатлаша оладиган миллий авиакомпания­ни яратиш йўлидаги қадами аввалига баъзиларда шубҳа уйғотди, чунки авиакомпанияга эски ҳаво кемалари ва яроқсиз ҳолга келиб қолган ускуналар мерос бўлиб қолганди. Бунинг устига, кўпгина йўналишларни Ўзбекистон Мил­лий авиакомпанияси рамзи остида янгидан очиш зарур эди. Бошқача айтганда, мустақил Ўзбекистон олдида йўловчи ва юкларни ташийдиган замонавий ва қудратли ҳаво флотини яратиш вазифаси турарди. Бунинг учун эса, замонавий янги техникадан ташқари, авиабозорни яхши билиш, кескин рақобат муҳитида мўлжални тўғри олиш, энг асосийси, ҳаво кемаларини маҳорат билан бошқарадиган, ерда малакали техник хизмат кўрсатадиган, ҳамкорлар билан музокаралар олиб борадиган ва табиийки, авиаташувчи тизимнинг келажагини аниқ режалаштирадиган етук мутахассисларни тайёрлаш талаб этиларди.

1993 йилнинг 16 июнида мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа рўй берди. «Тошкент» халқаро аэропортига «Эрбас Индастри» компаниясида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» рамзи ва «UZBEKISTAN» ёзуви туширилган илк «А-310» самолёти келиб қўнди...

Мамлакатимиз раҳбарияти ва миллий авиакомпания мутасаддилари авиапаркни янгилаш йўлида ўз куч-ғайратларини аямаганлиги натижасида ўзбек учувчилари жаҳон авиаташувлар бозорида наинки мустаҳкам ўрин эгаллашга, балки парвозлар ва йўловчилар хавфсизлигини талаб даражасида таъминлашга эришдилар.

Маълумки, авиакомпаниянинг қандай ҳаво кемаларидан фойдаланаётганига қараб, давлатнинг иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорлик имкониятларига баҳо берилади. Шунинг учун мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан авиапарк босқичма-босқич модернизация қилинди. Жумладан, сўнгги йилларда ўнта «А-320», тўртта «Boeing-767-300 ER» самол­ёти «Ўзбекистон ҳаво йўллари» лайнерлари сафидан ўрин олди. Юртимизда ишлаб чиқарилган олтита замонавий ва маҳаллий шароитларга мос бўлган «Ил-114-100» ҳаво кемаларидан ҳам самарали фойдаланилаяпти.

Қувончлиси, жорий йил сентябрь — ноябрь ойларида миллий авиакомпаниямиз дунёдаги саноқли давлатлар авиаташувчилари қаторида биринчилардан бў­либ, энг замонавий иккита «Орзу лайнери» — «Boeing-787— 8 Dream­Liner» билан таъминланади. Энг узоқ масофага учувчи замонавий ҳаво кемаси инновацион технологиялар асосида яратилган бўлиб, юқори иқтисодий самарадорликка эга. Ушбу ҳаво кемаси олис ва ўта олис халқаро йўналишларда, чунончи «Тошкент — Нью-Йорк» қатновида узлуксиз парвозларни амалга оширишга имкон яратади ва бу албатта мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожини янги бос­қичга кўтаришга хизмат қилади.

Мамлакатимиз пойтахтидан Осиё ва Европа, Америка ва Япониянинг 40 дан ортиқ шаҳарларига парвозларни бажараётган ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, уларнинг доимий созлигини таъминлаш авиакомпания фаолиятида бош мезон ҳи­соб­ланади. Юқори даражадаги техник база ва малакали мутахассисларга эга бўлган «Uzbekistan airways technics» авиакорхонасида нафақат миллий авиакомпания, балки хорижий авиакомпаниялар самол­ётларига техник хизматлар кўрсатилмоқда. Жорий йил бошида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» билан «Boeing» корпорацияси ҳамкорлигида самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш маркази ҳам иш бошлади. Ярим миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобидан авиакорхонага титанли эритмаларни қайта ишлаш ва эҳтиёт қисмларни тузатиш учун инерт муҳитли печлар ҳамда барча турдаги самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш учун зарур жиҳозлар тўп­ламлари етказиб берилди. Ушбу марказ мамлакатимиз фуқаро авиациясини янада ривожлантириш йўлидаги нав­батдаги муҳим қадамдир. Боиси, бугунги кунда жаҳон авиасаноатида композит материаллардан кенг фойдаланилаётир. Чунончи, «Орзу лайнери» фюзелажининг эллик фоизи шундай материаллардан таркиб топганлиги ҳисобига оғирлиги сезиларли даражада камайтирилган. Бу эса парвозлар самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Шундай қилиб янги марказ наинки миллий, балки хорижий авиаташувчилар самолётларга ҳам техник хизмат кўрсатиш бўйича кенг имкониятлар яратади.

Замонавий ҳаво кемаларидан фойдаланиш ўзбек учувчилари зиммасига катта масъулият юклайди. Таъкидлаш лозимки, улар мураккаб авиатехниканинг сир-асрорини мукаммал эгаллаган, ўз касбларининг чинакам мутахассисларидир. Учувчиларимиз миллий авиакомпаниямиз ўқув-машқ марказидаги тренажерлар мажмуасида турли вазиятда амалий ҳаракатларни бажариш бўйича ўз малакасини оширмоқдалар. Бу мажмуа мутахассисларни тайёрлашда валюта маблағларини тежабгина қолмай, хорижий авиакомпанияларга тренинг хизматлари кўрсатиш орқали даромад келтирмоқда.

«Ўзбекистон ҳаво йўл­лари» самолётлар паркини замонавий талаблар асосида янгилаш билан бир қаторда аэропортларни тубдан қайта қуриш ва ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини ислоҳ этиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Натижада республикамизнинг барча аэропортлари замон талабларига мувофиқ мукаммал таъмирдан чиқарилиб, модернизация қилинди, халқ­аро мақомга эга бўлди. Бу юртимизга сайёҳлар оқимини оширибгина қолмай, балки уларга хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтирмоқда. Яқинда «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларининг фуқаро авиацияси «Аэропорт» халқ­аро ассоциацияси томонидан 2016 йилнинг энг яхши аэропортлари деб эътироф этилгани ҳам бунинг далилидир. 

Ҳозирда Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан Марказий Осиёдаги энг замонавий ва янги «Тошкент-4» йўловчилар терминали қурилишига киришилди. Унинг 2019 йил охирида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон осмонида ўнлаб ҳаво йўналишлари кесишади. Шу боис, барча учиб ўтаётган ҳаво кемаларига ишончли диспетчерлик кузатуви зарур. Энг замонавий диспетчерлик ва радиолокация тизимлари билан жиҳозланган «Ўзаэронавигация» маркази парвозлар хавфсизлигини таъминламоқда. Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимида мамлакатимиз ҳаво кенгликларидан фойдаланувчилар кўламини кенгайтириш ва парвозлар хавф­сизлигини янада оширишга хизмат қилувчи RVSM (вертикал эшелонлашнинг қисқартирилган минимуми) ва QNH (бутун жаҳон парвоз баландлигини ҳисоблаш) янги тизимлари жорий этилди. Ўзбек авиадиспетчерларининг юксак касб-маҳорати бутун авиация ҳамдўстлиги томонидан эътироф этилган. Айтиш лозимки, ўтган йиллар мобайнида улар хизмат кўрсатаётган ҳаво йўналишлари масофаси икки мартадан кўпроққа ошган. Марказ хизматларидан 200 га яқин хорижий авиакомпания фойдаланмоқда.

— Биз авиаташувчилар бозорида энг ишончли компания эканлигимиздан мамнунмиз, — дейди «Ўзбекистон ҳаво йўл­лари» МАК Бош директорининг биринчи ўринбосари Акмал Акбаров. — Авиакомпаниямиз ер куррасининг исталган нуқтасига, ҳар қандай об-ҳаво шароитларида парвозларни муваффақиятли таъминламоқда. Бунда аҳил жамоамиз, ажойиб мутахассисларимизнинг хизматлари катта бўлаяпти. Миллий авиакомпаниямизда 30 ёшгача бўлган салкам тўрт минг нафарга яқин ёшлар меҳнат қилаётгани жуда қувончлидир. Улардан 31 нафари турли раҳбарлик лавозимларида ишлаяпти. Ёш учувчилар, муҳандис ва диспетчерлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Булар, албатта, Ўзбекистон авиацияси келажагининг бунёдкорларидир.

Дарҳақиқат, Миллий авиакомпаниямиз жамоаси стратегик аҳамиятга молик фуқаро авиациясининг барқарор ривожланиши, парвозлар хавфсизлиги ва йўловчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатишни таъминлаш вазифасини муваффақиятли амалга оширмоқда. Демак, Миллий авиакомпаниямизнинг жаҳон авиабозоридаги мавқеи янада мус­таҳ­камланиб бораверади.

 

Алишер РЎЗИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

 

ЙИЛЛАР ВА ПАРВОЗЛАР

 

1992 йил

Президент Ислом Каримов 28 январда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясини ташкил этиш тўғрисидаги Фармонга имзо чекди.

Халқаро йўналишларни ўзлаштиришга киришилди. Лондон, Карачи, Деҳли, Куала-Лумпур, Тель-Авив ва Пекинга қатновлар йўлга қўйилди.

 

1993 йил

7 майда Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси жорий этилди.

16 июнда «Тошкент» халқаро аэропорти Миллий авикомпания томонидан молиявий лизингга олинган дастлабки «А-310» аэробусини қабул қилди.

Франкфурт ва Бангкокка қатновлар очилди.

 

1994 йил

«А-310» иккинчи аэробуси харид этилди.

Афина, Манчестер ва Сеулга қатновлар очилди.

 

1995 йил

Миллий авиакомпания тарихидаги муҳим воқеа Тошкент — Нью-Йорк қитъалараро йўналиши очилди.

«Тошкент» халқаро аэропортида янги автоматлаштирилган Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш марказига пойдевор қўйилди.

 

1996 йил

30 ноябрда Ўзбекистон пойтахтига биринчи «Боинг-767» ҳаво кемаси келиб қўнди.

Авиакомпания Учувчилар мажмуасида «А-310» ва «Боинг-767» учувчилар отрядлари ташкил этилиб, Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш маркази ишга тушди.

«Самарқанд» халқаро аэропорти реконструкцияси бошланди.

 

1997 йил

Авиакомпания парки иккита «Боинг-767» ва ўрта масофага учувчи «RJ-85» ҳаво кемалари билан тўлдирилди.

 

1998 йил

«А-310» учинчи аэробуси олинди. Париж ва Даккага қатновлар очилди. Ғарбда ишлаб чиқарилган самолётларга техник хизмат кўрсатиш маркази тузилди.

Европа сифат сертификати — JAR-145 олинди.

 

1999 йил

Иккита янги «Боинг-757-200» олинди.

 

2000 йил.

Рим, Бирмингем, Амритсарга янги авиайўналишлар очилди.

Авиакомпания халқаро авиация хавф­сизлиги фондининг «Парвозлар хавфсизлиги учун» Фахрий ёрлиғига сазовор бўлди.

 

2001 йил

Японияга янги халқаро йўналиш: Тошкент — Осака қатнови очилди

 

2002 йил

«А-310» ва «Боинг-767/757» самолётларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича иккинчи Европа сифат сертификати олинди.

Авиатаъмирлаш корхонасининг имкониятлари кенгайиб, техник хизмат кўрсатиш бўйича халқаро бозорга йўл очилди.

Тошкент авиатаъмирлаш заводи «Uzbekistan Airways Tehnics» корхонасига айлантирилди. Осака орқали Токиога қатнов очилди.

 

2003 йил

Авикомпания янги «Боинг-767-300 ER» йўловчилар ҳаво кемасини харид қилди.

26-халқаро Москва анжуманида «Тошкент» халқаро аэропорти 2003 йилнинг энг яхши аэропорти, деб топилди, «Самар­қанд» аэропорти ҳам шундай номга сазовор бўлди.

 

2004 йил

Яна битта «Боинг-767-300 ER» ва учта «Боинг-757-200» самолётлари олинди.

Авиакомпания парки жаҳон етакчи ишлаб чиқарувчиларининг 16 самолётига эга бўлди.

Рига, Шанхай, Остонага қатновлар очилди.

 

 

2005 йил

Авиакомпания Жаҳон хавфсизлик жамғармаси Президентининг «Парвозлар хавфсизлиги соҳасидаги муваффақиятлари учун» Фахрий дипломига сазовор бўлди.

 

2006 йил

Тошкент — Урумчи — Тошкент йўналиши бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилди.

 

2007 йил

«Боинг» корпорацияси билан иккита «Боинг-787-8 Dreamliner», «Airbus» консорциуми билан олтита «А-320-200» самолётларини етказиб бериш 6ўйича битимлар имзоланди.

Авиакомпания халқаро парвозлар харитасида янги йўналишлар: Милан — Тошкент, Тошкент — Коҳира — Афина — Тошкент, Тошкент — Сочи — Тошкент пайдо бўлди.

Ушбу шаҳарларда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг ваколатхоналари очилди.

 

2008 йил

Юк авиаташувлари бўйича жаҳондаги етакчи авиакомпания — «Korean Air»га «Навоий» аэропорти бошқарувини бериш бўйича битим имзоланди. Корея авиакомпанияси Навоий шаҳри ҳаво бандаргоҳи орқали юк ташувларини бошлади.

Милан орқали Женевага мунтазам қатновлар бошланди.

 

2009 йил

Авиакомпания парки ўзимизда ишлаб чиқарилган иккита «Ил-114-100» ҳаво кемаси билан тўлдирилди.

«Бухоро» халқаро аэропорти фуқаро авиацияси «Аэропорт» халқаро ассоциациясининг «МДҲ мамлакатларининг йилнинг энг яхши аэропорти» танлови ғолиби бўлди.

 

2010 йил

Авиакомпания парки бешта янги «А-320» самолётлари билан тўлдирилди.

«Навоий» халқаро аэропортида янги юк ташиш терминали очилди.

Мадрид ва Калининградга янги қатновлар очилди.

 

2011 йил

Авиакомпания парки янги «А-320» самолётлари билан тўлдирилди. «Бухоро» халқаро аэропортида янги юк терминали очилди.

«Тошкент» халқаро аэропортида янги маҳаллий авиайўналишлар аэровокзали ишга тушди.

 

2012 йил

Янги замонавий «В-767» лайнери қабул қилинди. Навоий шаҳрида янги йўловчилар терминали фойдаланишга топширилди.

МАК Нотижорат ҳамкорлик ташкилотининг «Парвозлар хавфсизлиги» мукофоти лауреати ҳамда «Flight Safety Fondation» парвозлар хавфсизлиги Халқ­аро фондининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича дипломи соҳиби бўлди.

 

2013 йил

Авиакомпания авиапарки иккита янги «Boeing-767» самолётлари билан тўлдирилиб, бу билан янги тўртта самолёт олиш дастури ўз ниҳоясига етказилди.

Авиакомпаниянинг барча аэропорт­лари халқаро мақомга эга бўлди.

 

2014 йил

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси IATA – Ҳаво тран­с­порти халқаро ассоциациясига аъзо бўлди.

Миллий авиакомпанияда йўловчи самолётидан юк ташиш авиалайнерига қайта жиҳозланган иккита «Boeing-767-300 BCF» ҳаво кемасидан фойдаланишга киришилди.

 

2015 йил

«Бухоро», «Самарқанд» ва «Урганч» аэропортлари фуқаро авиацияси «Аэропорт» халқаро ассоциациясининг «МДҲ мамлакатларида йилнинг энг яхши аэропорти» нуфузли танловининг турли хил номинацияларида ғолибликни қўлга киритди.

 

2016 йил

5 январда маҳаллий йўналишлардаги қатновларда авиабилетларни онлайн брон қилиш ва сотиб олиш хизмати ишга туширилди.

28 январда «Uzbekistan airways technics» авиакорхонасида самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш маркази очилди.

Сентябрь-ноябрь ойларида авиакомпания парки иккита «Boeing-787-8 Dreamliner» самолётлари билан тўлдирилиши режалаштирилган. 



DB query error.
Please try later.