Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
14.06.2016

ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ

жамиятда тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

Салкам ўн беш йил аввал Ўзбекистон парламенти халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлган «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни қабул қилганди. Ушбу қонун асосида одил судловни амалга оширишнинг шаклларидан бири сифатида ярашув инс­титути жорий этилди ва у Жиноят кодексининг 661-моддасида ўз ифодасини топди. Ўтган йиллар тажрибаси мазкур қонун ўз вақтида қабул қилинганини кўрсатди.

Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, 2001 йили ярашув институти 1100 нафардан зиёд, 2015 йили 14459 нафар, умуман олганда, ўтган давр мобайнида 177492 нафар кишига нисбатан қўлланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу рақамлар ортида қанча-қанча инсонларнинг тақдири ётганини ҳисоб-китоб қилиб кўраверинг. Улар жиноий жавобгарликка тортилганда нима бўларди, уларнинг ва оила аъзоларининг кейинги ҳаёти қандай кечарди?.. Мавриди келганда ушбу ислоҳотлар замирида одамларимизни рози қилиш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадлар мужассам эканини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Ўтган йиллар давомида ярашув институтини қўллашни кенгайтириш бўйича жуда кўп ишлар қилинди. Буни қу­йидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди: ҳозир 60 жиноят таркиби бўйича ярашув инс­титутини қўллаш имконияти мавжуд. 2001 йили бундай жиноятлар сони 26 та эди. Шулар ҳақида фикр-мулоҳаза юрита туриб, мазкур йўналишдаги чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Ўтган йилларда ярашув институтини қўллаш доирасини кенгайтириш мақсадида қатор қонунлар қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди ярашув инс­титутини қўллаган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган йили 67­ жиноят­ иши бўйича 77 нафар шахс ярашгани учун жиноий жа­­вобгарликдан озод этилган. Улар транспорт ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузганликда, безориликда, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганликда, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганликда, қасддан баданга енгил шикаст етказганликда, ўғирликда, фирибгарликда, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлашда айбланган эди. Давлатимизнинг инсонпарвар қонунлари асосида улар суд залидан озод қилинган.

Яхшиси, мисолларга тўх­талсак. Баъзида айрим сабабларга кўра, қўни-қўшнилар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқади. Бу кўпроқ аёлларда кузатилади. Тўғри, эртаси куни гина-кудуратлар унутилиб, яна ҳаммаси изига тушиб кетади. Лекин ғишт қолипдан кўчиб, жиноят иши қўзғатилган бўлади. Чирчиқ шаҳрида яшовчи қўшнилар Наима Қодирова ва Динора Тўраева (исм-фамилия­лар ўзгартирилган) ўртасида ҳам ихтилоф чиқади. Жаҳл отига минган ­Наима Динорани ҳақорат қилиб, енгил жароҳат етказади. ­Динора қисқа муддат касалхонада даволаниб чиқади. Халқимизда: «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши», деган ҳикмат борлигини эслаган ­Наима қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, Динорадан ­кечирим сўрайди, унга етказган моддий ва маънавий зарарни тўлайди. Қисқаси, томонлар ярашиб олишади. Юқоридагиларни инобатга олиб, суд ­Наимага нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатди.

Тошкентлик Жамол Зиёмуҳаммедов кунларнинг бирида юмушлари билан ўз автомобилида Чирчиққа йўл олади. Режалаштирилган ишларини битиргач, уйга қайтаётган пайтда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузади. Вояга етмаган ­Абдурашид Жабборовни уриб юборади. Хайрият, Абдурашиднинг жароҳати ҳаётига хавф соладиган даражада эмас экан. Суд Жамол етказилган моддий-маънавий зарарни қоплаганини, жабрланувчидан кечирим сўраганини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жабрланувчининг қонуний вакили унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирганини, у билан ярашганини ҳисобга олиб, юритилаётган жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш тўғрисида ажрим чиқарди.

Умуман олганда, ярашув ҳар икки томон учун ҳам фойдали, айниқса, жабрланувчи учун. Чунки жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўла қопланади. Ярашув жамиятда тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтганда, ярашув институти жорий этилиши билан адашиб ёки билиб-билмай жиноят содир этганларни тўғри йўлга солиш, кечириш, имкониятлари кенгайди.

 

Шавкат САТТОРОВ,

жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди судьяси.



DB query error.
Please try later.