Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
23.06.2016

ТАРИХИЙ ДЎСТЛИК ВА ИШОНЧЛИ ШЕРИКЛИК

янги босқичга кўтарилмоқда

Хитой Халқ Республикаси раҳбарининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Президент Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрдилар. Хитой Раиси ва Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзладилар.

 

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тарихдан яхши маълумки, Ўзбекистон ва Хитой халқларининг ўзаро дўстона муносабатлари, ҳамкорлиги замонлар оша мустаҳкамланиб, янгича маъно ва кўлам касб этиб келган. Ишонч билан айтиш керакки, бугун мана шу алоқаларда яна бир янги саҳифа очилди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги нутқини залда бевосита тинглаб, бу ҳақиқатга яна бир бор иқрор бўлдим. Мазкур маърузада таъкидланганидек, Хитой билан Ўзбекистон манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатдор шериклардир. Бугун ана шу фикрлар чин маънода ҳаётда ўз ифодасини топаётганини ўз кўзимиз билан кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида имзоланган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ва бошқа кўплаб муҳим ҳужжатлар ­алоқаларимизнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги кенг кўламли ҳамкорликка асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бунга қуйидаги рақамлар ҳам мисол бўла олади. Жумладан, 2015 йилда ­Хитой билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 4 миллиард АҚШ долларидан ошди. Эътиборли томони шундаки, бу кўрсаткич дипломатик муносабатлар ўрнатилган дастлабки йилга қараганда 70 баробардан кўпроқ ўсди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида халқимизга муносиб туҳфа бўлган Ангрен – Поп темир йўл линия­сининг қуриб битказилишида ҳам хитойлик ҳамкорларимизнинг хизматларини эътироф этиш лозим.

Шу йилнинг февраль ойида Хитой билан Марказий Осиё ўртасидаги транспорт йўлагининг янги бўғини бўлган Ангрен — Поп темир йўл линиясининг Марказий Осиёдаги энг узун туннели қурилиши ниҳоясига етди. Хитой — Қирғизис­тон — Ўзбекистон темир йўл магистралини барпо этилиши иқтисодий ўсишнинг мустаҳкам коммуникацион асоси бўлиб, бу мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлиги ишончли инновацион иқтисодий ўсишга ҳам хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

Сўнги йилларда шина заводи, поливинилхлорид ва сода заводи бўйича ло­йиҳалар биргаликда амалга оширилди, пахтани қайта ишлашга доир ҳамкорлик йўлга қўйилди. Саноат соҳасида қоплама ғишт, смартфон ишлаб чиқариш, терига ишлов бериш ва пойабзал тайёрлаш бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Биргаликда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли лойиҳалар келажакда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, пировардида ҳар икки томоннинг тараққиётига, юксалишига хизмат қилишига ишонаман.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси

— Учрашувда таъкидланганидек, Хитой Халқ Республикаси бугунги кунда мустаҳкам ва барқарор, жадал ривожланиб бораётган иқтисодиёти, улкан табиий ва инсон ресурслари ҳамда асрлар давомида мустаҳкамланиб келаётган илмий-маданий салоҳияти билан нафақат, минтақа балки, дунёнинг энг қудратли мамлакатларидан бирига айланди.

Бундай юксак даражага осонликча эришиб бўлмайди, албатта. Бу ютуқлар мазкур мамлакат томонидан миллий ва халқа­ро миқёсда олиб борилаётган оқилона сиёсат самараси эканини алоҳида эътироф этиш лозим, деб ўйлаймиз. Давлатларимиз орасидаги ўзаро муносабатлар тўғрисида сўз кетганда, минтақа ривожланишининг муҳим қон томири ҳисобланган ва бугунги кунга келиб, тенг ҳуқуқлиликка асосланадиган манфаатли ҳамкорлик туфайли ўз мавқеини қайта тиклаётган Буюк ипак йўлининг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлади.

Бу ҳаётий ҳақиқат ­Хитой Халқ Республикаси ­Раисининг Олий Мажлисдаги нутқида ҳам алоҳида қайд этилди. Айни пайтда Хитойнинг Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналишини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси таҳсинга сазовордир. Бу улуғвор мақсадга эришишдан ҳар иккала давлат ҳам тенг манфаатдордир. Шунингдек, мазкур ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги уфқларини очилишига, истиқболли лойиҳаларни илгари суришга қаратилгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон Осиё ин­фратузилмавий инвестиция банкининг дастлабки таъсисчиларидан бири экани Хитой томонидан юксак қадрланиши қайд этилди.

Дарҳақиқат, икки мамлакат ҳам қадимий тарихга эга. Уларни маданиятлар муштараклиги ҳам ўзаро бирлаштириб туради, янада яқинлаштиради. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги бугунги ҳамкорлик асрлар синовидан ўтган алоқаларни янги босқичга олиб чиқишига ишончимиз комил. Шуни қувонч билан эътироф этиш жоизки, янги босқичдаги ҳамкорлик бошланишига кеча барчамиз яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Маълумки, гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик ҳар доим давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг, муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб келган. Олий Мажлисдаги учрашувда таъкидланганидек, сўнгги йилларда талабалар алмашиш, минтақалараро алоқалар, қўшма археологик экспедициялар ўтказиш, бадиий асарларни ҳар икки тилга ўгириш бўйича қатор ютуқларга эришилди. Марказий Осиё­да биринчи бўлиб Тошкентда очилган Конфуций институтини Хитой билан Ўзбекистон дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 3 мингдан зиёд мутахассис битирди.

Ўзаро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳақида гап борганда, Буюк ипак йўли иқтисодий йўналишини биргаликда шакллантириш зарурлигига эътибор қаратилди. Хусусан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик қаторида нохомашё соҳасидаги ҳамкорликни ҳам кенгайтириш, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар учун янада қулай шароитлар яратиш, маданият, таълим, туризм, археология соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш масаласи ҳар икки томон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ҳамкорлик йўналишлари, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли алоқалар Ўзбекис­тон — ­Хитой дўстлигини янада мустаҳкамлайди, икки мамлакат халқлари ҳаётий манфаатларига хизмат қилади. 



DB query error.
Please try later.