09.06.2016

ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДА

фуқаролик жамияти институтларининг роли ошиб бормоқда

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият қурилиши, демократик янгиланишлар, ислоҳотларнинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Истиқлол йилларида фуқаролик жамияти институтлари ҳамда миллий оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш борасида илғор демократик стандартларга мос мус­таҳкам қонунчилик базаси яратилди.

Хусусан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журна­листлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Ўзбекис­тон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш имконияти кенга­йиши жамоатчилик назоратини кучайишида, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, умуман, фуқароларнинг ижтимоий масъулияти ортишида муҳим омил ҳисобланади. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бу борада катта ҳуқуқий шароит яратди, дейиш мумкин.

Давлат идораларининг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлиги бўйича конституциявий қоидаларнинг амалий механизмини ўзида акс эттирган ушбу қонун фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, жамиятдаги муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантириш, аҳолини ишончли ва тезкор ахборотлар билан таъминлашнинг янги имкониятларини очиб берди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 1400 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг қарийб 60 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаларини ташкил этади. Интернет тармоғида оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган веб-сайтлар сўнгги беш йилда 2 баробар ошиб, ўтган йил якунида 324 тага етди. Шунингдек, айни пайтда юртимизда фаолият кўрсатаётган 8100 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотлардан фойдаланиш, уни аҳолига етказиш билан фаол шуғулланмоқда.

Яратилган ҳуқуқий майдон демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи, оммавий ахборот воситалари билан давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллашиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Масалан, фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш Методикаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Эндиликда ушбу методика асосида жорий йилдан бошлаб давлат органларининг очиқлик бўйича мавжуд қонун ва қоидаларни амалга ошириш сифатини акс эттирувчи «очиқлик индекси» йиғма кўрсаткичи эълон қилиб борилади. Эътиборли жиҳати шундаки, «очиқлик индекси» бўйича рейтинг белгилашда давлат органларининг оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамия­ти институтлари билан ҳамкорлик самарасига алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, бу ишонч­ли маълумотларни тарқатиш, аҳолига янада қулайлик яратиш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, мурожаатларини кўриб чиқишни жадаллаштиришга хизмат қилади. 

Яна бир муҳим томони, очиқликни баҳолаш натижасида давлат идоралари аҳоли талабига мос бўлган муҳим йўналишларни танлаб олиш, жамоатчилик олдида давлат органининг имижини шакллантириши мумкин. Шунингдек, бу давлат идоралари раҳбарларига нисбатан фуқаролик жамияти институтлари ва аҳолининг ишонч даражасини аниқлаш, фуқароларнинг ўз қараш ва хоҳишларини билдиришга ва давлат идораларига стратегик режаларини белгилаб олишга ёрдам беради.

Ушбу мезон келгусида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари давлат идоралари билан фуқаролар учун хизмат кўрсатишда ўзаро ахборот алмашинуви бўйича шериклик тамойили асосидаги фаолиятини оширишга, бу йўлда икки томонлама манфаатга хизмат қиладиган лойиҳалар учун муҳим асос бўлади.

Мухтасар қилиб айтганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан аҳолини таништириб боришда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан фойдаланиш, улар билан ўзаро ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш давлат идораларининг аҳоли ўртасидаги ижтимоий нуфузи ошишига ва пировард натижада фаолиятнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.