25.06.2016

ПРЕЗИДЕНТЛАР УЧРАШУВЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 июнь куни Кўксаройда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн ­Элбегдорж билан учрашувлар ўтказди.

Ислом Каримов Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашувда унинг юртимизга илк ташрифи мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Афғонистон халқларининг тарихи муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш.

Ўзбекистон ҳамиша «Қўшнинг тинч — сен тинч», деган ҳикматга амал қилиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг иқтисодиётини тиклаш тарафдори бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилмоқда. 2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 фоиз ошди.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти самимий учрашув учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Афғонистон мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов билан Қир­ғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев учрашувида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон минтақада тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли бунга яққол мисолдир. Ушбу замонавий транспорт йўлаги мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, минтақада хавф­сизлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Алмазбек Атамбоев самимий учрашув учун давлатимиз раҳбари Ислом Каримовга миннатдорлик билдириб, ШҲТ саммити ўрнак оладиган даражада юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Қирғизистон Ўзбекистон билан яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишини қайд этди.

Ислом Каримов Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн билан мулоқотда унинг юртимизга илк ташрифини мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида муҳим воқеа, деб билишини таъкидлади.

Покистон Ўзбекистонга яқин қўшни, улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлат. Мамлакатларимиз ҳамкорлиги минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Давлатларимиз минтақавий ва халқаро аҳа­миятга молик долзарб масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон ­Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, ташкилотга раислиги даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Бу борада Ҳаракат дастурини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Саммит доирасида ШҲТда аъзо давлат мақомини олиш мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши унинг амалий натижаси бўлди.

Учрашувда ўзаро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Мамнун Ҳусайн ўзбекона меҳмондўстлик ва мазмунли суҳбат учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Покистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбегдорж билан учрашувда унинг мамлакатимизга ташрифи ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга кенг йўл очишини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Мўғулистонда ҳамкорликни ривожлантириш учун имкониятлар кўп. Турли соҳаларни ўрганиш, фойдаланилмаётган ресурсларни ишга солиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатига хизмат қилади.

Учрашувда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Мўғулистон Президенти самимий учрашув учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, ШҲТ саммити юксак савияда ташкил этилганини қайд этди. Мўғулистон мамлакатимиз билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.