11.06.2016

ЯПОНЛАРГА ЎЗБЕК ТИЛИНИ ЎРГАТЯПМАН,

дейди Токио чет тиллар университети магистранти Фахриддин Эргашев

— 1991 йил 7 августда Тошкент шаҳрида туғилганман, — дейди у. — Оилада олти кишимиз. Отам, онам, укам, икки нафар синглим. Отам ­Нуриддин Сайдуллаев хусусий тадбиркор, онам Маликахон Сайдуллаева 203-умумтаълим мактабида рус тили ва адабиёти ўқитувчиси. Укам Бахтиёр Тошкент давлат юридик университети талабаси, синглим ҳамшира. 2010 йилда Тошкент давлат шарқ­шунослик институтига япон тили мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинганман ва 2014 йилда бу даргоҳни тамомладим.

— Японияда ўқиш имконияти қандай пайдо бўлди?

— 4-курсда ўқиётган вақтимда магистратура дастури учун Япония фан, таълим, маданият вазирлиги томонидан танлов эълон қилинди. Танловдан муваффақиятли ўтиб, 2014 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Япония­да грант асосида таълим олмоқдаман.

Таълим олаётган университетингиз ва йўналишингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Японияда мен таълим олаётган ўқув даргоҳи Токио чет тиллар университети деб номланади. Университетлар рейтингида биринчи бешталикка киради. 1873 йилда ташкил топган. Ҳозирда бакалавр, магистратура, докторантура йўналишларида 5000 га яқин талаба таҳсил олмоқда. Мен халқаро тил ва жамият факультетида халқаро муносабатлар йўналишида таълим олмоқдаман.

Японияда талаба ўз устида ишлашига катта эътибор қаратилади. Дарс қизиқишига кўра талабалар томонидан танланади. Магистратурани битириш учун 15 дан ортиқ фандан баҳо олиш керак бўлади. Дарслар инглиз ва япон тилларида олиб борилади. Ҳар бир талабанинг инс­титут интернет дастурида ўз профили бўлиб, дарсларни танлаш, уй вазифаларини бажариш каби ишларнинг ҳаммаси электрон тарзда амалга оширилади. Бакалавр йўналишидаги талабалар дарсдан бўш вақтларида институт миқёсидаги турли тўгаракларга қатнашадилар. Тўгараклар ҳам жуда кўп: санъат, мусиқа, спорт, чой маросими. Унда деярли барча талабалар иштирок этишади.

Мен дарсдан бўш вақтларимда спорт билан шуғулланаман. Шунингдек, Япония — Ўзбекистон жамиятида японларга ўзбек тилини ўргатаман. Ҳозирда 40 нафарга яқин турли ёшдаги японлар ўзбек тилини катта иштиёқ билан ўрганишмоқда.

Япон халқига қандай таъриф берасиз?

— Японлар жуда меҳнатсевар халқ. Арзимасдек туюлган ишни ҳам катта иштиёқ билан бажаради. Уларда масъулият ҳисси жуда кучли, ваъда берса, албатта амалга оширади. Мени ҳайрон қолдирган жиҳат шуки, бу давлатда техника воситаларидан тасаввур қилганимдан ҳам кўпроқ фойдаланишар экан. Ҳар қадамда замонавий техникалар билан жиҳозланган юртда яшаётганлигингизни ҳис қиласиз.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги «Япон мўъжизаси» мени доим ҳайратга солиб келади. Деярли вайрон бўлган давлатнинг жуда қисқа фурсат ичида дунёнинг иккинчи рақамли иқтисоди тараққий этган давлатига айлангани таҳсинга сазовор. Япония ҳақида кўп эшитганим, ўқиганим учун япон тилини ўргандим. Мен яқиндан таниган япон профессори доим бир гапни айтади: «Ўзбеклар меҳнатсеварликда японларни ҳам ортда қолдиради. Ўзбекларнинг салоҳияти жуда юқори. Агар шундай ривожланишда давом этадиган бўлса, яқин йилларда дунёнинг барқарор иқтисодига эга давлатига айланади». Бундай фикрлар менга фахр-ифтихор бағишлайди, янада тинимсиз меҳнат қилишга, олдинга интилишга ундайди.

— Апрель ойида Япониядан хуш хабар келди. Сиз Япония таш­қи ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган нотиқлик танловида ғолиб бўлдингиз. Шу танлов ҳақида гапириб берсангиз.

— Хориж элчихоналари ходимлари ва чет элликлар ўртасида ўн тўққизинчи бор ўтказилган япон тилида нотиқлик санъати танловида қатнашиб, биринчи ўринни ҳамда Япония ташқи ишлар вазирлигининг махсус совринини қўлга киритдим. Ушбу тадбир японлар ва чет элликлар ўртасида жуда машҳур ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Япония телевидениеси ва машҳур газеталарида кенг ёритилди. Тадбирда 22 давлатдан 24 нафар иштирокчи қатнашди. Бундай танловда биринчи марта Ўзбекистон вакили сифатида ғолиб бўлганим менга жуда катта фахр бағишлайди.

Келажакдаги режаларингиз ҳақида...

— Келажакдаги режаларим ўқишни тугатиб, Ўзбекистонга қайтиш. Болалигимдан дипломат бўлишни орзу қиламан. Шунинг учун ҳам немис, инг­лиз, япон тили каби чет тилларини қунт билан ўрганишга интилдим. Келажакда Ўзбекистоннинг дунёнинг бошқа давлатлари билан дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб боришига озгина бўлса-да ҳисса қўша олсам, ўзимни бахтиёр ҳисоблайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.