28.06.2016

МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИГА

Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни — юртимиздаги барча журналистлар, телерадио, нашриёт ва матбаа соҳаси вакилларини 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим, эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.

Сизларнинг бу йилги касб байрамингиз Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги давр — ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ўтаётгани чуқур маъно-мазмунга эга, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Бу ҳақда гапирганда, ҳаётимизни тубдан ўзгартирган, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилиб, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон турмуш ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуришдек беқиёс имконият яратиб берган мустақиллигимизнинг қандай ноёб, олий ва бебаҳо неъмат эканини эл-юртимизнинг онгу тафаккурига сингдиришда, истиқлолимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашда миллий мат­буотимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини барчамиз яхши биламиз ва сизларнинг бу олижаноб хизматингизни юксак қадрлаймиз.

Бу йилги мустақиллик байрамининг бош ғояси сифатида танланган «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган сўзлар замирида қандай теран маъно мужассам эканини сиз, азизлар яхши тушунасиз, албатта.

Бугунги қутлуғ айёмда Ватан учун жон фидо қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билган, миллий матбуотимизга асос солиб, мустабид тузумнинг тазйиқ ва таъқибларига қарамасдан, «Маслак ва мақсадимиз — халқ манфаатига хизмат этмак» деган эзгу ғоя йўлида бутун борлиғини бағишлаган маърифатпарвар боболаримизнинг руҳи покларини, соҳа фахрийларининг номларини ҳурмат-эҳтиром билан эсга олишимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман.

Барчангизга яхши маълум, мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётида тутган ролини, уларнинг фаолияти самарасини янада ошириш, медиа тармоқларининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналист касбининг нуфузини кучайтириш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган сиёсат изчиллик билан олиб борилмоқда.

Давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари мамлакатимизнинг ахборот маконида мутаносиб ривожланиб бори­шига алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг тасдиғини охирги йилларда электрон ва босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджети ҳисобидан кредитлар, ижтимоий буюртма ва давлат грантлари шаклида 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилгани ва бошқа мисолларда яққол кўриш мумкин.

Муҳтарам дўстлар!

Тез суръатлар билан ўзгариб, олдимизга бир-биридан ўткир ва долзарб саволларни қўяётган ҳозирги мураккаб замонда, жаҳон миқёсида бе­шаф­қат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар, информацион хуружлар тобора кучайиб бораётган таҳликали бир вазиятда халқимиз, айниқса, ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратишга қодир инсонлар этиб тарбиялашда, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб, воқеликка дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват этишда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги байрам муносабати билан бўладиган учрашувлар, суҳбат ва мулоқотларда ижодий жамоалар ва умуман, миллий журналистикамиз фаолиятини танқидий сарҳисоб қилиб, янги режалар, Ўзбекис­тон оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар ҳақида фикр юритишимиз табиий, албатта.

Шу борада юксак касб маҳоратига эга жур­­­­на­листлар, таҳлилчи ва шарҳ­ловчиларни, мухтасар айтганда, ўз касбининг ҳақиқий устаси бўлган мутахассисларни тайёрлаш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб турибди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айниқса, журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб бериш, тарақ­қиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳақ­қоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркор.

Бунинг учун аввало замон талабларига жавоб берадиган журналист кадр­ларни тайёрлаш, тегишли олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим стандартлари ва ўқув дас­турларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг савияси ва малакасини ошириш, таълим жараёнига энг илғор педагогик ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича амалга ошираётган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур.

Шулар қаторида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг халқаро ахборот майдонига кириб бориши, дунёда ном қо­зонган нуфузли нашр­лар ва медиакомпаниялар ­билан самарали ижодий алоқалар ўрнатиш, ахборот-коммуникация технология­лари ва хорижий тилларни пухта эгаллаш алоҳида аҳамият касб этади. Бу ҳақда сўз борар экан, ке­йинги йилларда соҳа вакилларининг 700 нафарга яқини чет элларда малака ошириб келганини ижобий баҳолаб, биз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган бу йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарурлигини албатта барчамиз яхши англаймиз.

Бугунги глобаллашув замонида, интернет асрида ахборот учун ҳеч қандай чегара йўқлиги, бу соҳада қандайдир «темир девор» қуриб бўлмаслигини кимгадир тушунтириб, изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Жаҳон ахборот маконидаги бундай мислсиз интеграция жараёнлари бугунги юксак тараққиёт учун беқиёс имкониятлар очиб бераётганини эътироф этган ҳолда, ахборот оқими орқали афсуски, турли буз­ғунчи ғоялар, «оммавий маданият» кўринишлари ҳам ҳаётимизга кириб келаётганини инкор этиб бўлмайди. Улар ёшларимизнинг онги ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётгани, маънавий қад­риятларимизга, авлодлар ўртасидаги ворисийлик анъаналарига беписанд қараш каби ҳолатлар ҳам ён-атрофимизда учраб туриши барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди.

Шу ўринда бир фикрни яна бир бор таъкидлаб айтишга тўғри келади: маънавиятни асраш — инсонни, аввало ёш авлодимизни, келажагимизни асраш демакдир. Шундай экан, бир қарашда кўзга яққол ташланмайдиган бундай хавф-хатарларга қарши курашиш учун ҳаммамиз, аввало, сиз, муҳтарам оммавий ахборот воситалари ходимлари фикрга қарши — фикр, ғояга қарши — ғоя, жаҳолатга қарши — маърифатни қурол қилиб, қатъият билан иш олиб боришимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Қадрли дўстлар!

Бугун биз 25 йил давомида босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлимизга назар ташлар эканмиз, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган, ­халқимиз қалбида акс садо топган даъват аввало доимо ҳаётнинг олдинги сафларида бўлишга интилиб яшайдиган сиз, ҳурматли матбуот аҳлига дахл­дор, десам, янглишмаган бўламан.

Мустақиллик арафасида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимизда қандай оғир ва таҳликали, озгина учқун чиқса, бутун республика ловуллаб ёниб кетадиган ўта хатарли ва қалтис вазият вужудга келганини эсга олайлик. Йигирма миллиондан ортиқ халқимизни боқиш учун омборларимизда бор-йўғи 22 минг тонна ун захираси қолганини, иқтисодий етишмовчилик ва қийинчиликларни, бизни турли фитна ва можаролар гирдобига тортишга қаратилган қўпорувчилик ҳаракатлари, ёвуз мақсадларни кўзлаган террорчилик хуружларини, мухтасар айтганда, халқимизни ўз танлаган йўлидан қайтаришга бўлган ғаразли уринишларни ва бундай машаққатли синовларни фақатгина мардлик ва матонат, сабр-бардош ва фидокорона меҳнат билан енгиб ўтганимизни ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим.

Бошимиздан кечирган мана шундай мураккаб тарих сабоқларини одамларга, аввало ёшларимизга етказиш, уларнинг кўзини ҳақиқатга очиб бериш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир.

Бир сўз билан айтганда, биз ёш авлодимизни бошлаган буюк ишларимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбияламоқчи бўлсак, ҳеч шубҳасиз, қандай оғир, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтганимиз, дунё ҳамжамияти тан олаётган юксак ютуқ ва марраларимиз тарихимиз солномасида ўчмас из қолдириши, халқимизнинг онгу тафаккурида муҳрланиши, миллий ғоямиз, мафкурамиз асосига айланиши шарт.

Бу вазифани биринчи навбатда ким маҳорат билан амалга ошира олади? Албатта, халқ манфаати, Ватан тақдирини қалбидан, юрагидан ўтказиб яшайдиган сиз, ҳурматли журналист аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти бу борада ҳал қилувчи ўрин тутади, деб ишонаман.

Эртанги кун ҳақида, энг муҳим ва устувор вазифаларимиз ҳақида гапирганда, ҳаммамиз яхши тушунамизки, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимо янги-янги муаммо ва талабларни кун тартибига қўяди.

Шу маънода, бугун биз ўз олдимизга қўйган улуғ мақсадлар, хусусан, хал­қимиз ҳаётини янада фаровон ва обод қилиш, ­дунёдаги энг ривожланган, демократик давлатлар қаторига кириш, халқаро майдонда Ўзбекистонимизнинг обрў-эътиборини юксалтириш бўйича 2030 йилга қадар белгилаб ­олган дастурларимизни амалга оширишда биз бутун халқимиз қатори сизларга, сизларнинг истеъдод ва маҳоратингизга тая­намиз.

Азиз дўстлар!

Журналист меҳнатининг нақадар машаққатли ва масъулиятли эканини чуқур англаган инсон сифатида мен, бугунги фурсатдан фойдаланиб, сизларнинг эзгу орзу-интилиш ва ташаббусларингизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканимни, сизларни ўзимнинг энг яқин ёр­дамчим ва маслакдошларим деб билишимни такроран айтмоқчиман.

Сизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, ижодий ютуқлар тилайман.

 

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти



DB query error.
Please try later.