21.06.2016

ХИТОЙ ВА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚЛАРИ

Буюк ипак йўлининг шонли тарихини биргаликда яратган

Мамлакатларимиз ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва бу борада инвестиция сарфлаш учун барча имкониятларга эгадир.

Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик «Буюк ипак йўлининг иқтисодий «белбоғи»ни биргаликда яратиш ва ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик самарасида янги босқичга кўтарилмоқда.

 

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе билан суҳбат:

— Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги бугунги муносабатларни қандай баҳолайсиз?

Буюк ипак йўлида жойлашган икки қадимги давлат – Хитой ва Ўзбекистонни узоқ йиллардан буён дўстона муносабатлар боғлаб туради. 1992 йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик кўлами мунтазам кенгайиб, халқларимизнинг анъанавий дўстлигини янги мазмун-моҳият билан бойитмоқда. 1996 йилнинг июль ойида икки давлат «дўстона муносабатларни ўзаро тенглик ва манфаатдорлик асосида мус­таҳкамлаш», 2005 йилнинг майида эса «ҳар томонлама узоқ муддатли дўстона ҳамкорлик ва шерикликни» ривожлантиришга қарор қилди. 2012 йилнинг июнь ойида Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

2014 йил август ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитой билан Ўзбекистон ўртасида тенглик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган ҳамда умумий хавфсизликни таъминлашга қаратилган стратегик шерикликни ўрнатишга қа­рор қилди. Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг ШҲТ доирасидаги учрашувлари мунтазамлик касб этмоқда. Масалан, 2015 йилда Хитой ва Ўзбекистон раҳбарлари икки марта учрашиб, бир марта телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарларининг мустаҳкам дўстлиги ва самимий муносабатлари Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Айни пайт­да сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар, шунингдек, хавфсизлик соҳаларида ҳам икки томонлама ҳамкорлик борасида салмоқли натижаларга эришилди, БМТ, ШҲТ ва бош­қа халқаро ташкилотлар доирасида Пекин ҳамда Тошкент ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мунтазам кенга­йиб бормоқда.

— Шу кунларда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи кутилмоқда. Сизнингча, Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришда мазкур ташриф қандай аҳамият касб этади?

— Яқин дўст ва ҳамкорлар бўлган Хитой ва Ўзбекистон халқлари Буюк Ипак йўлининг шонли тарихини биргаликда яратган. Бугунги кунда бу икки мамлакат амалий ҳамкорлик асосида гуманитар алоқаларни ривожлантирмоқда ва бу борада «Буюк Ипак йўлининг иқтисодий «белбоғи»ни яратиш имкониятидан фойдаланган ҳолда, Шарқ ва Ғарб ўртасида иқтисодий ҳамкорликка, цивилизацияларнинг ўзаро бойиши ва бутун инсониятнинг ривожланишига кўмаклашиш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хитой —Ўзбекис­тон алоқалари икки томонлама муносабатларнинг мутассил чуқурлашиб бораётгани туфайли янада кенгаймоқда. Ҳар икки мамлакат бугунги кунда давлатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблайди. Бундай фурсат эса келди. Шу боис икки давлат раҳбарлари бу борадаги муҳим қарорларни ўз вақтида қабул қилади, деб ўйлайман. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Саммит доирасида Си Цзиньпин ва Ислом Каримов турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашади. Ишончим комилки, бу галги ташриф Хитой — Ўзбекистон муносабатларини янада кенгайтиришга ҳамда давлатлар­аро дўстлик муносабатлари тарихида янги саҳифа очади.

— Хитой билан Ўзбекис­тон савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида қандай ютуқларга эришмоқда?

Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги амалий савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўзига хос хусусиятларга эга. Мамлакатларимиз табиий ресурслар қазиб олиш ва ишлаб чиқариш соҳасида бир-бирини қўллаб келмоқда. Хитой катта ҳажмда маблағ, юқори даражада ривожланган ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлса, Ўзбекистон табиий ресурсларга, ишчи кучига бой ва шу билан бир қаторда саноатни модернизация қилишдан манфаатдор. Мамлакатларимиз ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва бу борада инвестиция сарфлаш учун барча имкониятларга эгадир. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик «Буюк Ипак йўлининг иқтисодий «белбоғи»ни биргаликда яратиш ва ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик самарасида янги босқичга кўтарилмоқда. Икки томонлама савдо ҳажми мутассил кенгайиб бормоқда. Инвестициялар ва ишлаб чиқариш қувватлари соҳасидаги ҳамкорлик сифати ва даражаси ҳам ўсмоқда. Бу борада энергетика, инфратузилма ва коммуникация тармоқларидаги стратегик лойи­ҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда нефть ва газ қидириш, қувур ўтказиш, транспорт инфратузилмасини қуриш, теле­коммуникация­лар, тўқимачилик, ирригация ва янги энергия манбаларини барпо этиш соҳасида Хитойнинг 600 дан ортиқ корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда Хитой билан Ўзбекистон ўртасида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўналишлари кузатилмоқда. Хусусан, «Жиз­зах» махсус иқтисодий зонаси фаолияти узлуксиз кенгайиб бормоқда, «Ангрен-Поп» темир йўл туннели муваффақиятли қуриб битказилди.

— Савдо-иқтисодий соҳада Хитой билан Ўзбекистон ҳамкорлиги қандай истиқболга эга?

— Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингандан сўнг ўтган 25 йил давомида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8 фоизли ўсиш суръатини сақлаб қолди, ташқи савдо ҳажми ошди ва саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги муваффақиятли модернизация қилинмоқда, иқтисодий тараққиёт натижалари кенг миқёсда эътироф этилмоқда. Бугун Ўзбекистон глобал иқтисодиётнинг пасайишига қарамасдан миллий иқтисодиётни қайта ташкил этишни янада чуқурлаштиришни иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим жиҳати сифатида кўриб чиқмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари маълум даражада Хитойнинг ишлаб чиқариш қувватларини четга чиқариш бўйича саъй-ҳаракатларига мос келади. Бу эса Хитой — Ўзбекистон корхоналарининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратади. Масалан, Ўзбекистонга темир йўл тармоқлари ва локомотивларни модернизация қилишда ҳар томонлама ёрдам берилмоқда ва бу борада икки давлат ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон қуёш энергияси ресурсларига бой мамлакат бўлиб, бу ерда ушбу кўрсаткич 50 миллиард тонна нефтга тенгдир. Ўзбекистон пахта экспортини кенгайтириш, шунингдек, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш учун пахтани шу ернинг ўзида қайта ишлашга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли Хитойнинг тўқимачилик саноати корхоналари Ўзбекистонда ўз бизнесини ривожлантириш имкониятига эга. Ўзбекистон саноат паркларини қуриш, хусусан, «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида саноат паркини барпо этиш лойиҳаларини илгари сурмоқда. Хитой корхоналари мазкур имкониятлардан кенг фойдаланиши мумкин.

Хитой ва Ўзбекистон халқ­лари ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда. «Буюк Ипак йўли иқтисодий «белбоғи»нинг биргаликда барпо этилиши мамлакатларимизнинг прагматик ҳамкорлик қилиши учун кенг имкониятлар яратиб беради. Айни пайтда томонлар инфратузилмани барпо этиш, саноат парклари соҳасида ҳамкорликнинг дастлабки ижобий натижаларига эга бўлди. Томонларнинг фикрича, «Буюк Ипак йўли иқтисодий «белбоғи»нинг биргаликда барпо этилиши икки мамлакат ҳамкорлигининг асосий йўналишига айланиши лозим ва бу икки мамлакат халқлари фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши ҳамда минтақавий ривожланишга кўмаклашиши лозим.

— Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида гуманитар соҳадаги ҳамкорлик қандай амалга оширилмоқда?

— «Буюк ипак йўли иқтисодий «белбоғи»ни биргаликда қуриш икки давлат халқлари тараққиётининг устувор йўналишига айланди. Икки мамлакат ўртасида маданий алоқалар борасида ҳам муайян натижаларга эришилди.

Ўн йил аввал Тошкентда Марказий Осиёдаги дастлабки Конфуций институти ташкил этилди. Яқинда эса шундай иккинчи институт Самар­қандда очилди. Тошкент давлат шарқшунослик институти ва бошқа қатор олий ўқув юрт­ларида хитой тили факультетлари, мактабларда эса хитой тилини ўрганиш синфлари ташкил этилди. Хитой тилини ўрганаётган ўзбекистонликлар «Хитой кўприги» танловида ажойиб ютуқларини намойиш этмоқда. Хитой Марказий миллатлар университети, Шанхай хорижий тиллар университети ва Шимоли-ғарбий миллатлар университетида эса ўзбек тили ўқитилмоқда. Хитой томонидан Ўзбекистонда ташкил этилаётган «Чуньзе байрамини нишонлаш», «Хитой киноси кунлари» ва бош­қа тадбирлар кенг оммалашган. Синьцзян, Хэнан ва Гуансидан гуруҳларнинг чиқишлари ўзбекистонлик томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида юқори технологиялар ва археология соҳасидаги муносабатлар бар­қарор ривожланиб, икки мамлакатнинг гуманитар соҳадаги ҳамкорлигининг асосига айланди. Синьцзянь қишлоқ хўжалиги университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети Хитой — Ўзбекистон таълим марказини ташкил қилди. Бундан таш­қари, «Хуавэй» компанияси Тошкент ахборот технология­лари университети кўмагида ахборот ва тармоқ технологиялари факультетини ташкил этди. Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси Ўзбекис­тонда доривор препаратлар тадқиқот марказини, шунинг­дек, кўплаб илғор лабораторияларни ташкил қилди ва Ўзбекистон билан қўшма тад­қиқотларни амалга ошириш борасида салмоқли ютуқларга эришилди.

Хитой Халқ Республикаси билан биргаликда археологик тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Археология бўлими ва Хитой Шимоли-ғарбий университетининг икки гуруҳ археологлари айни пайтда Андижон вилоятидаги Мингтепа қалъа­сида, шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудида қадимги халқ­лар меросини ўрганиш мақсадида қазилма ишларини олиб бормоқда.

— ШҲТнинг ривожланиши ва истиқболларини қандай баҳолайсиз?

— ШҲТ ташкил этилганидан буён ўтган 15 йилда барча соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди, халқ­аро ташкилотнинг янги модели шакллантирилди. Халқ­аро ҳамкорликнинг ривожлантиришга қодир ва бу ҳамкорликнинг механизмларидан бири бўлган ШҲТ яқин қўшничилик, дўстлик, самарали шериклик, очиқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик намунасига айланди. ШҲТ таъсири мутассил кенгайиб бормоқда, ташкилот олти аъзо давлат, олти кузатувчи мамлакат ва мулоқот бўйича олти давлатдан иборат «катта оила»га айланди. БМТ, МДҲ, АСЕАН ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга кўмаклашувчи фаол кучга айланди. Ўтган йили Уфада ШҲТ саммитидан сўнг аъзо давлатлар 2025 йилгача бўлган даврда ШҲТни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишга киришди, ШҲТнинг экстремизмга қарши конвенцияси, Наркожиноятчиликка қарши стратегиясини тайёрлашни фаоллаштирди, савдо ҳамда инвестицияларни соддалаштириш чораларини муҳокама этди, ташкилотни янада ривожлантиришнинг мустаҳкам асосларини ишлаб чиқди. ШҲТга раислик қилаётган Ўзбекистон Тошкент саммитини муваффақиятли ўтказиш учун кўплаб самарали ишларни амалга оширди. Саммитда ташкилотни янада ривожлантиришнинг муҳим режаси ишлаб чиқилади. Хитой ШҲТ доирасида барча мамлакатлар билан кўп томонлама ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади ва улар билан биргаликда ташкилотнинг Тошкент саммити самарали ўтиши учун ҳаракат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Муҳаммаджон ОБИДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.