23.06.2016

ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ

нуфузи ва таъсир доираси тобора ортиб бормоқда

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, тарих фанлари доктори, профессор

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ўтган 15 йил мобайнида улкан имкониятларга эга бўлган ҳамда халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бораётган нуфузли халқаро тузилмага айланди.

Мазкур ташкилотнинг ғоят қисқа давр ичида мус­таҳкам оёққа туриб олгани, дунёда юз бераётган воқ­еаларга фаол муносабат билдираётгани хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлашга қаратилган қатъий сиёсий йўлига эга эканлигидан далолат беради. Дастлаб ташкилот аъзолари сони олтита эди, айни кунда бу ташкилотга аъзо бўлиш истагидагилар сони икки баробарга ошди.

Агар ШҲТ доирасида қабул қилинган қарорлар аъзо мамлакатлар томонидан тўла маъқулланган тақдирдагина кучга кириши ва бу муносабатлар кўп томонлама келишувлар ор­қали мустаҳкамланишини назарда тутсак, ШҲТнинг катта обрў-эътибор қозонишига сабаб бўлган омилларни англагандек бўламиз. Ташкилот ўз низомида белгиланганидек, айни кунда нафақат хавфсизлик, балки ижтимоий-иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт, коммуникация, сармоя ва гуманитар масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Булар ташкилотнинг очиқлиги, барча манфаатдор давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликка тайёр эканидан далолатдир.

Юртбошимиз Ислом Каримов эътироф этганидек, «ШҲТ, аввало, ўзининг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда минтақада бар­қарорлик ва хавфсизликни сақлашнинг ишончли кафолати сифатида майдонга чиқмоқда, дунё тез ўзгарувчан, нотинч бўлиб турган ҳозирги замонда бу ғоят муҳим аҳамият касб этади. Иккинчидан, бу ижтимоий-сиёсий, соц­иал­-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама самарали ҳамкорликни ташкил этиш борасида қўйилаётган ва бажарилаётган вазифалар, бунинг учун зарур шартномавий-ҳуқуқий асосни шакллантириш ва ҳар бир мамлакат учун аҳамиятли бўлган йирик лойиҳаларни амалга оширишдир. Учинчидан, ШҲТ давлатларнинг тенг ҳуқуқли бирлашмаси бўлиб, унинг фаолияти бош­қа мамлакатларнинг манфаатларига қарши қаратилмаган ва қарама-қаршилик қиладиган блок хусусиятига эга эмаслиги яққол намоён бўлмоқда».

Бундан ташқари, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари «Шанхай жараён»ларини тезлаштириш учун ташкилот ихтиёридаги мавжуд қарорлар, декларациялар ва лойиҳаларни амалга оширишга эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқдалар. Чунки ҳар қандай кўп томонлама тизимлар фаолияти қабул қилинаётган қарорларнинг сўзсиз ва босқичма-бос­қич бажарилиши билангина самара беради. Бу «олтин қоида» ШҲТнинг жипслиги ва уюшқоқлиги учун ўзига хос мезон бўлиб қолиши бежиз такрорланмаётир. Тан олиш керак, Афғонистонда давом этаётган мураккаб вазият туфайли Марказий Осиё хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хатарлар сақланиб қолаётган минтақа бўлиб қолмоқда. 

Мамлакатимиз раҳбари Марказий Осиёдаги вазиятга баҳо берар экан, дун­ё­­да хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда минтақамиз ўз геосиёсий ва геостратегик аҳамияти, бой табиий ре­сурс­лари туфайли жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида қолаётганини таъкидлади. Дар­ҳақиқат, Афғонистонда салкам 40 йилдан буён давом этаётган уруш нафақат минтақамизда, балки бутун дун­ёда тинчлик ва осойишталикка рахна солмоқда. Жаҳон ҳамжамияти барча чора-тадбирларни кўраётганига қарамай, таассуфки, бу ердаги вазият мураккаблигича қолмоқда.

«Бугунги кунда афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслигига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Деярли барча давлатлар, жумладан, аф­ғон муаммосини ечишга жалб қилинган мамлакатлар раҳбарлари, шунингдек, бевосита Афғонистондаги коалиция кучлари ҳарбий қўмондонлиги ҳам бу ҳақда сўз юритмоқда, — деб таъкидлайди Ислом Каримов. — Бизнинг қатъий фикримизга кўра, ўз мамлакатининг муам­моларини афғон халқининг ўзи ҳал этиши керак. Фақат қарама-қарши томонларни муросага келтириш, бу жараёнга афғон­ис­тонликларнинг ўзини жалб қилиш, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти ёрдами билан Афғонистонни социал­-иқтисодий тиклаш ор­қалигина боши берк кўчадан чиқиш йўлини топиш мумкин...»

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғи истиқомат қилаётган ташкилот доирасидаги иккинчи устувор йўналиш бу, шубҳа­сиз, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш масаласидир. Кузатувчиларнинг фикрича, ШҲТ дои­расида иқтисодий ҳамкорликнинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ташкилотнинг Ишбилармонлик кенгаши, Саноатчилар ва ишбилармонлар форуми, Банклар­аро бирлашма каби янги тузилмалари самарали фаолият бошлагани ҳам шундан далолатдир.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Тошкентдаги 2010 йилги учрашувида имзоланган Декларация­сида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболлари, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ошиши, товарлар, сармоялар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланиши учун босқичма-бос­қич, қулай шароит яратишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар мажмуи белгилангани ҳам бугун ўз самарасини бермоқда. ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50 миллиард АҚШ долларидан ўтганлигининг ўзи ҳам ҳамкорлик салоҳияти ҳақида яхши тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Биргина Ўзбекистон товар айланмасининг 45 фоизи ташкилотга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. 

ШҲТни янада муваффақиятли ривожлантириш аъзо давлатларнинг муайян амалий натижаларга эришишига, аввало, бар­қарор тараққиётни таъминлаш ва бутун минтақа мамлакатлари аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Шу боис Ўзбекистон ташкилот маконида миллий ва трансчегаравий аҳамиятга молик автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўли коммуникацияларини барпо этиш ва модернизация қилиш бўйича инвес­тиция дастурларини амалга ошириш, шунингдек, замонавий логистика марказлари ва хаблар яратиш тарафдоридир. Бу ишларнинг амалга оширилиши ШҲТга аъзо давлатларнинг Европа Иттифоқи, Жанубий ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Марказий Осиё цивилизацияси минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб цивилизациялари ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб келган. Табиийки, бунда қадимий ва бой тарихга эга бўлган ўлкамизнинг ўрни алоҳидадир. Эндиликда глобаллашув ва жаҳон ахборот цивилизациясининг шакл­ланиш жараёнида мазкур минтақа учун Ўзбекис­тоннинг боғловчилик омили янада мус­таҳкамланиб бормоқда. Ҳамкорлик қай­си соҳага тегишли бўлишидан қатъи назар, алал-оқибат миллий ё минтақавий, шу билан бирга, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий хавфсизликнинг мустаҳкамланишига олиб келади. Хусусан, Хитойдаги халқаро янгиликлар департаменти директори Вей Синнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиё­сати ҳамда минтақадаги хавф­сизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича изчил саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатнинг халқаро обрў-эътибори йил сайин ортиб бормоқда. Республика нуфузли халқаро тизимлар, жумладан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон ҳозирги пайт­га қадар ташкилотга икки маротаба, яъни 2003 — 2004 ва 2009 — 2010 йиллари раислик қилган. Айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш, турли йўналишлардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги кўпгина муҳим ҳужжат ва қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон раислиги даврида — 2010 йилнинг апрелида муҳим тарихий воқеа рўй берди: БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Тошкентга буюрган ташрифи чоғида БМТ ва ШҲТ котибиятлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Бу қарор долзарб масалаларнинг ҳал этилишида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар учун мустаҳкам замин яратгани ҳолда икки ташкилотнинг расмий ҳамкорлигини бошлаб берди. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиш маросимида БМТ раҳбари Ўзбе­кис­тоннинг ШҲТдаги раислигига юксак баҳо бериб, унинг тинчлик ва хавф­сизликни таъминлаш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг кўпгина долзарб масалалар ечими учун фав­қулодда муҳим эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ҳам диққатга молик воқеа бўлди. Зеро, Битим гиёҳвандлик хавфига қарши курашда кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратди. 2010 йилда эса Жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Албатта, ШҲТ бошқа давлат ва минтақалар манфаатларига қарши қаратилган сиё­сий-ҳарбий иттифоқ бўлмай, у ўз фаолиятида доимо очиқлик тамойилига амал қилади. Шу сабабли Ҳиндистон ва Покистондек икки йирик давлатнинг ШҲТга аъзо бўлиши нафақат минтақада, балки сайёрамиздаги хавфсизликни таъминлашни кучайтиради.

Президентимизнинг 2016 йил 21 январдаги Тошкент шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасидаги бошқа тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда ушбу йирик анжуманни юқори савияда ўтказиш учун изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йирик халқаро анжуман олдидан, жумладан, 2016 йилнинг 8 апрелида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг нав­батдаги йигирма саккизинчи мажлиси, 13-14 апрель кунлари эса Ўзбекистон Республикаси раислигида ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 14 апрель куни ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори билан учрашди. Бундай халқаро миқёсдаги тадбирларнинг давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги кенг нишонланадиган йилда ўтказилаётгани ўзига хос рамзий маънога ҳам эга.

Бу Ўзбекистоннинг нуфузи тобора ошиб бораётгани, минтақада тинчлик ва бар­қарорликни асрашда муҳим ўринга эгалигини билдиради. Бўлажак анжуман давомида ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг 2017-2022 йилларда гиёҳвандликка қарши стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дас­турлари имзоланиши кутилаяпти. Бундан таш­қари, Жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни бажариш бўйича тадбирлар режаси ҳамда ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш режасининг тасдиқланиши ҳам мўлжалланмоқда. Қисқаси, ШҲТ дунёнинг энг нуфузли ва жаҳонда кечаётган жараёнларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга ташкилотига айланди. Шуб­ҳа­сиз, ШҲТ унга аъзо давлатларга дунёнинг турли минтақалари билан иқтисодий ҳамкорлик ва интеграция учун янги истиқболларни очиб беради ва Марказий Осиёда, ўз нав­батида, халқаро миқёсда ҳам хавф­сизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.