16.06.2016

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ АҲОЛИГА ЕТКАЗИШНИНГ

замонавий технологияларини қўллаш – давр талаби

«Миллий тикланиш» газетасининг 2016 йил 15 июнь сонидаги «Қонун лойиҳаси такомиллаштиришни талаб этмоқда» сарлавҳали мақолада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзолари ЎзХДП фракцияси депутатлари иштирокида тайёрланган лойиҳага ўз танқидий муносабатларини билдиришган.

Маълумки, ушбу лойиҳага мувофиқ, www.lex.uz сайтида жойлашган «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси»ни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинишининг расмий манбаси сифатида белгилаш таклиф этилмоқда.

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзоларининг фикрича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни босма нашрларда чоп этмасдан туриб, «Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси»да эълон қилишга йўл қўймаслик даркор. Шунингдек, қонуннинг кучга кириш муддатини ҳам 12 ойдан 6 ойга қисқартириш лозим деган таклиф билдирилган.

Ушбу позицияга ўз муносабатимизни билдирар эканмиз, қуйидагиларни таъкидлашни ўринли деб ҳисоблаймиз.

Аввало, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шарти эканлиги тўғрисидаги кафолат Республикамиз Конституцияси ҳамда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунида белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга асосан расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Бугунги кунда, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашрларда эълон қилиш орқали аҳоли эътиборига етказиб бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, қабул қилинаётган қонунлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами» ва «Халқ сўзи» газетасида доимий эълон қилиниб борилмоқда.

Бироқ бу ишларни етарли, деб бўлмайди. Чунки ушбу нашрларнинг адади аҳоли талабини тўла қоплай олмайди. Масалан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси» ҳар ойда 672 нусхада чоп этилаётган бўлса, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами» — 4 850 нусхада, «Халқ сўзи» газетаси эса бугунги кунда 113 800 дан ортиқ нусхада босилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳоли эътиборига етказишда расмий электрон-ҳуқуқий тизимлардан, бунда, айниқса, ҳозирда ривожланиб бораётган Интернет тармоғидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш долзарб масала бўлиб, ўзига хос ислоҳотни талаб қилади.

Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Италия, Жанубий Корея, Финляндия, Россия каби мамлакатларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни босма ва электрон кўринишларда расмий эълон қилиниши тенг юридик кучга эга. Бельгия, Дания, Австрия, Нидерландия, Испания, Португалияда эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақатгина электрон манбаларда расмий эълон қилинади.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси республикамиз ҳудуди бўйича аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, давлат ташкилотлари орасида ҳуқуқий ахборотни тарқатувчи энг самарали механизм вазифасини ўтамоқда.

Адлия вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан фойдаланувчилар сони 300 мингдан иборат бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилда 4 миллионга етди. Мазкур тизимдан фойдаланувчилар сони бир кунда ўртача 12 мингни ташкил этмоқда.

Давлатимиз томонидан компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш дас­турларининг муваффақиятли амалга оширилаётганлиги натижасида мамлакатимизнинг нафақат вилоят марказлари, балки энг олис туман ва қишлоқлари аҳолиси ҳам Интернет орқали Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан фойдаланмоқда. Эндиликда улар янги қабул қилинаётган қонунлар, Президентимизнинг фармон, қарор ва фар­мойиш­ларидан, Ҳукуматимизнинг қарорларидан ҳамда бошқа ҳужжатлардан, аниқроқ қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларидан on-line режимида ўз вақтида хабардор бўлишмоқда.

Шунга кўра, депутатлар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матни эълон қилинадиган расмий манба мақомини беришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомининг берилиши қатор қонун ости ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ташкилий-техник тадбирларни, хусусан, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расмий эълон қилишнинг тегишли техник талабларини ишлаб чиқиш, ушбу талаблар асосида тизимнинг дастурий таъминотини модернизация қилиш, ахборот хавфсизлиги талабларини қайта кўриб чиқиш ва уни янада кучайтириш, лицензияланган дастурий воситаларни олиш, ўрнатиш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун муайян вақт талаб этади.

Шу боис лойиҳада қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 12 ой ўтгач, кучга кириши белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомини берилиши келажакда расмий эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнидаги хатолик ва камчиликларга йўл қўйилиши эҳтимоли борлигини инкор этиб бўлмайди.

Қайд этиш жоизки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилинганида ҳам, уларнинг матнида хато ва камчиликларга йўл қўйилиш ҳоллари учрайди ва ушбу расмий нашрнинг кейинги сонида унга тузатишлар берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилиниши тизимнинг алоҳида модулида амалга оширилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган томонидан тақдим этилган матн аслича (Умумий бўлим муҳри қўйилган ҳолда), фақат электрон расм кўринишида, эълон қилинган сана кўрсатилган ҳолда жойлаштирилади.

Агарда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида хатолик ёки камчилик билан расмий эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш оқибатида фойдаланувчига зарар етказилса, етказилган зарар ўрнини қоплаш фуқаролик қонунчилигида белгиланган тартибда айбдор томонидан қопланади.

Бундан ташқари, расмий эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнидаги ноаниқликлар, у расмий эълон қилинган манбаларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига ҳал этилади.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, замонавий ахборот технологияларини ҳаётга жорий этиш платформаси ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунлари қабул қилинишида фаол иштирок этган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет тармоғи орқали нафақат марказий шаҳарлар, балки республикамизнинг энг олис туман ва қишлоқлари аҳолисини ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий матни билан танишиб бориши имкониятига тўсқинлик қилиши, биз учун, албатта, тушунарсиз ҳолатдир.

 

Шуҳрат МАМАДЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: