16.06.2016

МУСТАҚИЛЛИК — ЭНГ КАТТА БАХТ, ОЛИЙ САОДАТ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида ўтказилган семи­нарда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари иштироки бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

— Партиямиз ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик бирлашмалари халқимиз учун энг улуғ, энг азиз байрамни кўтаринки руҳда ўтказишда ҳар жиҳатдан муносиб иштирок этиши зарур, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов. — Бунда Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли — «ўзбек модели»нинг мамлакатимиз учун ҳал қилувчи бир пайтда энг тўғри, энг оқилона йўл сифатида танлангани, ўтган йиллар давомида бу йўл юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир оила, бутун жамиятимиз ҳаётида синовдан ўтиб, амалда ўзини оқлагани аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот ишлари, жонли суҳбатларнинг асосий йўналиши бўлиши лозим.

Зеро, бунинг амалий исботини мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётганида, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошгани ҳам кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларимизнинг амалий самарасидир.

Президентимиз қарорининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратадиган бўл­сак, унда энг аввало, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳамюртларимизга чуқур тушунтириш ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсади мужассам эканлигини кўрамиз.

«Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган бош ғояга бу гўзаллик ва бетакрорлик қанча меҳнат ва машаққат эвазига келганлиги, Ўзбекистон барчамиз учун чин маънодаги муқаддас ватанга, жонни фидо қилишга муносиб жаннатмакон юртга айланганлиги нуқтаи назардан қарасак, бу — ҳар биримизнинг, бутун халқимизнинг қалбидаги хоҳиш-истакнинг ифодаси бўлди, десак тўғри бўлади.

Шунингдек, қарорда таш­­килий-амалий, маънавий маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот ташвиқот ишлари дастурининг йўналишлари белгилаб берилар экан, бунда ислоҳотларнинг фақатгина мазмунини тушунтириш эмас, балки туб моҳияти ва халқимиз ҳаётидаги аҳамиятини кенг маънода очиб беришга алоҳида эътибор қаратилган. Демак, зиммамизда шунчаки тарғибот эмас, ислоҳотларимизнинг самарасини чуқур таҳлиллар, аниқ ва ҳаётий мисоллар асосида кенг жамоатчиликка етказиш вазифаси турибди.

Тарғибот тадбирларида имкон қадар электорат вакилларининг кенг қатламларини қамраб олиш, уларга, айниқса, мустақиллик йилларида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ниҳоят­да муҳим масаладир.

Шунингдек, юртимизда байрам тантаналари арафасида фойдаланишга топшириладиган ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектларнинг очилиш маросимларида депутатлар ва фаолларимизнинг иштирок этиши ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорликларга ўз муносабатини фаол билдириши бугунги муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, аҳоли орасида олиб борадиган тарғибот ишларимизда, айниқса, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни ёрқин ва ҳаётий мисоллар орқали кенг очиб беришимиз лозим бўлади.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мустақилликнинг илк кунларида — иқтисодий қийинчиликлар энг авжига чиққан бир пайтда «Кучли ижтимоий ҳимоя» сиёсати аҳолининг кам таъминланган табақаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, кўп болали ва кам даромадли оилаларга моддий мадад бўлганлигини, уларнинг келажакка ишончи мустаҳкамланганлигини барчамиз яхши биламиз.

Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш билан боғлиқ сиёсат изчил давом эттирилгани боис, давлат бюджетининг социал соҳаларга йўналтирилган харажатлари йил сайин ошиб борди. Биргина 2015 йилда ушбу рақам 60 фоиздан ортгани бу борадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Булар электоратимиз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш каби эзгу ишларга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил этмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир.

Жамиятимиз ҳаётини бутунлай ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларимизнинг самарали амалга оширилишида бунинг аҳамияти беқиёс.

Аҳоли орасида олиб борадиган тарғибот ишларимизда ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни ана шундай ёрқин ва ҳаётий мисоллар орқали очиб беришимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳридаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Президентимиз қарорида 1990 йилда юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда эса уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётгани алоҳида таъкидланган.

Дарҳақиқат, бу мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумот учун шуни таъкидлашни истардимки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақт­да дунёда 840 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланмаяпти, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик муаммосини бошидан кечирмоқда. Содда қилиб айтганда, дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ўсишидан ортда қолмоқда.

Ана шундай бир вазиятда Ўзбекистон 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 давлатдан бири сифатида эътироф этилди.

Шундай экан, аҳоли орасидаги мулоқотларимизда, халқи­мизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида олиб борилаётган ишлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини тушунтиришимиз керак. Шунингдек, мустақилликдан олдин тиббиёт муассасалари қандай аҳволда бўлганини бугунги имкониятлар билан қиёслаб, хулосалар айтилса, ўйлайманки, тарғибот ишларимиз таъсирчанроқ бўлади.

Нодира ҒАФУРОВА, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши Ёшлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича сектор мудири:

Президентимиз қарорида эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш, янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш авлод масаласига ҳам алоҳида урғу берилган.

Бунинг замирида биз, ёш­ларга бўлган катта ишонч ва эътибор мужассамлашганини яна бир бор чуқур ҳис этдик. Демакки, биз, ёшлар ана шу ишончга лойиқ бўлишимиз, билимли, фидойи, ватанпарвар йигит-қизлар ҳисобига партиямиз сафини кенгайтиришга эътибор қаратишимиз талаб этилади.

Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишлар, яратилаётган имтиёзлар, бошқача айтганда, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва меҳр замирида биз, ёшларни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар бўлиб вояга етишимиздек, улуғ мақсад ётибди.

Бунинг натижасида бугун қайси соҳани олманг, ғайратли, шижоатли, истеъдодли ёшлар тобора кўпайиб бормоқда. Айниқса, бошқарув соҳаси, сиёсий майдондан ёшлар мустаҳкам ўрин олаётгани сир эмас.

Буларнинг барчаси — мустақиллигимизнинг янада мустаҳкамланишига, Бош мақсадимиз бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига киришга асос бўладиган муҳим мезонлардир.

Биз, мустақиллик тенгдошлари халқ тили билан айтганда, «тўқчилик» замонида яшамоқдамиз. Бироқ бу тўкин-сочинлик айрим ёшларда боқимандалик, лоқайдлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида тадбирларда кечаги ва бугунги ҳаётни таққослаб, мисоллар келтириш, уларда тинчлик ва осойишталик, фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтириш лозим.

Психолог ва ёшлар иштирокида суҳбатлар ташкил этиш орқали уларнинг яширин қобилиятларини рўёбга чиқаришга қаратилган акциялар, тадбирларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Тадбирда, шунингдек, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбе­к­ис­тана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов Президентимиз қарорида таъкидланганидек, истиқлолнинг халқимиз тақдиридаги тарихий аҳамиятини кенг очиб бериш, бунда мустабидлик давридаги ҳуқуқсизликларни, бошимизга солинган кулфатларни мустақиллик берган имкониятлар билан таққослаб, хулосалар чиқариш лозимлигини таъкидлади. Айниқса, ўзимиз гувоҳи бўлган воқеалар орқали, масалан, қишлоғимиз, туманимиз, шаҳарларимизнинг кечаги аҳволи, бугунги қиёфаси мисолида кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни ёшларга чуқурроқ англатиш зарурлигига эътибор қаратди.

«Нуроний» жамғармаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Муҳаммаджон Зуфаров Тошкент шаҳрининг истиқлолдан олдинги йиллардаги ҳолати, шаҳар аҳолисининг кечирган машаққатли кунлари, ҳудудни газлаштириш, ичимлик суви билан таъминлаш масалаларидаги қийинчиликлар ҳақида тўхталди. Шахсан Юртбошимиз Эски шаҳар аҳолисининг оғир турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратгани, айниқса, мустақиллик йилларида Эски шаҳарда беқиёс бунёдкорликлар амалга оширилганини мисоллар асосида гапириб берди. Пойтахтимиз миқёсида бажарилган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари эса асрларга татигулик эканини қайд этди.

Тадбир сўнгида энг улуғ, энг азиз байрамни муносиб кутиб олиш, истиқлолнинг ҳаётимиздаги ўрнини изчил тарғиб этишда барча даражадаги партия ташкилотларининг вазифалари юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Президент Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва маъқул­ланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.