Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.06.2016

НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАР ТАЖРИБАСИ

ўрганилмоқда, оммалаштирилмоқда

Ҳар бир сиёсий партия ўз аъзолари ва тарафдорларини кўпайтиришдан манфаатдор, албатта. Аммо аввало, электорат билан изчил иш олиб бориши, ўз ғояси ҳаётийлигини кенг тарғиб қилиши керак бўлади. Бу эса кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотлар фаоллигига боғлиқ.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бугунги куннинг долзарб мавзулари бўйича давра суҳбатлари, учрашувлар, семинар-тренингларни кўпроқ олис ҳудудлардаги бошланғич ташкилотларда ўтказишга ҳаракат қилинмоқда. Жорий йил март ойидан бошлаб партия ташкилоти қуйи бўғинлар билан тажриба алмашиш, намунали қуйи бўғинлар ишини кенг оммалаштириш, етакчилар, фаол аъзоларни рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларга чиқиб, қуйи бўғинлар фаолиятини изчил ўрганмоқда.

Тошкент вилоят кенгаши масъул ходимлари, Бекобод шаҳар, Бекобод ва Бўка туман партия кенгашлари фаоллари, депутатлар билан Ўрта Чирчиқ туманига кириб борганимизда бизни партиямиз етакчиси Эгамберди Эрназаров хушкайфият билан кутиб олди.

— Туманимизга хуш келибсизлар! Бугун сизларни намунали бошланғич ташкилотлар фаолияти билан яқиндан таништирамиз, — деди у.

Айни пайтда ҳудудимизда партиямизнинг 37 бошланғич ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий кенгашнинг 30 нафар депутатидан 8 нафари ЎзХДП вакиллари. Уларнинг партиямиз қуйи ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлиги туфайли туман Кенгаши сессияларига электорат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ўнлаб масалалар киритилди.

Умуман, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, партия ғояларини аҳоли орасида кенг тарғиб этишда бошланғич ташкилотларга суяниб иш кўрамиз. Сизларни дастлаб «Майрамкўл» маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги бошланғич ташкилот билан таништираман.

Маҳалла фуқаролар йиғини биноси яқинда фойдаланишга топширилган экан. Шинамгина хоналарга кириб борганимизда маҳалла ҳақидаги маълумотлар билан бирга партиямиз фаолиятига оид кўплаб ҳужжатлар тартиб билан жойлаштирилганини кўрдик. Хона бурчагида бошланғич ташкилот паспорти ўрин олган. Шунингдек, бошланғич ташкилот ва етакчининг кундалик иш режаси тузилган. Иштирокчилар бош­лан­ғич партия ташкилоти иши билан танишиш асносида, ўзаро фикр алмашишди, ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилишди.

Шунингдек, учрашув баҳонасида партияга янги қабул қилинган аъзоларга гувоҳномалар топширилди.

— Маҳалламизда 2187 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси, партия фаоли Ўткир Эшов. — Уларнинг 100 га яқини ЎзХДП аъзоси. Партиямиз ғоялари бевосита маҳалла фаолияти билан боғлиқлиги сабабли ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тадбирларни кўпроқ ўтказяпмиз. Электорат манфаатлари самарали ҳимоя этилишида бу жуда қўл келади. Биз фуқаролар мурожаатларини депутатлар билан бирга ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Ҳар ойнинг охирги пайшанбасида сиёсий ўқув ташкил этилади. Унда қонунчилигимизга оид ўзгаришлар, сиёсий партия ва унинг аъзолари зиммасига юклатилган вазифалар тушунтириб борилади. Бу албатта, аҳолининг ҳуқуқий-сиё­сий саводхонлиги ошишида муҳим аҳамиятга эга.

— Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, аъзоларини партия юқори ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция олиб бораётган ишлар билан яқиндан таништириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши депутати Гулнора Файзуллаева. — Хўш, бунга қандай қилиб эришиш мумкин? Аввало, партия­нинг Марказий Кенгашидан тортиб туман, шаҳар ташкилотлари билан алоқани мустаҳкамлашимиз керак. БПТ томонидан кўтарилаётган ҳеч бир таклиф эътибордан четда қолмаслиги лозим. Партия ташкилотлари, гуруҳлари уларни чуқур таҳлил этиб, ҳаётга татбиқ қилиш учун курашиши керак. Биз бу тажрибадан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Маҳалламизда аҳолини, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни депутатлик сўрови орқали ечишга ҳамда уларни сессияларда кўрилишига эришишга ҳаракат қиляпмиз.

Саёҳатимиз «Бургалик» маҳалласида давом этди. Маҳалла маслаҳатчиси Санобар Ҳайдарова маҳаллада амалга оширилаётган ишлар, бошланғич партия ташкилоти ташаббуслари ҳақида гапириб берди.

— Аҳолидан турли масалаларда мурожаатлар бўлади, — дейди у. — Уларни бошлан­ғич партия ташкилоти йиғилишида атрофлича муҳокама қиламиз. Муаммолар ўз вақтида ҳал этилишида фаолларимизнинг ҳиссаси катта бўляпти. Чунки улар электоратни ўйлантираётган масалаларни яхши билишади. Биз мурожаатлар асосида депутатларга, туман партия кенгашига таклифлар билан чиқамиз. Бу фаолиятимиз самарасида қўл келади, албатта.

Тажриба алмашиш «Истиқлол» қишлоғидаги маҳаллада якунланди. Бошланғич ташкилотлар фаолияти билан танишиш давомида уларни янада жонлантиришга хизмат қиладиган таклифлар билдирилди.

— Аслида бугунгидек жонли мулоқотлар, жойларга чиқиб тажриба алмашиш амалиёти фаолиятимизда яхши самара беради, — дейди халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати, шаҳар кўптармоқли марказий поликлиникаси бош врачи Раъно Сатторова. — Бир хилликдан, бир хил усуллардан қочишимиз керак. Одамлар фойдали тадбирларга, янгиликларга интилади. Тажриба алмашиш бизга ҳар томонлама фойдалидир.

— Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад бошланғич партия ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш эди, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши сектор мудири Илмижаҳон Тлеубергенова. — Ўйлайманки, биз мақсадга эришдик. Тадбир давомида камчиликлар тўғрисида ҳам сўз борди. Олис ҳудудлардаги бошланғич партия ташкилотлари моддий-техник базасини яхшилашга, айниқса, уларни ҳуқуқий сиёсий адабиётлар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.