25.06.2016

МУСТАҚИЛЛИК АВВАЛО

қадримиз ва қаддимизни тиклади

«Мустақиллик — энг олий бахт». ЎзХДП Тошкент вилоят ҳамда Қибрай туман кенгашлари ҳамкорлигида ана шу шиор остида ташкил этилган тадбирга бораётиб, бу сўзларнинг маъно-мазмуни ҳақида ўйладим. Кенг, равон кўчалар. Озода ва обод масканлар. Бир-биридан ҳашаматли бинолар. Энг муҳими, одамларнинг юзларидаги мамнуният... Ҳа, мени ҳаяжонга солган жиҳат ҳам айнан озодлик, фаровонлик нашидаси эди.

Қибрай туманидаги маданият саройи биноси остонасида филология фанлари номзоди, доцент ­Раҳмон Қўчқорни учратдик:

Бу гўзалликни қаранг. Қайси томонга боқсангиз, дил яйрайди, — деди у. — Қаерга борсангиз янги иморат қад рост­лаган, замонавий ҳамда миллий меъморчилик асосида қайта бунёд этилган. Мана шундай юксалишларни кўриб, ёшлигимни эсга оламан. Пана-пастқам уйлар, пахса деворлар, зах босган мактаблар. Декабрнинг охирига қадар етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма далада, пахта териб, кўсак чувирдик.

Талабалик вақтида гуруҳ сардори эдим. Бир курсдошимизнинг тоби қочиб қолди. Яқин атрофда на бир машина ва на бир шифохона бор. Бир амаллаб автобусни юргизиб, шифохона деб бўлмайдиган қўрқинчли аҳволдаги бинога дўстимизни олиб бордик. Беҳисоб шукрлар бўлсинки, у кунлар ортда қолди.

Раҳмон Қўчқор айтган бундай фикрлар «Мустақиллик — юртимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлиги, халқимиз бахту саодатининг кафолатидир» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда бошқа иштирокчилар томонидан ҳам айтиб ўтилди.

— Мустақиллик ҳар қандай халқнинг тарихидаги энг катта шонли воқеа, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Миллат шаъни, қадр-қиммати, юрт равнақи, обод­лиги, эл фаровонлиги ана шу улуғ неъмат туфайлидир. Бир фикрни қайта ва қайта таъкидлаш керакки, истиқлол хал­қимизга шунчаки туҳфа тариқасида берилмаган. Ўтган давр­да ҳамюртларимиз қандай оғир қийинчиликлар, муаммо, таҳдид ва синовларни енгиб ўтишига тўғри келганини ҳамиша ёдда сақлашимиз зарур. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, истиқлол ва тараққиёт йўлимиз — бу гуллар билан қопланган йўл эмас, бу тоталитаризм меросидан халос бўлиш ва покланиш, мафкуравийлик иллати етказган зиён-заҳматларни бартараф этишнинг қийин ва узоқ давом этадиган йўли эканини ўтган йиллар давомида кўрдик.

«Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарор биринчи галда кеча билан бугунни таққослашга имкон беради. Эртага қандай марраларни қўлга киритишимиз ҳақида мушоҳадага чорлайди. Унда белгиланган ҳар бир йўналиш каттадан катта ишларни амалга оширишга, ҳар кунимиз, керак бўлса, ҳар онимизга шукр қилиб яшашга ундайди.

— Собиқ тузум даврида иқтисод мафкурага бўйсундирилган, инсон қадри топталган, мамлакат қашшоқлаштирилган эди, — деди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети кафедра мудири Омилхон Исроилов. — Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг илк кунлариданоқ бу ғояни инкор этди. Ерга эгалик, мулкка эгалик тушунчаси шаклланди. Манбалардан маълумки, ўтган асрнинг 90-йилларига келиб, одамлар кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган нон, гўшт, сут, шакар каби маҳсулотлар учун навбат кутиб турадиган аҳволга келиб қолган эди.

Давлатимиз иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Қарорда айтилганидек, юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-ов­қат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақт­да уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, қарорда яна бир қанча рақамлар келтирилган. Мамлакатимиз иқтисодининг ўсиш суръатлари фаровон ҳаётимиздан далолат. Лекин бу натижага ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Президентимизнинг оқилона сиёсати, жасорати, халқимизнинг меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги ҳамда ватанпарварлиги туфайли 25 йил ичида мисли кўрилмаган ўзгаришларга, тараққиётга эришилди.

Бугун ҳамюртларимиз бу ютуқларни қалбан ҳис этиб турибди. Жонли ва ҳаётий мисоллар, аниқ далилларга асосланиб, халқимизга, айниқса, ёшларга истиқлолнинг қадрини чуқур тушунтиришимиз лозим.

Тадбирда яна бир масалага алоҳида эътибор қаратилди. Кеча бизни ҳеч ким танимас эди. Бугун бутун дунё Ўзбекистонни зиёрат қилишга келяпти. Тарихий обидаларимиз бир дунё албатта. Аммо мустақиллик йилларидаги бунёдкорликлар ҳам келган меҳмонларни ҳайратга солмоқда.

— Майлими, мен ҳам гапирсам. Чунки мустақиллик ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ, — деди театр ва кино актёри Ҳамид Тош­пўлатов. — Биз санъат аҳли кўплаб гас­тролларда бўламиз. Ҳар гал айтишдан чарчамайман ва бу асло муболаға эмас. Чет эл сафаридан қайтганимда шу юрт фарзанди эканимдан шукроналик туяман. Ўзбек дастурхони, урф-одатлару одамлардаги меҳр-оқибат ҳеч қаерда йўқ.

Мустақиллик энг аввало ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни, анъаналаримизни, Наврўзу Ҳайитимизни қайтарди. Нафақат тўйлар, балки аза маросимлари ҳам тақиқланган, инсон шаъни топталган кунлар бугунги ёшлар учун эртакка ўхшайди.

Тинчлик учун курашиб яшашга даъват этилган. Чиндан ҳам, тинчлик бўлгани учун кўнглимизга кулгу, қўшиқ сиғади. Уйимизда тўй бўлади. Ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётан бир шароитда энг катта, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч­лик-осойишталикни асраш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Тадбирда истиқлол имкониятлари, неъматлари, халқимизнинг тантилиги ҳаётий мисоллар билан айтиб ўтилди. Ўтмишнинг аччиқ хотираларидан кўзига ёш олганлар бўлди.

Самимий учрашув сўнгида Юртбошимиз қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан таклифлар билдирилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.