09.06.2016

«БИЗ БУЮК ЮРТ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ»

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган ёшлар фестивали пойтахтимизнинг барча туманларида ўтказилмоқда.

Ёшлар ижод саройида ташкил этилган матбуот анжуманида шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов оммавий ахборот воситалари вакилларига берган ахборотида 2011 йилдан буён пойтахт туманларида ўтказилиб келинаётган мазкур фестиваль нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётгани, дастлабки йилларда бу тадбирга 250 минг нафардан кўпроқ ёшлар қатнашган бўлса, бу йилга келиб, улар сони икки баравардан ошганлигини таъкидлади.

Алоҳида дастур асосида ташкил этилган «Бу менинг ватаним», «Одам савдоси — давр муаммоси», «Оммавий маданият ва ёшлар маънавияти», «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин», «Нуронийлар эъзозимизда» сингари 18 лойиҳа фестивалнинг асосий мазмунини ўзида акс эттирган. Фестиваль доирасидаги тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ва санъат арбоблари, элимиз ардоғидаги санъаткорлар, кино ва театр актёрлари, ёш олимлар, давлат стипендиантлари, спорт юлдузлари, шоир ва ёзувчилар иштирок этмоқда.

— Мамлакатимизда ёшлар учун барча имкониятлар эшиклари очиб қўйилган, — дейди Мирзо Улуғбек туман Маънавият тарғибот бўлими раҳбари Мамадали Эронов. — Пойтахтимизнинг ҳар бир туманида ўтказилаётган тадбирлар ўзига хослиги ва азалий қадриятларимизни акс эттираётгани билан кишини қувонтиради. Айниқса, туманимизда истиқомат қилаётган ёши улуғ отахону онахонлардан тортиб жажжи ўғил- қизларимизгача фестиваль тадбирларида фаол иштирок этиб, ўз иқтидор ва санъатларини намо­йиш этаётгани уларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётганидан далолат беради.

Албатта, бундай тадбирлар ҳали давом этади, биз ҳозир туманимиздан етишиб чиққан фан олимпиадалари ғолиблари, халқаро кўрикларда совринли ўринларни олган санъат ғунчалари, ёш чемпионлар иштирокида «Она Ватан, сенга ташаккур!» деб номланган ёш юлдузлар анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўряпмиз.

Бугун якунланадиган лойиҳа дои­расида «Туркистон» саройида истеъдодли ижрочилар, таниқли санъаткорлар ва бадиий жамоалар иштирокида гала концерт ташкил этилади, тадбирда фаол қатнашганлар турли номинациялар бўйича ташкилотчи ва ҳомийлар таъсис этган совринлар билан тақдирланади.

 

Охунбек ХУШВАҚТОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: