14.06.2016

ЎЗБЕКИСТОН МОЛИЯ ВА БАНК ТИЗИМИ

ТАРИХИНИНГ БИЗГА МАЪЛУМ ВА НОМАЪЛУМ БЎЛГАН ЖИҲАТЛАРИ ҲАҚИДА

Мустақиллик йилларида нисбатан қисқа даврда жаҳоннинг энг илғор андозаларига мос келадиган, ҳар қандай ташқи ва ички бўҳронларга бардош бера оладиган, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига кириши учун мустаҳкам асос вазифасини ўтайдиган замонавий молия ва банк тизими яратилди.

Бироқ бунга эришиш осон бўлмади, мамлакат раҳбарияти ва мутахассисларимиз қанчалик оғир вазиятда меҳнат қилиб, бири биридан мураккаб синовлардан ўтганини кўпчилик билмаслиги мумкин. Буни чуқурроқ ҳис этиш, англаш учун яқин ўтмишдаги воқеа-ҳодисаларни эслашга тўғри келади.

Ўзбекистон том маънодаги мустамлака мамлакат эди. Аҳвол шу даражага бориб етгандики, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаб ўтганидек, ўзбек халқи яратган бойлик тўлалигича собиқ марказ ихтиёрида бўлиб, унинг кичик бир қисми юртимизга қайтариб бериларди. Лекин бу гўёки Иттифоқ ҳукуматининг ўзини ўзи боқишга қодир бўлмаган Ўзбекистонга «ёрдами» сифатида кўрсатиларди. Аслида бу гап халқимизни камситиш, «биз сизларни боқа­япмиз, бизсиз кунингиз ўтмайди», деган даъвони илгари суриш эди. Бу мутлақо асоссиз даъво экани мус­тақилликка эришганимиздан сўнг, қисқа муддатда исботланди.

Ўзбекистон 1994 йилдаёқ собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатлар билан ташқи савдода ижобий қолдиққа эришди. Соддароқ қилиб айтганда, биз билан иқтисодий ҳамкор давлатларга кўпроқ маҳсулот бериб, улардан камроқ олдик. Мустақилликкача юртимиздан олиб кетилаётган бойликларнинг ҳисоб-китоблари москвалик мутахассислар томонидан юритиларди. Биз етказиб бераётган пахта, олтин ва бошқа хом­ашё маҳсулотлари қанчага сотилаётгани, қанча даромад кўрилаётганини мутлақо билмасдик.

Шу боис 1989-1991 йилларда Ўзбекис­тон Давлат бюджети даромадининг ўртача 30-40 фоизи собиқ Иттифоқ бюджетидан бизга қайтиб бериладиган субвенциядан (содда тилда айтганда, ўзини ўзи боқа олмайдиган республикага молиявий ёрдамдан) иборат эди. Ҳақиқатда эса, Ўзбекистонни «боқиманда» республикалар қаторига киритишга ҳеч қандай иқтисодий асос йўқ эди.

Бунга биргина мисол келтириш кифоя. 1988 йилдаги ҳисоб-китоб­ларга кўра, Ўзбекистондан олиб кетилган бир йиллик пахта толасидан 25 миллиард рубль даромад олинган, яъни бу бизга «субвен­ция»га берилган 2,5 миллиард рублдан 10 баравар кўп эди. Эътибор беринг: пахта толаси биздан собиқ марказга ташиб кетилган бойликлардан бири эди, холос! Ўша даврда юртимиздан олиб кетилаётган ер усти, ер ости бойликлар эса жуда-жуда кўп эди!

1991 бюджет йилида Ўзбекистон учун янада оғир молиявий аҳвол юзага келди. Иттифоқ ҳукумати билан муросасиз кураш йўлига ўтган Ельцин бошлиқ Рос­сия Федерацияси раҳбарияти СССР дав­лат бюджетига Россия ҳудудидан йиғиб олинадиган маблағларнинг тушишини барча қонун-қоидаларга зид равишда мутлақо тўхтатди. Ҳокимият учун курашнинг бу усули моҳиятини собиқ Иттифоқ раҳбарияти ўз вақтида тушуниб етмади. Мазкур ҳолат СССР бюджетидан Ўзбекистонга қайтиши мўлжалланган субвенция ҳажмининг олдинроқ қисқара бошлашига, кейин эса бутунлай тўхташига олиб келди. Ўзбе­кистон давлат бюджети тақдирнинг бундай кутилмаган зарбасига тайёр эмас эди, шу сабаб унинг иқтисодиёти бутунлай издан чиқиб кетиш хавфи остида қолди.

Айтиш мумкинки, ўша оғир шароитда иқтисодий мустақил давлат сифатида Ўзбе­кистон ҳам дунёнинг кўп мамлакатлари каби ташқи молиявий ёрдамсиз яшаб кета олмаслиги керак эди. Лекин бундай бўлмади, яшаб кетди.

Қисқа муддатда бир-биридан мураккаб қатор, яъни 80 фоиз дони четдан олиб келинадиган мамлакат халқини озиқ-овқат билан таъминлаш, қарам иқтисодиётни мустақил давлат иқтисодиётига айлантириш ва бозор муносабатларини шакллантириш каби вазифаларни ҳал этиш жараёнида халқимизга хос ва мос эволюцион йўлнинг танланиши, энг асосий стратегик ва тактик масалаларнинг оқилона ечимини топа олиш, айрим давлатларга ўхшаб, эски тузумдан қолган барча нарсаларни бузиб ташлаб, кейин унинг вайроналари устида янги бино қуриш йўлидан кетмаслик, яъни янги уй қурмай туриб, эскисини бузмаслик, халқимизнинг ўз раҳбариятига бўл­ган чексиз ишончи, оддий халқнинг фидокорона меҳнати каби омиллардан қидириш тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлади.

Бир вақтнинг ўзида мустақил Ўзбекистоннинг мустақил молия, банк ва солиқ тизимига асос солиш режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш объектив заруриятга айланган мураккаб бир шароитга тўғри келганини ва бу вазифа республика раҳбариятининг узоқни ўйлаб нозик иқтисодий сиёсат юргизиш асосида амалга оширилганини ҳам қайд этиб ўтиш керак.

Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида, яъни йўл танлашда биз, энг аввало, халқимизнинг урф-одатлари, серфарзанд оилалар кўплиги, асосан оталар меҳнат қилиши ҳисобга олиниб, «фалаж қилиб даволаш» («шоковая терапия») усулидан фойдаланмасликка қарор қилдик.

Мустақил давлатчилик талаблари асосида ва янги қонунчилик негизида молия, солиқ ва банк тизими соҳаларининг бошқарув органлари бутунлай қайтадан барпо этилди. Масалан, Молия вазирлиги тизими тубдан қайта ташкил этилган бўлса, Давлат солиқ қўмитаси бутун­лай янгидан барпо қилинди. СССР Давлат банкининг Ўзбекистон филиали неги­зида Ўзбекистон Республикаси мустақил Марказий банки, СССР давлат ихтисослаштирилган тармоқ банклари Ўзбекис­тон филиаллари асосида пайчиликка асосланган тижорат банклари тузилди. Аралаш мулк ва хусусий мулкчиликка асосланган ўнлаб янги тижорат банклари ташкил этилди.

Ўзбекистон жаҳон молия-кредит сиёсатини белгиловчи энг нуфузли халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб киришга ­муваффақ бўлди.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирлар натижасида 1991-1992 йиллар мобайнида мустақил давлатга хос бўлган молия, солиқ ва банк тизимлари шакллана бошлади. Ўз даромадларимиздан оқилона фойдаланиш эвазига, харажатларимизни қийинчиликлар билан бўлса-да, ўзимиз қоплай бошладик. Сал юқорироқда таъкидлаб ўтганимиздек, бу даврга келиб, Президентимиз томонидан мамлакатимизда бозор иқтисодиётини барпо этишнинг асосий стратегик масалалари, унинг тамойиллари ишлаб чиқилди.

Бахтга қарши, тақдир эндигина мустақил нафас ола бошлаган Ўзбекистон учун яна бир зарба тайёрлаб қўйган экан. Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари 1992 йил ок­т­ябрда «Ягона рубль зона»сини ташкил этиш ва рублдан умумий фойдаланиш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Кейинроқ Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари, Марказий банк­лари пул тизимларини бирлаштириш ҳақидаги икки томонлама шарт­номани тузишди. Биз вақтинча шундай йўл тутишга мажбур эдик. 1993 йил намунасидаги янги рубллар Ўзбекистон ҳудудига жўнатила бошланди.

Шу ўринда кутилмаган ҳодиса юз берди. Давлатлараро шартномалар имзоланиб, уни ижро этиш бошлангандан кейин, яъни янги рубль солинган самолётлар Тошкентга етиб келиб, пул Ўзбекистон Республикаси Марказий банки омборига жойлаб бўлинган, қолган қисми кутилаётган пайтда собиқ Марказ томонидан ҳеч қандай асоссиз равишда тўхтатилди.

Бу воқеалардан сал олдинроқ, яъни 1993 йилнинг 10 майида Қирғизистон тўсатдан ўз миллий валютаси — «сом»ни муомалага киритди. «Тўсатдан» деганимнинг боиси шундаки, Ҳамдўстлик давлатларидан бирортаси ўз миллий пул бирлигига ўтишга қарор қилса, бу ҳақда бош­қа аъзоларни уч ой олдин расман огоҳлантириш шартлиги ҳақида махсус давлатлараро битим бор эди. Мазкур битимга унинг иштирокчи давлатлари раҳбарлари бир мар­та, А. Акаев эса икки марта имзо чекканди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, шу битим имзоланаётган мажлисда Қирғизистон Президенти раислик қилган ва мажлис раиси сифатида иккинчи имзони қўйганди.

Қирғизистонда рубль ўрнига сом­нинг муомалага киритилиши устига Россия Федерацияси раҳбариятидаги айрим кимсалар, айниқса, ўша пайтдаги молия вазири Б. Фёдоров каби шахсларнинг қаршилиги туфайли кечагина имзоланган шартномалар қоғозда қолиб кетди. Натижада 1993 йил кузига келиб, ягона рубль зонаси яратиш ғояси чиппакка чиқди.

Таассуфлар бўлсинким, бу ўйинлар бизга жуда қимматга тушди. Наинки бизга, бу ҳодиса қолган барча дав­латлар иқтисодиётига катта зарар етказди, иқтисодий ислоҳотлар самарасини сезиларли даражада пасайтириб юборди, унинг илк натижаларини йўққа чиқарди. Энг ёмони эса шундаки, СССР парчалангандан кейинги даврда Ўзбекистонда эн­дигина шаклланиб кела бошлаган мо­лия ва пул муомаласи тизимини қайтадан жар ёқасига ­келтириб қўйди. Мамлакат иқтисодий ҳаёти ўз маромида давом этиши учун зарур воситалардан бири бўлмиш пул тизими ва пул бирлигисиз қолди. Тасаввур қилиб кўринг-а: мустақил давлат бор, лекин унинг пули йўқ!

Юз берган фавқулодда вазиятда зудлик билан Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 ноябрда имзоланган «Ўзбекистон Рес­публикаси ҳудудида параллел тўлов воситаси сифатида «Сўм-купонлар»ни муома­лага киритиш тўғрисида»ги қарори асоси­да 15 ноябрдан бошлаб, биз учун ўта номақбул шароитда сўм-купонларни муомалага ки­ритишга мажбур бўлдик. Яхшиямки, узоқни кўра оладиган ва давлатлараро шарт­номаларни бажаришдаги «ўйин»ларни яхши билган Юртбошимиз ҳар эҳтимолга қарши сўм-купонларни тайёрлатиб қўйган экан. Уларнинг 1, 3, 5 ва 10 сўмликлари Англияда чоп этилган эди.

Инглизларнинг пул фабрикаси хўжайинлари «сўм-купонлар»нинг асосий қисмини ҳам ўзида босиб чиқариш ва бундан мўмай фойда кўриш умидида ўтирган бир паллада, 25, 50, 100 сўмликдан 10 минг сўмликкача бўлган сўм-купонларни ўз пул фабрикамизда босиб чиқара бошлаганимиз жаҳоннинг шу соҳадаги нуфузли ташкилот ва мутахассисларини ҳайратга солди. Чунки пул босиш тарихида шу пайтга қадар, ҳеч қайси давлат бундай тезкорлик билан ўз пулини ўз фабрикасида мустақил ишлаб чиқара олмаган экан!

Пул белгиларини ишлаб чиқариш ғоятда мураккаб, нозик ақлий меҳнат ва юқори салоҳият талаб этадиган жараён бўлиб, унга эришиш юксак техник ва технологик тайёргарлик бўлишини тақозо қилади. Ўта қисқа фурсат ичида, яъни 1993 йилдаёқ замонавий техника ва технология асосида пул, бошқа қимматли қоғоз ва танга ишлаб чиқара оладиган «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмасининг қурилиб, ишга туширилганлиги ноёб иқтисодий ҳодиса ҳисобланади.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиб қўяйлик, ўзининг «пул фабрикаси»га эга бўлишга ҳар қандай давлат ва давлат раҳбарининг журъати етмайди. Бунинг учун давлат иқтисодий салоҳияти даражасининг ўзигина етарли эмас. Мустақил «пул фабрикаси»га эга бўлиш тўғрисидаги тегишли қарорга келиш учун давлат раҳбаридан сиёсий жасорат ҳам талаб қилинади. 1993 йилда дунёнинг бор-йўғи 8 мамлакатида ана шундай «пул фабрикаси» мавжуд бўлиб, Ўзбекистон бу борада салоҳиятли давлатлар рўйхатига кира олди.

«Ягона рубль зона»си ғояси барбод бўлганлиги билан боғлиқ кўплаб салбий оқибатларни бартараф этишни сўм-купонлар ўз устига олди ва ўта қисқа муддат ичида Ўзбекистон ўзининг тўлақонли пул бирлиги — сўмни 1994 йил 1 июлдан муомалага киритиш учун зарур иқтисодий шароит ярата олди. Миллий валютамизнинг муомалага киритилиши мамлакатимизда мустақил иқтисодиётни барпо этиш тарихида янги босқични бошлаб берди.

Шу даврда юртимизда мустақил молия асосларини яратиш жараёнига нохуш таъсир кўрсатган воқеа­лардан яна бири аҳолининг собиқ СССР жамғарма банки тизимида сақланаётган омонатлари масаласига тегишли бўлди (ўша пайтда бу муассаса халқ тилида эски номи билан «Омонат кассалари» деб аталар эди). Маълумки, СССР даврида аҳоли жамғармалари билан ишлайдиган мазкур банк битта бўлиб, унинг тизгини тўлалигича Марказ ихтиёрида эди. Қолган республикаларда унинг филиаллари фаолият кўрсатар ва барча йиғилган маблағ аниқ кўрсатма билан ишлатилар эди.

1991 йил охирида эса бизга ҳар бир собиқ иттифоқдош республика ўз ҳудудида узоқ муддат давомида йиғилган, лекин Москва тасарруф қилган аҳоли жамғармалари бўйича ўзи жавоб берсин, деб таклиф беришди. Узоқ тортишув ва жанжаллар самарасиз тугади, Собиқ марказ ўзи еб тугатган жамғармаларни эгасига қайтариб беришдан воз кечди.

Бу масала 1991-1995 йиллар давомида ҳавода муаллақ ҳолда турди. Ниҳоят, 1995 йил кузида Юртбошимиз мамлакатимиз молия тизимига, айниқса, давлат бюджетига қанчалик оғир юк бўлиб тушмасин, собиқ СССР ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси аҳолиси олдидаги қарз мажбуриятини ўз елкамизга олганлигимизни эълон қилди.

Биз банк тизимини шакллантириш жараёнида ҳам стихияли бозор муносабатларидан фойдаланмадик. Эндигина мустақилликка эришган Ҳамдўстлик давлатларининг ўша даврдаги ўта оғир молиявий шароитини кўриб, уларга «ёрдам» бермоқчи бўлган давлатлар, халқаро молия ва кредит ташкилотлари кўп бўлди.

Ўз қаддини ўзи ростлаётган Ўзбекистонга ҳам бу масалада ёрдам бериш ниятида бўлганлар оз эмасди. Бироқ уларнинг ҳаммасининг ҳам ниятларини холис, деб бўлмасди. Бу нарсани ўз вақтида тўғри англаб олган ва тўғри хулоса чиқарган давлат раҳбаригина ўз халқининг келажагини ўзгалар қўлига топширмаслик йўлини танлайди.

Тўғри, ривожланган мамлакатларда давлат ташқи қарзи миқдори юқори бўлиши оддий ҳол ҳисобланади. Лекин бир пайтнинг ўзида қарзи катта давлатдан бошқа давлатлар ҳам қарздор бўлиши мумкин. Ёш, мустақил давлатлар эса асосан бошқа давлатлардан қарз олишади. Негаки, ривожланаётган давлатларнинг аксарияти бошқа давлатга қарз беришга ёки инвестиция киритишга ҳали қодир бўлмайди. Шу боис ривожланаётган давлат ташқи қарзининг кўпайиб кетиши унинг молиявий ҳолатини кескин ёмонлаштиради. Чунки давлат олинган қарзни фоизи билан қайтариш учун янада кўпроқ харажат қилишга мажбур бўлади.

Хориждан «беғараз» ёрдамни роса олган ва олаётган, Ватани ҳамда халқини, ҳатто келажак авлодни қарз ботқоғига ботириб қўйган раҳбарлар буни билишмади ёки билишни исташмади. Хал­қининг келажагини эмас, фақат президент­лик курсисини ўйлаган раҳбарлар бошқарган мамлакатларда ташқи давлат қарзи уларнинг ЯИМ миқдоридан ошиб кетаяпти...

Ўзбекистон эса мустақилликка эришгандан бошлаб жаҳонда ташқи давлат қарзи даражаси энг кам давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олди. Ташқи давлат қарзи мамлакатимиз ЯИМнинг асосан 7-12 фоизи атрофида (жуда оғир йиллардагина у сал ошиши мумкин) муқим ушлаб турилди. Жон бошига ҳисоблаганда эса бу кўрсаткич жуда ҳам кам — 100-150 АҚШ долларига тўғри келади!

Зеро, ҳар қандай шарт билан таш­қаридан ёрдам олиш бизнинг миллий табиатимизга мос келмайди. Давлатлараро ёки халқаро учрашувларда Ўзбекистон Президентининг бу соҳадаги позицияси ҳаммани лол қолдирар эди! Чунки у киши ҳеч қачон ҳеч кимдан ёрдам сўрамаган, балки ҳаммага биз билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлар сифатида ишлашни таклиф этарди. Биз билан ҳамкорликка киришмоқчи бўлган давлат ва ташкилотлар халқаро майдонга ғурури ­баланд Раҳбар бош бўлган, ғурури баланд Миллат яшайдиган, ғурури баланд Юрт мулоқотга чиққанлигини тезда тушуниб етди.

Парвардигор бизнинг юртимизга фаровон яшаш учун ҳамма зарур шарт-шароитни ато этган: табиий бойликлар, сахий замин, серқуёш осмон, энг муҳими, меҳнаткаш халқ ва халқнинг ишончига сазовор бўлган раҳбариятни. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб келган юртда эса бахт­ли келажак бўлмаслиги мумкин эмас.

Босиб ўтилган йўлимиздан кўриниб турибдики, тақдир бизни етарли даражада синаб кўрди. Аммо бу синовлар халқимиз қаддини бука олмади, аксинча, бизни чиниқтирди, ўзимизга бўлган ишончни мустаҳкамлади, буюк келажак сари қадамимизни тезлаштирди. Ўзбекистоннинг имкониятларини, ҳам иқтисодий, ҳам интеллектуал салоҳиятини дунё тан олди. Бугунга келиб, мамлакатимиз банк тизими барқарор фаолият юритаётгани нуфузли халқ­аро рейтинг ташкилотлари томонидан эътироф этиб борилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси 2015 йилдаги миссияси ҳам юртимиз банк тизими барқарорлик, изчил капиталлашув ва юқори ликвидлик даражасини сақлаб қолаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Жаҳон иқтисодий форумининг рейтинг натижаларига кўра, дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 давлат қаторидан жой олгани, БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети ўтказган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган «Бутунжаҳон индекси»да 158 мамлакат ўртасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса 1-ўринни эгаллагани фикримизнинг далилидир. Бу ютуқларга Юртбошимиз томонидан узоқни кўзлаб, кутилган ва кутилмаган синовларни ҳисобга олиб юритилган оқилона сиёсат ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати ҳисобига эришилди. Бундан кейин Ўзбекистоннинг тараққиёт жараёни янада тезлашади, халқимиз турмуши бундан-да юксалади де­йишга асос ҳам, ишонч ҳам етарли.

 

Одил ОЛИМЖОНОВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.