09.06.2016

КЎҲНА ҚИТЪАДА ФУТБОЛ БАЙРАМИ

Эртага Франциянинг Сен-Дени шаҳрида футбол бўйича XV Европа чемпионати финал босқичи мусобақалари бошланади

Мамлакатнинг Сен-Дени, Марсель, Лион, Париж, Лилль, Ланс, Бордо, Сент-Этьен, Тулуза ва Ницца шаҳарларида бир ой давомида шиддатли ўйинлар давом этади.

Европа чемпионатлари тарихига назар ташласак, Франция бундай нуфузли мусобақага учинчи бор мезбонлик қилаётган ягона мамлакат саналади. Бунгача Францияда 1960 ва 1984 йилларда ҳам Европа чемпионати ҳал қилувчи ўйинлари ўтказилган эди.

1960 йилда ўтган дастлабки қитъа чемпионати ҳал қилувчи ўйинларида атиги тўрт мамлакат терма жамоаси иштирок этган. Орадан йигирма йил ўтиб, бу мусобақа қатнашчилари сони саккизтага етди. 1996 йилги Европа чемпионати финал босқичидан бошлаб, Кўҳна қитъанинг ўн олти терма жамоаси медаллар учун курашга киришган.

Францияда бошланаётган XV Европа чемпионати финал босқи­чида эса илк маротаба энг кўп — йигирма тўрт мамлакат вакиллари майдонга тушади. Бу терма жамоаларнинг йигирма учтаси номи 2014 йил 7 сентябрдан то 2015 йил 17 ноябргача давом этган саралаш учрашувлари орқали аниқланди. Баҳсларда Кўҳна қитъанинг эллик тўрт давлат вакиллари қатнашди.

Саралаш босқичида жами 268 ўйин ўтказилиб, дарвозалар 700 марта ишғол этилди. Унда Польша терма жамоаси ҳужумчиси Роберт Левандовский рақиб дарвозаларини энг кўп — 13 марта ишғол этди ва тўпурарлик қобилиятини намойиш қилди.

2010 йил 28 май куни Женевада «ЕВРО — 2016» мезбонини аниқлаш учун ўтказилган сўровда Франция ғолиб чиққан. Ўшанда французлардан ташқари, мусобақа мезбонлиги учун Италия ва Туркия мамлакатлари вакиллари ҳам ўз номзодини илгари сурганди.

Ўтган йилнинг 12 декабрида Парижда Европа чемпионати финал босқичига қуръа ташланди. Унда йигирма тўртта терма жамоа тўрттадан олти гуруҳга бўлинди. Мусобақа низомига кўра, ўз гуруҳларида дастлабки икки ўринни эгаллаган ва энг яхши кўрсаткичга эга бўлган тўртта учинчи ўрин соҳиби «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритади.

Мазкур нуфузли мусобақа орқали УЕФА 1,95 миллиард евро миқдорида маблағ ишлаб олишни мўлжаллаган. Бу ташкилот биргина телетрансляцияларни сотишнинг ўзидан бир миллиард евро фойда кўради. Шунингдек, чипталар савдосидан 480 миллион евро даромад қилади.

Кўпчиликни эса чемпионат қатнашчиларини олдинда қандай мукофотлар кутаётганлиги қизиқтириши табиий, албатта. Парижда ўтказилган УЕФА ижроия қўмитаси йиғилишида бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, Европа чемпионати финал босқичи умумий соврин жамғармаси — 301 миллион еврони ташкил этади. Бунгача мазкур мукофот миқдори — «ЕВРО — 2008»да 184 миллион, «ЕВРО — 2012» баҳсларида 196 миллион евродан иборат бўлган эди.

Хўш, бу галги мукофот қандай тақсимланади?! Дастлаб ҳар бир терма жамоага финал бос­қичи йўлланмасини қўлга киритгани учун 8 миллион евродан мукофот берилади. Кейинги бонуслар миқдори эса уларнинг баҳсларда эришган муваффақиятига қараб ўсиб бораверади. Жумладан, гуруҳдаги ҳар бир ғалабага 1 миллион, дурангга 500 минг евродан мукофот берилса, 1/8 финал йўлланмаси учун 1,5 миллион, 1/4 финал йўлланмаси баҳоси 2,5 миллион евро қилиб белгиланган. Ярим финалчилар 4 миллион, финалчилар эса 5 миллион евродан олишади. Европа чемпионига олтин медаллар билан биргаликда 8 миллион евро мукофот берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, навбатдаги Европа чемпиони 2017 йили Россияда бўладиган Конфедерациялар кубоги баҳсига йўлланмани қўлга киритади.

XV Европа чемпионати финал босқичида жами 51 учрашув ўтказилади. Ташкилотчилар томонидан мазкур ўйинларни стадионда кузатадиган томошабинлар учун 2,5 миллион дона чипта сотувга чиқарилган. Бу чипталарнинг 800 минг донаси мусобақада қатнашаётган терма жамоалар мухлислари учун ажратилган бўлса, бир миллионта чипта 2015 йилнинг 10 июнидан то бугунгача УЕФАнинг интернетдаги сайти орқали ўз эгаларини топди.

Чемпионат учрашувлари чиптаси тўрт тоифага бўлинган. Уларнинг энг арзон баҳоси — 25 евро бўлса, энг қиммати — 895 еврони ташкил этади.

Демак, олдинда барчамизни миллионлаб мухлислар қалбини бир ой давомида ҳаяжону қувонч­га чулғовчи дамлар кутмоқда. Европа чемпионати финал босқичи 10 июнь оқшомида Сен-Дени шаҳрида «Стад де Франс» стадионида Франция — Руминия терма жамоалари учрашуви билан бошланади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 23:55 да старт олади.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

 

ГУРУҲЛАР

«А» гуруҳи: Франция, Руминия, Албания, Швейцария

«В» гуруҳи: Англия, Россия, Уэльс, Словакия

«С» гуруҳи: Германия, Украина, Польша, Шимолий Ирландия

«D» гуруҳи: Испания, Чехия, Туркия, Хорватия

«Е» гуруҳи: Бельгия, Италия, Ирландия, Швеция

«F» гуруҳи: Португалия, Исландия, Австрия, Венгрия

 

XV ЕВРОПА ЧЕМПИОНАТИ ФИНАЛ БОСҚИЧИ ТАҚВИМИ

10 июнь. 23:55. Сен-Дени. Франция — Руминия

11 июнь. 18:00. Ланс. Албания — Швейцария

11 июнь. 21:00. Бордо. Уэльс — Словакия

11 июнь. 23:55. Марсель. Англия — Россия

12 июнь. 18:00. Париж. Туркия — Хорватия

12 июнь. 21:00. Ницца. Польша — Ш. Ирландия

12 июнь. 23:55. Лилль. Германия — Украина

13 июнь. 18:00. Тулуза. Испания — Чехия

13 июнь. 21:00. Сен-Дени. Ирландия — Швеция

13 июнь. 23:55. Лион. Бельгия — Италия

14 июнь. 21:00. Бордо. Австрия — Венгрия

14 июнь. 23:55. Сент-Этьен. Португалия — Исландия

15 июнь. 18:00. Лилль. Россия — Словакия

15 июнь. 21:00. Париж. Руминия — Швейцария

15 июнь. 23:55. Марсель. Франция — Албания

16 июнь. 18:00. Ланс. Англия — Уэльс

16 июнь. 21:00. Лион. Украина — Ш. Ирландия

16 июнь. 23:55. Сен-Дени. Германия — Польша

17 июнь. 18:00. Тулуза. Италия — Швеция

17 июнь. 21:00. Сент-Этьен. Чехия — Хорватия

17 июнь. 23:55. Ницца. Испания — Туркия.

18 июнь. 18:00. Бордо. Бельгия — Ирландия

18 июнь. 21:00. Марсель. Исландия — Венгрия

18 июнь. 23:55. Париж. Португалия — Австрия

19 июнь. 23:55. Лилль. Швейцария — Франция

19 июнь. 23:55. Лион. Руминия — Албания

20 июнь. 23:55. Сент-Этьен. Словакия — Англия

20 июнь. 23:55. Тулуза. Россия — Уэльс

21 июнь. 21:00. Париж. Ш. Ирландия — Германия

21 июнь. 21:00. Марсель. Украина — Польша

21 июнь. 23:55. Бордо. Хорватия — Испания

21 июнь. 23:55. Ланс. Чехия — Туркия

22 июнь. 21:00. Лион. Венгрия — Португалия

22 июнь. 21:00. Сен-Дени. Исландия — Австрия

22 июнь. 23:55. Лилль. Италия — Ирландия

22 июнь. 23:55. Ницца. Швеция — Бельгия

1/8 ФИНАЛ

№37. 25 июнь. 18:00. Сент-Этьен. А 2-ўрин — С 2-ўрин

№38. 25 июнь. 21:00. Париж. В 1-ўрин — А, С, D 3-ўрин

№39. 25 июнь. 23:55. Ланс. D 1-ўрин — В, Е, Ғ 3-ўрин

№40. 26 июнь. 18:00. Лион. А 1-ўрин — С, D, Е 3-ўрин

№41. 26 июнь. 21:00. Лилль. С 1-ўрин — А, В, Ғ 3-ўрин

№42. 26 июнь. 23:55. Тулуза. А 1-ўрин — Е 2-ўрин

№43. 27 июнь. 21:00. Е 1-ўрин — D 2-ўрин

№44. 27 июнь. 23:55. В 2-ўрин — Ғ 2-ўрин

1/4 ФИНАЛ

№45. 30 июнь. 23:55. Марсель. №37 ғолиби — №39 ғолиби

№46. 1 июль. 23:55. Лилль. №38 ғолиби — №42 ғолиби

№47. 2 июль. 23:55. Бордо. №41 ғолиби — №43 ғолиби

№48. 3 июль. 23:55. Сен-Дени. №40 ғолиби — №44 ғолиби

1/2 ФИНАЛ

№49. 6 июль. 23:55. Лион. №45 ғолиби — №46 ғолиби

№50. 7 июль. 23:55. Марсель. №47 ғолиби — №48 ғолиби

ФИНАЛ

№51. 10 июль. 23:55. №49 ғолиби — №50 ғолиби.

 

Эслатма: Учрашувларнинг бошланиши Тошкент вақти билан кўрсатилган.



DB query error.
Please try later.