Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
30.06.2016

ХАВФСИЗЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҲАМКОРЛИК

Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами тобора яқинлашаётган ҳаяжонли шу кунларда мамлакатимиз ҳаётида бири-биридан муҳим, қувонч­ли ва тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Куни кеча якунланган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси, унда бугунги куннинг ўта муҳим вазифалари билан боғлиқ қатор масалалар бўйича ҳужжатлар имзолангани, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг давлат ташрифи билан мамлакатимизга келиши, икки мамлакат ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш кўзда тутилган ҳужжатлар имзолангани барчамизни бирдек қувонтирди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида қурилган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг очилиши иқтисодий куч-қудратимиз, хал­қимиз интеллектуал салоҳиятининг яна бир ўзига хос намойиши, тараққиётимиз асоси мустаҳкамлигининг ёрқин мисоли бўлди.

Булар ҳаммаси кишини қувонтиради, албатта. Аммо бу каби ютуқларни юксалтириш, иқтисодий ҳамкорлигимизни янада кучайтириш учун аввало тинчлигимизни асрашимиз керак бўлади. Бунинг учун эса глобаллашув жараёнлари тезлашиб, турли таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги шароитда хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш талаб этилмоқда. Шунинг учун ҳам давлатлар­аро тузилмалар — халқаро ташкилотлар фаолиятига катта эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, ҳар қандай давлат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро муносабатларга киришади. ШҲТ минтақадаги хавфсизлик ва бар­қарорликни таъминлаш, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини англаган ҳолда мамлакатимиз ушбу ташкилотга аъзо бўлди, бугунга келиб унинг фаол иштирокчисига айланди.

2001 йилнинг июнида Шанхайда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон янги ташкилот — Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг таъсисчиларидан бири бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизнинг ШҲТдаги иштироки мазкур ташкилотнинг ке­йинги ривожланишида муҳим ўрин тутди.

Ўзбекистон ҳозирга қадар ташкилотга икки маротаба, яъни 2003 — 2004 ва 2009 — 2010 йиллар давомида раислик қилган. Айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш, турли йўналишлардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги кўпгина муҳим ҳужжат ва қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон раислиги даврида — 2010 йилнинг апрелида муҳим тарихий воқеа рўй берди: БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Тошкентга ташрифи чоғида БМТ ва ШҲТ котибиятлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди.

Бу ҳужжат долзарб масалаларнинг ҳал этилишида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар учун мустаҳкам замин яратгани ҳолда икки ташкилотнинг расмий ҳамкорлигига асос солди. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиш маросимида БМТ раҳбари Ўзбе­кис­тоннинг ШҲТдаги раислигига юксак баҳо бериб, Қўшма декларация­нинг жаҳонда тинчлик ва хавф­сизликни таъминлаш, минтақавий ва халқ­аро ҳамкорликнинг кўпгина долзарб масалалари ечими учун фав­қулодда муҳим эканлигини эътироф этди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, «Шанхай руҳи» — ўзаро ишонч, тенглик, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат руҳидир. Ушбу тамойилларга таяниб фаолият юритаётган ШҲТ халқаро муносабатлар замонавий тизимининг йирик ва нуфузли иштирокчиси сифатида ўз ўрнига эга бўлди. Қолаверса, биргаликда ривожланиш, минтақавий хавфсизлик ва бар­қарорлик соҳасида самарали ҳамкорликнинг ёрқин мисоли сифатида ўзини намоён этди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги муносабатлар ҳақида гап борганда, Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги дўстона алоқаларга алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташрифи чоғида икки мамлакат ўзаро ҳамкорлигининг юксак самаралари таъкидлаб ўтилди, истиқболига катта ишонч билдирилди. Мамлакатимиз Президенти Хитойнинг жаҳон миқёсидаги роли ва салоҳиятига ҳамда стратегик шериклик даражасига кўтарилган Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигига юксак баҳо берди. ХХР Раиси ҳам барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги азалдан давом этаётган ўзаро савдо ва маданий муносабатлар бугун янги босқичга кўтарилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик — сиёсат, иқтисодиёт, савдо ва саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Эътироф этиш керакки, ушбу самарали ҳамкорлик Стратегик шериклик тўғрисида Қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги битим, Стратегик шерикликнинг икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма декларация каби ҳужжатлар асосида изчил ривожланмоқда.

Шунингдек, икки давлат раҳбарларининг дунё миқёсидаги глобал муаммолар, халқаро терроризм, диний экстремизмга қарши кураш, минтақада ҳамда Афғонистонда тинч­лик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига қарашлари ҳам бир хиллиги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айланмаси ҳажми 2015 йилда 4 миллиард долларни ташкил этган бўлса, бу йил мазкур кўрсаткич 5 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестиция ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. Қатор қўшма йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу ҳамкорлик партиямизнинг аҳоли бандлиги барқарор ўсишини таъминлаш борасидаги дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим омил бўлган янги иш ўринлари ташкил этишга, ички истеъмол бозорини маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришга, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмининг ортишига, халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Ишонч билан айтиш керакки, ХХР Раисининг мамлакатимизга мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон — Хитой муносабатларида янги саҳифа очади ва мамлакатларимиз барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси юксалишига янада кенг имконият яратади.

Бутун жаҳонда эътироф этилаётган бугунги ютуқлар халқимизнинг ижтимоий онги, сиёсий маданияти юксалгани, унинг меҳнатга муносабати ўзгаргани, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётганини яна бир тасдиғидир.

Шу билан бирга, парламент фаолиятини ривожлантиришга берилаётган эътибор, унинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича кўрсатилаётган ташаббуслар парламент олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди. Ушбу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимизнинг жаҳондаги тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишига эришишда Олий Мажлис палаталарига берилаётган ваколат ва имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

 

Ҳотамжон КЕТМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.



DB query error.
Please try later.