14.06.2016

МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИНИ МУНОСИБ НИШОНЛАШ

ҳам бурч, ҳам масъулиятдир

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёр­гарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ва ундан келиб чиқадиган вазифалар ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида атрофлича таҳлил қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, фракция раҳбари Ҳотамжон Кетмонов мустақиллик байрамига муносиб тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, бу жараёнда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига эътибор қаратди.

Қайд этилдики, мустақиллик бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқини берди, адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, шунингдек, миллий давлатчилигимизни ривожлантиришга имконият яратди. Айнан истиқлол йилларида мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими яратилди. Унинг ҳуқуқий асослари мус­таҳкамланди.

Мустақиллик йилларида икки палатали парламентга асос солинди. Умуман олганда, мамлакатимиз ҳаётининг бирор-бир жаб­ҳаси йўқки, унда мустақиллик шукуҳи сезилмаса, жамиятимизнинг бирор-бир аъзоси йўқки, унинг ҳаёти, орзу-умидларида мус­тақиллик акс этмаган бўлса. Шу боис мустақиллик байрамини муносиб нишонлаш ҳам бурч, ҳам масъулиятдир, деди фракция раҳбари.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамия­тини аҳолига етказишда фракция аъзолари фаол иштирок этиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Очиқ ва самимий руҳдаги учрашувларни кўпайтириш, унда, айниқса, одамлар билан фикр алмашиш, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни аниқ мисоллар билан аҳолига тушунтириш кераклиги уқтириб ўтилди.

Аксавли Тумишова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мустабид тузум йилларида оналарнинг кўпчилиги ўғлини олис ўлкаларга ҳарбий хизматга кузатиб, зор-зор йиғларди. Чунки у замонларда ҳарбий хизматга кетганлар орасида соғ-омон қайтмаганлари ҳам бор эди.

Ҳақиқатан ҳам, биз эски мустабид тузум, унинг асоратлари ва мафкурасидан бутунлай воз кечиб, тобелик ва қарамлик даврига барҳам бериб, бугун ўзининг куч-қудрати ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, халқининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя­лашга қодир бўлган давлат барпо этдик. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ, албатта. Бу ютуқлар замирида қанча меҳнат, жасорат, энг муҳими, одил ва узоқни кўзланган сиё­сат мужассамлашган.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорини ўқир эканман, хаёлимдан ана шу ўйлар бирин-кетин ўта бошлади.

Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, жаҳон саҳнида зиддиятларнинг кучайиши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши жаҳон жамоатчилигида катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Биз, депутатлар мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги, юртимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига, ҳарбийларимизнинг хорижий мамлакатлардаги жанговар операцияларда қатнашишига йўл қўйилмаслиги қонун йўли билан мустаҳкамланганини кенг жамоатчиликка етказишимиз зарур.

Саттор Раҳматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

 — Собиқ тузум даврини, айниқса, 80-йилларда бўлган воқеаларни яхши эслайман. Ўша пайтларда бемор одамни даволаш у ёқда турсин, тўғри ташхис қўйиш ҳам катта муаммо эди. Бугун қайси тиббиёт масканига борманг, у ерда замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари ўрнатилгани, малакали шифокорлар халқимизга хизмат қилаётганини кўрасиз. Бугун чекка ҳудудлардаги барча шароитларга эга қиш­лоқ врачлик пунктлари мустақилликдан олдин туман ва шаҳар марказидаги шифохонага овора-ю сарсон бў­либ қатнаган қишлоқ одамларининг жонига оро кирмоқда.

Умуман олганда, мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз қарорида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Тизимда кўлами кенг ислоҳотлар олиб борилди ва скрининг марказлари, вилоят кўптармоқли болалар шифохоналари, шунингдек, ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт муассасалари жаҳон андозалари даражасида қу­рилди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш ва уларни самарали даволаш им­конини бермоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур масалалар пар­тиямиз дастурий мақсадларига бевосита ҳамоҳанг­дир. Пар­тиямиз Сайловолди дастурида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланган. Шу нуқтаи назардан қараганда, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни изчил ва тизимли амалга оширишда фаол қатнашиш, бу борада қўлга киритилаётган ютуқларни одамлар орасида кенг тушунтиришимиз керак, деб ўйлайман.

Зулайҳо Акромова, Олий Мажлис Қонун­чилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловчилар билан учрашувларда бир нарсага кўп гувоҳ бўламан. Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгарган, ҳуқуқий саводхонлиги ҳам баланд. Уларнинг онги, қараши кечагидан тубдан фарқ қилади. Энг муҳими, одамларимиз мамлакатимиз эришаётган улкан ютуқлар, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси ҳақида фахр билан гапиради.

Қарорда келтирилганидек, олдин тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омилини авваламбор тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтишда одамларимиз, бутун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида кўриш мумкин.

Ҳақиқатан ҳам, истиқлол туфайли одамларимизнинг тафаккури ўзгарди, юксалди. Бугунги инсонлар ўз мустақил фикрига эга, оқ билан қорани ажратиб оладиган, ким нима деса, эргашиб ­кетавермайдиган одамлардир. Бу эса биз қўлга киритган энг катта ютуқ, деб ҳисоблайман.

Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси бугун ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда. Сайлов округларида олиб бораётган фаолиятимизда, сайловчилар билан учрашувларда мустақиллик берган ана шундай катта ютуқлар, беқиёс янгиланишлар тўғрисида кўпроқ суҳбат қуришимиз лозим. Истиқлолнинг қадри ва аҳамияти ҳақида ёшларимиз билан учрашувлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади, менимча.

Йиғилишда Президентимиз қарорининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, жойларда тарғибот ишларини кучайтириш бўйича тавсиялар берилди, чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.