09.06.2016

АУДИТОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

корхона ва ташкилотлар молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантириш, бу борадаги қонунчиликни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар, авваламбор, аҳолининг янги шаклланаётган бозор институтлари ва механизмларига нисбатан ишончини мустаҳкамлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг нав­батдаги йиғилишида «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг ижроси юзасидан Фарғона вилоятида ўтказилган назорат-таҳлил тадбири якунлари муҳокама этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия, Молия вазирликлари ҳамда Давлат рақобат қўмитаси, Марказий банк ва тижорат банклари мутахассислари ҳамда ак­ция­­­дорлик жамиятлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида аудиторлик ташкилотларининг профессионал хизматлари кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда юртимиздаги акциядорлик жамиятлари ва бош­қа тадбиркорлик субъектларининг миллий молиявий ҳисоботларини халқаро стандартларга ўтказиш тажрибаси тўлиқ ўзлаштирилди. Бу ўз навбатида акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига хорижий инвесторларни жалб этиш ва корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириш имконини бермоқда.

Депутатлар Фарғона ви­лоя­тида «Аудиторлик фао­лия­ти тўғрисида»ги қонун нормалари аудиторлик ташкилотлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, аввало, акциядорлик жамиятлари фао­лия­тида самарали қўлланилаётганини айтиб ўтишди. Бу ўз навбатида, хўжалик жамиятларининг йиллик молиявий ҳисоботини Аудитнинг халқаро стандартларига асосан аудитдан ўтказишда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

— Аудиторлик ташкилотлари, акциядорлик жамиятлари, банклар ва кредит ташкилотлари, суғурта компаниялари, инвестиция ва пай фондлари, фонд ва товар биржалари, хайрия фонд­лари ва бошқа ижтимоий фондлар «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида фаолият олиб бормоқда, — дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Қаҳрамон Мирзаев. — 2015 йилда Фарғона вилоятидаги аудиторлик ташкилотлари томонидан 662 хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувлари ўтказилиб, кўрсатилган хизматлар ҳажми 1975,3 миллион сўмни ташкил этган. Жумладан, ўтган йилда мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган ташкилотларда 252 (750,3 миллион сўм), хўжалик юритувчи субъектларнинг ташаббуслари асосида 237 (549,7 миллион сўм) текширувлар ўтказилган бўлса, 173 (675,3 миллион сўм) объектларда профессионал хизматлар кўрсатилган.

Қўмита аъзолари, шуни­нг­­дек, вилоятдаги аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилиб, ижобий хулосалар берилган хўжалик юритувчи субъект­ларда ҳудудий солиқ органлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган текширишларда бюджетга қарийб 600,0 миллион сўм солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланмаганлигига эътибор қаратишди.

Вилоятдаги аудиторлик ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўланиши лозим бўлган маблағларни ундириш юзасидан тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилмаганлиги оқибатида айрим аудиторлик ташкилотларида дебитор қарздорлик сақланиб қолмоқда.

Муҳокама якунида назорат-таҳлил ишлари натижаларидан келиб чиқиб, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунни янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.