28.06.2016

ХАЛҚИМИЗ БУНЁДКОРЛИК САЛОҲИЯТИНИНГ ЯНА БИР ЁРҚИН НАМОЙИШИ

2016 йилнинг 22 июнь куни узунлиги 123,1 километр бўлган ­Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва 19,2 километрлик Қамчиқ туннели муддатидан олдин — 32 ойда қуриб битказилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами шукуҳи билан яшаётган халқимиз, айниқса, «Олтин водий» аҳолиси ушбу улкан бунёдкорлик иншоотининг ишга туширилишини катта мамнунлик билан кутиб олмоқда. ЎзА мухбирлари Фар­ғона, Андижон ва Наманган вилоя­тидан бир гуруҳ юртдошларимизнинг мазкур тарихий воқеа ҳақидаги таассуротлари билан қизиқди.

Ботиржон ТЕМИРОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 1-технологик цехи механиги:

— Ҳар тонг осойишта ва файзли маҳалламиз бўйлаб қадрдон заводимга йўл олар эканман, меҳнатимиз қадр топаётган, манфаатларимиз устуворлиги таъминланаётган шундай озод юртда, саодатли замонда яшаётганимдан қалбим чексиз ифтихорга тўлади.

Мустақиллик йилларида биз илгари тасаввур ҳам қилолмаган, бугун ўзимизга ғурур бағишлаб, ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган юксак марраларга эришаяпмиз. Шубҳасиз, бунинг замирида Мустақиллик деб аталмиш бебаҳо неъмат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, Президентимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат мужассам.

Ўзим ишлайдиган завод фаолиятидан қиёс. Мустақиллик йилларида бу ерда кенг қамровли реконструкция ишлари амалга оширилди: эски технологиялар замонавийсига алмаштирилди. Натижада нефть маҳсулотлари сифати тубдан яхшиланди, тури кўпайди, жаҳон бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди. Бугун дунёнинг 20 дан ортиқ давлатига маҳсулотларимиз экспорт қилинмоқда.

Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели ишга туширилиши барча юртдошларимиз қатори Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ходимларини ҳам ғоят қувонтирди. Боиси, бу заводимизга ҳам мўмай фойда келтиради. Аввало, хомашёни ташиш харажатлари сезиларли даражада камаяди. Ишлаб чиқариш қуввати кескин ошади. Логистика хизмати сарфи арзонлашади, иқтисодиёт тармоқларидаги жозибадорлик ортади.

Ташиш даврида маҳсулотнинг экологик жиҳатдан тозалиги сақланади. Йўқотиш ва сифат ўзгаришларининг олди олинади. Ҳамкасбларимиз билан тушликдан кейин ўтириб, эринмай ҳисоблаб чиқдик. Қаранг, ҳозирги кунда Қамчиқ довонидан транспорт орқали ташишда 1 тонна маҳсулотнинг таннархи 41 долларга тушаяпти. Темир йўлнинг ишга туширилиши корхонамизнинг бу борадаги харажатларини салкам икки баробар камайтиради. Умуман, йилига 18,1 миллион тонна юкни ташиш мумкин. Ташиш муддати икки баробар камайиб, 8 соатни ташкил этади. Транспорт харажатлари 4 баробар қисқаради...

Тожибархон ЙЎЛДОШЕВА, Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Бирлашган» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳибаси:

— Биласиз, 2013 йилнинг апрель ойида Президентимиз халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан таш­қари сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Сессияда мен ҳам қатнашганман.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизнинг барча соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари ва истиқболдаги вазифаларга тўхталиб, бир янгиликка эътборимизни қаратди: Ангрен-Поп йўналишида электрлаштирилган темир йўл қуришни мўлжалламоқдамиз. Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш масаласини эътибордан четда қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Насиб этса, 2016 йилда ана шу темир йўл қуриб битказилиши билан водийга, жумладан, Андижонга поездда бемалол қатнаш имкониятига эга бўламиз, деди ­Президентимиз қатъий ишонч билан.

Ўшанда Президентимизнинг бу гапи наинки Андижон, бутун водий аҳлининг кўнглини кўтарди. Бугун ана шу гапларнинг амалдаги исботи, тарихий воқеанинг гувоҳи бўлганимдан беҳад бахтиёрман.

Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг Фарғона водийси вилоятлари иқтисодиёти, инфратузилмасини юксалтиришдаги аҳамияти жуда катта. Бу йўл Ўзбекистон аслида қандай буюк давлат экани, халқи қандай қудратга, салоҳиятга эга эканини яна бир бор жаҳон ҳамжамиятига намоён этди. Осиё ва Европани боғловчи кўприк, икки минтақа ўртасидаги савдо ва иқтисодий ­алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу ноёб объектни аср қурилишларидан бири десак, асло муболаға бўлмайди.

Ушбу ғоя ижодкори, уни амалга оширишга бош-қош бўлган Президентимизнинг зукколигига, билимдон иқтисодчи, узоқни кўра оладиган доно Йўлбошчи эканига яна бир бор тан бердим.

Шуларни айта туриб, Амир Темур бобомизнинг бир даъвати ёдимга тушди: «Агар куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг». Нақадар теран, маъноли фикр. Шундай эмасми?! Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари замирида Соҳибқироннинг ана шу даъвати мужассам, аждодлар яратувчанлиги авлодлар ишида давом этаётир.

Вонг ЧАО (Хитой), Андижон шаҳридаги «Lemon international» масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси бош директори:

— Тадбиркорман, дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман. Мана, бир неча йилдирки, Ўзбекистонда фаолият юритяпман. Рости, юртингизда тадбиркорлар, айниқса, хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити, қатор имтиёзлар яратилгани бизнинг самарали фаолият юритишимизда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзимиздан қиёс. Андижон шаҳрида Хитой инвестицияси асосида ишга туширилган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «Lemon international» хорижий корхонасида йилига 500 минг дона шим ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли қурилишини аср қурилишларидан бири, дейиш мумкин. Биринчи бор Тошкентдан Андижонга Қамчиқ довони орқали автомобилда келганимда менга ушбу тоғ орқали Фарғона водийсига ўтадиган темир йўл қурилмоқда, дейишганида ишонмаган эдим.

Яқинда телевидение орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин иштирокидаги ушбу йўлнинг очилиши ҳақидаги кўрсатувни кўриб, қойил қолдим. Хитойни Марказий Осиё ва Европа билан боғлайдиган ушбу йўл савдо ва иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади. Бундай ноёб ва улкан қурилишни кўриб, Президентингиз раҳнамолигида Ўзбекистон ўз танлаган тараққиёт йўлидан дадил бораётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Умуман, ўзбек халқидек очиқкўнгил, меҳмондўст, меҳнаткаш ва бағрикенг инсонларни кам учратганман. Айниқса, Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳияти, чет тиллари, хусусан, инглиз тилида равон гаплашиши менда катта таассурот қолдирмоқда. Юртингиздаги тинчлик, осойишталик, тўкинликка ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Ғанижон ОРТИҚОВ, «Нуроний» жам­ғармаси Наманган вилояти бўлими бошлиғи, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳиби:

— Йўл ўтган манзил тараққиёт, юксалиш сари юз буради. Ангрен — Поп электр­лаштирилган темир йўли бўйида ястанган кенг ҳудудларнинг ривожланишида, шу заминда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг ҳаёти янада обод бўлишида бу муҳим коммуникация воситаси алоҳида ўрин тутади.

Аҳолининг узоғи яқин, оғири енгил бўлади. Темир йўл транспорти тизимида, унинг корхона ва ташкилотларида янги иш ўринлари очилади. Янги темир йўл туфайли мазкур ҳудуд аҳолиси фаровонлиги юксалади, буни ҳар бир оила, ҳар бир инсон ўз ҳаёти мисолида яққол ҳис этади.

Баъзан ўйлаб қоламан. Илгари бинокорликда Наманганнинг бировга кўрсатадиган нимаси бор эди? Бирор меҳмон келса, ўзимизни панага олардик — ўламан саттор, бизга келмасин, деб! Дўппи тор келганда кўзимиз билан ер чизиб қолган пайтларимиз ҳам бўлган. Бугун-чи? Наинки Наманган, Ўзбекистонимизнинг жамоли кундан кун очилиб, тўлишиб бораяпти. Энди етти иқлимдан меҳмон келмайдими, юртимизнинг кўрку тароватига қойил қолмаса, ҳалиги чет эллик меҳмонга ўхшаб халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига тан бермаса, мен кафил!

Буларнинг ҳаммаси Президентимиз раҳнамолигида халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар самараси.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.