28.06.2016

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИ —

халқ ишончини оқлашнинг самарали механизми

Партия тизимида фуқаролардан бўлаётган мурожаатлар, электоратни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишнинг қатор усуллари бор. Депутатлик сўрови уларнинг энг самарали воситаларидан бири саналади. Бундай сўров натижасида давлат ҳокимияти бошқаруви органлари фаолияти устидан депутатлик назорати амалга оширилади ва қонунлар ижросига ўзига хос таъсир кўрсатилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар бу борада алоҳида ташаббус кўрсатишмоқда. Мутасадди идора ва ташкилотларга сўров юбориб, унинг ижроси назоратга олинмоқда.

Масалан, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 1570 га яқин депутатлик сўрови амалга оширилди. Таҳлилларга кўра, уларнинг аксарияти коммунал хўжалик, чекка ҳудудлардаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, бандлик, тиббиёт соҳаси, ички йўллар, умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини таъмирлаш билан боғлиқ масалаларни қамраб олган.

Таъкидлаш керакки, депутатлик сўровларининг кўп қисми, яъни 60 фоизи ёки 909 таси фуқаролар мурожаатлари ҳиссасига тўғри келади. 656 таси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, Давлат дастурларининг ижроси устидан олиб борилган назорат-таҳлилга кўра юборилган сўровлардан иборат.

 

Фаррух АБЖАЛОВ, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Ҳар бир масала ортида фуқаролар манфаати туради. Шунинг учун уларни катта ёки кичикка ажратиб бўлмайди. Баъзан фуқаролар бирор масалани ҳал қилиш учун турли идора ва ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилиб, узоқ муддат кутишига тўғри келар эди. Эндиликда депутатларнинг кўмагида одамларнинг оғири енгил бўлмоқда.

Мисол учун, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Бўриқул Жафаров турли ташкилотларга 30 га яқин депутатлик сўрови юборган. Сари­осиё туман давлат санитария-эпидемиология назорати марказига ҳудуддаги 20-умумий ўрта таълим мактабида тоза ичимлик суви муам­мосини ижобий ҳал этишни сўраб, мурожаат қилган. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари туфайли эндиликда мактаб жамоаси ва ўқувчилар барча санитария талабларига жавоб берадиган ичимлик сувидан баҳраманд бўлишмоқда.

Қумқўрғон туманидаги «Боғаро» маҳалласида истиқомат қилувчи Иқбол Бойназарова чорвачиликни ривожлантириш учун кредит олишда ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида вилоят Кенгашига 45-Янги ҳаёт округидан сайланган депутат Чори Жумақулов мутасаддиларга сўров юборган. Натижада фуқарога Микрокредитбанк туман бўлими томонидан сўралган маблағ ажратилди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Асосийси, уларнинг сонида эмас. Сўровларга вақтида жавоб олиниб, электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни ҳал этишга эришилганида. Менимча, ҳар қандай сўров муаммо атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг юборилсагина, кутилган самарани беради. Чунки сўровда масала аниқ ва асосли қўйилган бўлади. Ҳар бир депутат, унга кўмак берадиган партия ташкилоти шунга амал қилса, депутатлик сўровининг таъсир кучи юқори бўлади.

 

Акмал ТУРСУНБОЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Депутат зиммасида сайловчилар манфаатларини ифода этиш вазифаси туради. У бирор-бир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзига хос мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки бу фақат депутат фаоллиги ёки партия ташкилотининг интилишига боғлиқ эмас.

Бугунга келиб, депутатлик сўровларидан фойдаланиш пар­тия­мизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишдаги муҳим механизмига айлангани рост. Лекин сўровларни жўнатишда айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланиб турибди. Шунингдек, депутатларимиз сўровлар юборишда баъзан бир сайловчининг мурожаати билан чекланиб қолмоқда.

Аслида депутатлик сўрови ҳудуддаги кўпчиликни ўйлантираётган масала ёки қонунлар, қарор ва фармонлар ҳамда давлат дастурларининг ижроси юзасидан умумлаштирилган хулосаларга асосланиши мақсадга мувофиқ бўларди. Ана шунда масала ичига чуқур кириб бориш, бир сўров орқали кўпчиликни ўйлантираётган муаммони бартараф қилиш имкони ортади.

Бу масала ўрганилиб, таҳлил қилинганда, депутатлик сўровидан барча жойда ҳам самарали фойдаланилмаётгани маълум бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларидаги пар­тия­миздан сайланган депутатлар ўзларининг қонуний ҳуқуқ ҳамда ваколатларидан унумли фойдаланишмаяпти. Жойлардаги мутасадди идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари депутат сўровига бефарқ қараши оқибатида баъзи камчиликларнинг бартараф этилиши чўзилиб кетмоқда.

Демак, депутатлик сўрови қатъий назоратга олиниши талаб этилади. Депутатлик сўровининг имкониятлари кенг ҳамда бу борада депутатга катта ҳуқуқ, ваколат берилганини доим ёдда сақлаш зарур. Муайян ташкилотга сўров билан мурожаат қилар экан депутат, аввало, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ҳисобга олиб, вазиятни чуқур таҳлил қилиши керак. Кўпнинг манфаатини кўзлаб амалга оширилган ишнинг самараси ҳам катта бўлади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.