14.06.2016

ЁШ СИЁСАТЧИЛАР

сиёсий ва ҳуқуқий билимларини намойиш этишди

Қарши. «Ёшлар маркази» саройи одамлар билан гавжум. Мен партиямиз фаоллари, ёшлар билан суҳбатлашаман.

— «Ёш сиёсатчи» танловида иштирок этган ёшлар орасидан етакчилар, депутатлар етишиб чиқди, — дейди ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари ­шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Рашид Муртозаев. Қарши шаҳар вакили даст­лабки синовлардан яхши ўтди, энди омадини берсин. Бу гал ёшлар ҳар йилгидан ҳам фаолроқ. Ғолиб чиқиш осон, деб ўйлайсизми?

ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги пар­тия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов кўрик-танлов иштирокчиларига омад тилаб, тадбирни очиқ деб эълон қилди.

Танловнинг олдинги йиллардан фарқи шу бўлдики, биринчи кун тақдим этилган лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди. Чироқчи тумани вакили Сардор Ҳамроев транспорт коллежи ўқитувчиси, автомобиль йўллари бўйича муҳандис экан. Бугун иқтисодий тараққиёт йўлидан бораётган туманда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашга катта эътибор берилмоқда. Шу туфайли Сардор коллежларда соҳа мутахассислари тайёрлашнинг амалий самарасини асослаб берди. Косон тумани вакили Шалола Боймуродова «Ҳўл меваларни қуритиш ва қадоқлаш» масаласида анча изланибди. Тоғли Деҳқонобод тумани вакили Ўрайхол Қўлдошева касаначилик орқали янги иш ўринлари яратиш юзасидан ҳаётий таклифларни ўртага ташлади. Касби тумани вакили ­Нигора Юнусова томорқада маҳсулот етиштириш борасида ўз мулоҳазаларини билдирди. Маълум бўлишича, Нигора 1 миллион сўм кредит олиб, 2 сотих ерда бодринг етиштирибди, қарзни узиб, даромад ҳам олибди. Менимча, яхши ибрат. Қарши шаҳар вакили Азиза Қўзибоеванинг «Виртуал парламент» лойиҳаси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Лойиҳада мураккаб масалалар содда, ишончли баён қилинган. Мақсад — ёшлар ўртасида қонунларни тар­ғиб қилиш.

Ҳар қандай мусобақанинг баҳс­ли ва ҳал қилувчи нуқталари бўлади, албатта. Бу сафар ҳам ушбу талаб аниқ кўзга ташланди. Танловнинг иккинчи — савол-жавоблар қисмида билим ва тайёргарлик очиқ имтиҳондан ўтди. Консти­туция­миз, қонунлар, ЎзХДП дастури, Низоми ва бошқа мавзулардаги саволлар у қадар мураккаб эмас эди. Масалан, «Кимлар сиёсий партия аъзоси бўла олади?», «Депутат этикасини қандай тушунасиз?», «ЎзХДП аъзолигини тўхтатиш шартлари қандай?», «Истеъмолчи қандай ҳуқуқларга эга?» ва бошқа масалалар, албатта, пухта тайёргарликни талаб қиларди. Очиқ айтиш керак, айрим туман вакиллари баъзи саволларга жавоб бера олмади. Аммо ҳаракат қилса, бўларкан. Чироқчи тумани вакили Сардор Ҳамроевнинг жавоблари менга ёқди. Қобилиятлилар олдинга ўтиб олишди. Қарши шаҳар вакили Азиза Қўзибоева, ­Косон тумани вакили Шалола Бой­муродова, Китоб тумани вакили ­Исломжон Собиржоновнинг жавоблари бу шартда юқори баҳоланди.

Сўнгги шартда иштирокчилар нотиқлик санъатини намойиш этишди. Ҳали саволларга қийналиб жавоб берган иштирокчилар ҳам бу шартда жонланиб қолишди. Айримлари танланган мавзулар бўйича бурро, ишонарли, кўпчиликни жалб этадиган нутқлар сўзлашди. Ғузор тумани вакили Достон Эшқувватов «Ким эдигу ким бўлдик?» мавзусини тўла очиб берди. Деҳқонобод вакили Ўрайхол Қўлдошеванинг ­Ватанга муҳаббат, унинг тараққиётига ҳисса қўшишга даъват этувчи сўзлари юракларни тўлқинлантирди. Миришкор тумани вакили ­Алишер ­Баратов миллий парламентимизнинг шаклланиш босқичлари ҳа­қида аниқ рақам ва маълумотлар келтирган ҳолда шундай нутқ сўзладики, ҳайъатнинг юқори баҳосига сазовор бўлди.

Ҳар қандай танловнинг ­якунидан бировнинг кўнгли тўлиб, кимдир қониқмаслиги мумкин. Менимча, бу сафар баҳолар адолатли эди. Учинчи ўринни Чироқчи тумани вакили Сардор Ҳамроев, иккинчи ўринни Косон тумани вакили Шалола Боймуродова эгаллади. Энг кўп балл тўплаган Азиза ­Қўзибоева биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика бос­қичига йўлланма олди.

Шу ўринда ғолиб ҳақида икки оғиз фикр. Азиза Қўзибоева анча кун бурун партиямиздаги аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга бағишланган семинарда эътиборни тортган, амалий маш­ғулот давомида жўяли фикрларни ўртага ташлаган эди. Азиза Қарши шаҳридаги қурилиш коллежида аъло баҳолар билан ўқиб, жамоат ишларида фаол қатнашмоқда. ­Истеъдоди шаклланиб, шеърлари чоп этиляпти. Азизанинг танлов давомида ўқиб берган шеър­лари кўпчиликка манзур бўлди.

— Бугунги кўрикда қатнашганларнинг бари эл-юрт равнақи йўлида ёниб яшайдиган ёшлардир, — дейди ҳайъат аъзоси, Республика маънавият тарғибот маркази Қарши шаҳар бўлими раҳбари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Зарнигор Аҳмедова. — Улар орасида Азиза ғолибликка жуда муносиб.

Аслида кўпчиликнинг баҳоси ҳам шундай эди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.