25.06.2016

ПАРТИЯ ХОДИМИНИНГ ОБРЎСИ

ва касбий салоҳияти

– Ҳар қандай сиёсий партия уч асосий устунга таяниб фаолият олиб боради. Булар — бошланғич ташкилотлар, партиядан сайланган депутатлар, партия­нинг ўз электорати билан олиб борадиган таъсирчан тарғибот ишлари, – деди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган ҳудудий бўлинмаси раҳбарининг ўринбосари Нигора Нуралиева. – Сиёсий партия уларнинг кучини бирлаштира олса, яхши натижаларга эришади.

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши томонидан уюштирилган навбатдаги семинар Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил инс­титутининг ҳудудий бўлинмаси мутахассислари иштироки туфайли таҳлил ва таклифларга бой бўлди. Унда партия вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлари ва ёшлар иштирок этди.

Семинарда дастлаб «Партия ходимларининг мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар ҳамда халқаро майдонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириб бориш кўникмасини шакллантириш ва бу борада касбий салоҳиятини ошириш» масаласига эътибор қаратилди. Сўзга чиққанлар воқеа-ҳодисага муносабат билдириш учун аввало ҳаётни изчил кузатиб бориш, дахлдорлик туйғуси билан яшаш зарурлигини таъкидлашди.

Бошланғич ташкилотлар партия фаолиятининг энг асосий ҳал қилувчи бўғинидир. Шу боис Ўзбекистон Халқ демократик партияси қуйи бўғинлар фаолиятини кучайтириш орқали ўз аъзолари сафини мунтазам ўстириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга ҳаракат қиляпти. Вилоят кенгаши масъул ходимлари берган маълумотларга қараганда, партиямизнинг 34 469 нафар аъзоси 748 бошланғич ташкилотга бирлашган.

Семинарда бошланғич ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам фикрлар билдирилди.

Депутатлар билан ишлашда ҳам ЎзХДП Наманган вилоят кенгашининг ўзига хос тажрибаси бор. Айни вақтда партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 3 нафар, вилоят Кенгашида 21 нафар, шаҳар, туман Кенгашларида 132 нафар депутати фаолият юритмоқда.

Ўз партиясидан сайланган депутатларни «безовта» қилиб турмаган, депутат ваколати ва имкониятларидан қандай фойдаланишни билмаган, қонуний ваколатлари доирасида электорат ман­фаатлари учун депутат зиммасига масъулият юкламайдиган партия етакчилари, аппарат ходимлари, БПТ раислари сиёсат майдонида ўз ўрни ва мавқеини йўқотиб бораверади, дейишди семинарда сўзга чиққанлар. Партия ходими билимли ва қатъиятли бўлса, ўз ишини яхши билса, одамлар унга ишонади, унга эргашади.

ЎзХДП тизимида Жамоатчилик қабулхонасининг ташкил этилгани депутатларга электорат муаммоларини ўрганишда катта имконият яратмоқда. Чунки партия электорати вакиллари депутатга аксарият ҳолларда Жамоатчилик қабулхонаси орқали мурожаат қилмоқда.

– Жойларда ҳар бир партиянинг ўзига хос имижи ошиши ва тарафдорлари кўпайишида пар­тия фаоллари ҳамда депутатлар иштирокида ташкил этиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирларининг алоҳида ўрни бор, – дейди вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Олимжон Ҳасанов. – Партия гуруҳи, аъзолари тарғиботчилар, ёш тар­ғиботчилар турли лойиҳалар асосида ўтаётган семинар-тренинг ва ўқув маш­ғулотларида фаол иштирок этишмоқда. Бироқ бугунги кун талабидан келиб чиқиб, ёндашадиган бўлсак, ўтказилган тадбирлар сони ва уларда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг иштирокидан қониқиш ҳосил қилиш қийин. Фикримча, ҳар бир партия кенгаши ўз депутатлари билан амалий ҳамкорлик механизмини қайта кўриб чиқиши зарур.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.