11.06.2016

ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТ –

мамлакат иқтисодий куч-қудрати мезони

«ИҚТИСОДИЁТ САБОҚЛАРИ»НИНГ БУГУНГИ МАШҒУЛОТИНИ ИҚТИСОДЧИ АКРОМ МЎМИНОВ ОЛИБ БОРАДИ.

Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) — мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини ифодаловчи асосий макроиқтисодий кўрсаткич ҳисобланади. У муайян даврда резидент ва норезидентлар томонидан мамлакат ҳудудида яратилган пировард товар ва хизматларнинг бозор нархларидаги қийматини акс эттиради.

Лекин ҳар қандай яратилган товар ва хизматлар ҳам ЯИМ таркибида ҳисобга олинмаслиги мумкин. Товар ёки хизмат ЯИМда акс эттирилиши учун у тугалланган бўлиши лозим. Масалан, нон ишлаб чиқаришни олайлик. Фараз қилайлик, фермер хўжалигида 1 миллион сўмлик буғдой етиштирилди. Етиштирилган буғдой тегирмонга олиб борилади ва у ерда унга айлантирилади, уннинг қиймати 1,5 миллион сўмни ташкил этсин. У ҳолда буғдойни унга айлантиришда қўшилган қиймат 500 минг (0,5 миллион) сўм бўлади. Энди, ун тайёр нон ишлаб чиқариш учун нон цехларига жўнатилади, нон ишлаб чиқариш қиймати 1,8 миллион деб фараз қилсак, у ҳолда ун маҳсулотидан нон ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат 300 минг сўм (1,8 миллион-1,5 миллион=0,3 миллион ёки 300 минг сўм)га тенг бўлади. Демак, нон ишлаб чиқаришда яратилган жами қўшилган қиймат 1 миллион.+ 0,5 миллион.+0,3 миллион.=1,8 миллион. сўмга тенг бўлади.

Мана шу тарзда мамлакатда ишлаб чиқарилган барча пировард товар ва хизматларнинг қийматлари ҳисобланиб, уларнинг йиғиндиси олинса, яратилган ЯИМнинг қиймати ҳосил бўлади. Ушбу усул иқтисодиётда ЯИМни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули деб аталади.

Миллий иқтисодиётда ЯИМни бош­қа усуллар ёрдамида ҳам ҳисоблаш мумкин. Улардан бири — даромадлар усулидир. Ушбу усулга кўра, ЯИМ — мамлакатдаги барча иқтисодий бирликлар томонидан олинган даромадларнинг йиғиндисидир.

Бу нимани англатади? Маълумки, иқтисодий бирликлар турлича бўлиши мумкин: ёлланма ишчилар, тадбиркорлар, сармоя эгалари (инвесторлар), ер эгалари, акциядорлар ва ҳоказо. Ёлланма ишчилар меҳнат ҳақи кўринишида даромад олади. Тадбиркорларнинг даромад манбаи фойда, капитал эгаларининг даромади эса фоиз кўринишидаги даромадлар ҳисобланади. Ер эгаларининг даромади рента ва акциядорларнинг даромади эса дивиденд ҳисобланади. Таърифга кўра, ушбу даромад турларининг йиғиндиси мамлакатда яратилган ялпи ички маҳсулотга тенг бўлади.

Ялпи ички маҳсулотни ҳисоблашнинг кенг тарқалган усулларидан яна бири — якуний истеъмол (харажатлар) усулидир. Ушбу усулда ЯИМ уй хўжаликларининг истеъмол харажатлари, давлатнинг жорий харажатлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жорий харажатлари, инвестиция харажатлари ва соф экспортнинг (экспорт ва импорт орасидаги фарқ) йиғиндисига тенг бўлади. Ушбу усул ёрдамида аҳолининг харажатлари ва унинг таркиби, инвестицион фаоллик ва мамлакатнинг таш­қи дунё билан алоқаларини иқтисодий жиҳатдан баҳолаш мумкин.

Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузада таъкидлаганидек, «Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётганига қарамасдан, ҳисобот йилида ялпи ички маҳсулот 8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қарийб 7 фоизга ўсди». Бу эса мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган фаол ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг натижасидир.

2015 йилда ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 33,5 фоизни, қишлоқ хўжалиги 16,6 фоизни ташкил этган. ЯИМ ҳажмининг ортиши аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатади.

Биринчидан, ЯИМнинг ортиши аҳоли даромадларининг ортишига сабаб бўлади. Масалан, ўтган йили 1 тонна помидор етиштирилиб, килоси 1500 сўмдан сотилган бўлса, жами даромад 1,5 миллион сўмни ташкил этади. Бу йил эса худди шу ер майдонидан помидор етиштиришнинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда 1,5 тонна помидор етиштирилиб сотилса, жами даромад 2,25 миллион сўмни (помидор нархи ўзгармаган деб олинса) ташкил этади.

Иккинчидан, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ортиши натижасида бюджетга келиб тушувчи солиқ тушумлари ҳажми ортади. Бу эса давлат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Учинчидан, ЯИМ ҳажмининг ортиши натижасида янги иш ўринлари яратилади ва аҳолининг иш билан бандлиги ортади.

Тўртинчидан, ЯИМ ҳажмининг ортиши натижасида ички бозорлар тўлади ва маҳсулотларнинг нархи бар­қарорлашади.



DB query error.
Please try later.