09.06.2016

ЯНГИ ДАВЛАТ, ЯНГИ ЖАМИЯТНИНГ ТАРИХИЙ ЮТУҚЛАРИ

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида истиқлолимизнинг 25 йиллик тантаналарини муносиб ўтказиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Қарорда мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, ўзлигимизни англаш, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш учун беқиёс имкониятлар яратиб бергани, эришган барча ютуқларимиз бош омили мустақиллигимиз эканини кенг ёритиш бугунги долзарб вазифа сифатида оммавий ахборот воситалари зиммасига юклатилди.

Дарҳақиқат, атиги чорак аср муқаддам шўролар давлатининг чет аграр ўлкаларидан бири саналган Ўзбекистон бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланаётган, турли миллатга мансуб фуқаролар тинч ва осуда, ҳамжиҳатликда яшаб, бахтиёр умр кечираётган, ҳеч кимдан кам бўлмаган нав­қирон авлод вояга етаётган, шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси замонавий тус олиб, бепоён кенгликлари серҳосил пахтазору ғаллазорларга, боғ-роғларга, беҳисоб ноз-неъматлар хазинасига айланаётган ўхшаши йўқ мамлакат сифатида дунёга танилмоқда.

Халқимиз эришаётган ютуқлар хорижий давлат ва жамоат арбобларининг, олимларнинг, адиб-у санъаткорларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Ривожланаётган ва ривожланиш йўлини тутган мамлакатлардан келган сайёҳларнинг ҳавасини уйғотмоқда.

Бу ҳайратомуз янгиланишлар ўз-ўзидан бўлгани йўқ, кутилмаган мўъжиза ҳам юз бергани йўқ. Давлат ва жамият ҳаётидаги бу буюк ўзгаришлар озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек эзгу мақсад атрофида жипслашган халқи­мизнинг матонатли меҳнати, жасорати, шижоати туфайли рўй берди.

Тинчлик ва тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатга таянган ҳолда яшаётган, меҳнат қилаётган халқимиз ўтган йигирма беш йил давомида тарихий юксалиш йўлини босиб ўтди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда давлат қурилиши ва бош­қаруви, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, маънавият, суд-ҳуқуқ, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар шу қадар кенг кўламли ва кўп қирралики, уларни халқи­миз, айниқса, вояга етаётган авлод яхши билиши ва тегишли хулосалар чиқариб олмоғи зарур.

Шунинг учун ҳам бу йилги энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган бош ғоясидан келиб чиққан ҳолда тарихий тараққиётимизнинг энг муҳим жиҳатлари ҳақида газетамизда туркум мақолалар эълон қилишни мақсадга мувофиқ деб билдик.

Бугунги биринчи мақола ижтимоий ҳимояланган бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида халқимизнинг йўлини ёритган, кенг имкониятлар эшигини очиб берган «ўзбек модели» ва унинг моҳиятига бағишланади.

 

1 мақола

ЎЗБЕК МОДЕЛИ — ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ

ёки барқарор юксалиш кафолати

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида «... чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда», дейилади.

Дарҳақиқат, чорак аср муқаддам мустақил тараққиёт йўлини танлаган халқимиз тарихан қисқа даврда ғоятда машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтди. Мустабид тузумнинг барча асоратларидан воз кечиб, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий, ҳуқуқий жиҳатдан жаҳон андозаларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этди.

Ҳатто, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларини ҳам ларзага солган глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида Ўзбекистонда ривожланишнинг барқарор суръатлари сақланибгина қолмасдан, изчил юксалиш йўлидан борилмоқда.

Кейинги ўн бир йилда, жумладан, 2015 йилда ҳам ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда 8 фоиздан юқори бўлди. Макроиқтисодий кўрсаткичлар мутаносиблиги таъминланиб, давлат бюджети ва тўлов баланси барқарор равишда профицит билан бажарилмоқда. Экспорт ва олтин-валюта захиралари мунтазам ўсиб бормоқда. Давлатнинг ташқи қарзи эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 18,5 фоиздан ошмаяпти.

Биргина ўтган йили иқтисодиётимизга қарийб 16 миллиард АҚШ доллари қийматидаги инвестиция киритилди. Бу эса асосий фондлар умумий ҳажмининг салкам 23,3 фоизини ташкил этади. Сўнгги беш йил давомида иқтисодиётимизга қарийб 67 миллиард доллар инвестиция йўналтирилди, бунинг 21 фоиздан ортиғи хорижий инвестициялардир. 

Бу ниманинг шарофати? Ушбу ютуқларнинг қўлга киритилаётгани мўъжизами ёки табиий бир жараёнми? Бундан атиги йигирма беш йил муқаддам миллий мустақиллигини қўлга киритган мамлакатнинг йил сайин юксалиб бораётгани замирида қандай сир яширин?

 Бу саволларга жавоб бериш учун истиқлолнинг илк йилларига назар ташлаш керак бўлади.

Ўша пайтда бозор иқтисодиётига ўтишнинг бешта тамойили илгари сурилди.

Иқтисоднинг сиёсатдан устунлиги ва мафкурадан холилиги;

давлат бош ислоҳотчи;

қонун устуворлиги ва барчага баробарлиги;

кучли ижтимоий ҳимоя;

ислоҳотларнинг босқичма-босқичлиги.

Жаҳонда қиёси йўқ, чуқур илмий-назарий асосга эга бўлган мазкур модел шаклан ихчам бўлишига қарамасдан, моҳиятан шу даражада мукаммалки, улардан бирортасисиз давлат ва жамият ҳаётининг мувозанатини сақлаб қолиш қийин.

Давлатимиз раҳбари халқимизни мана шу хатардан огоҳлантириш учун «Ўзбекистон бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли» асарида шундай деб ёзганди: Сиёсий кураш ботқоғига ботиб қолган бир қанча мамлакатларнинг аччиқ тажрибаси иқтисодий ислоҳотлар сиёсий манфаатларга бўйсундирилган жойларда иқтисодиёт бутунлай барбод бўлишини, ишлаб чиқариш ҳажми камайиб кетишини, аҳолининг моддий аҳволи ёмонлашиб, ижтимоий зиддиятлар авж олишини кўрсатмоқда. Аксинча, иқтисодий ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилган жойларда демократик ва сиёсий ислоҳотлар учун мус­таҳкам моддий негиз яратилмоқда».

Маълумки, 1991 йилнинг 31 авгус­тида Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий мустақиллигини эълон қилган кунларда сиёсий озодликкина қўлга киритилган, иқтисодий жиҳатдан эса қарамлик сақлаб қолинган, яъни, ишлаб чиқаришнинг деярли барча тармоқлари собиқ иттифоқ республикаларидаги юзлаб корхоналар билан боғлиқ бўлиб турарди. Мус­тақил мамлакатнинг ҳар томонлама мустақил иқтисодиётини шакллантирмасдан туриб, ушбу қарамликдан қутулишнинг имкони йўқ эди.

Шунинг учун ҳам иқтисоднинг сиёсатдан устунлиги ва мафкурадан холилиги энг бош тамойил қилиб белгиланди.

Ушбу тамойилга асосан қобилиятли, ўз салоҳиятига яраша эл-юрт манфати учун, мамлакат равнақи учун фойда берадиган барча фуқароларнинг эркин фаолият кўрсатишлари учун шароит яратиб бериш асосий вазифа қилиб белгиланди ва унинг қонуний ҳимоясини яратишга киришилди.

Натижада оддий ҳунарманддан тортиб, ота-боболаридан мерос қолган қадимий касбини санъат даражасигача кўтарган, аммо тоталитар тузумда қувғинга учраган моҳир усталаргача, қўйингки, халққа хизмат қилишга бел боғлаган барча тармоқлар эгаларининг ўз ишини йўлга қўйиши учун қулай шароит яратилди. Эътиборсизлик оқибатида унутилаётган миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари янгича куч билан ривожланди, сеҳрли қўллар эгалари яратган мўъжизалар қисқа муддатда жаҳондаги нуфузли кўргазмаларнинг кўркига айланди.

Эркин тижоратчилар халқни ризқ-рўз билан таъминлаш, умумий ов­қатланиш тармоқларини ривожлантириш вазифасини шараф билан уддалаган бўлса, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга бел боғлаган тадбиркорлар аҳолининг рўзғор ташвишларини енгиллаштириш ишларига камарбаста бўлдилар.

Кичик бизнесни, хусусий ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тараққиётига халақит берадиган тўсиқларни олиб ташлаш йўлидаги изчил сиёсат ўзининг самарасини берди.

Мамлакат иқтисодиётининг ҳуқу­қий асосини яратиш йўлида қилинган ишлар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракция­си аъзоси Фарҳод Умаров шундай дейди:

— Мамлакатимизда «ўзбек модели»ни амалга оширишнинг муҳим шарти ҳар бир тамойилнинг қонуний асосларини яратишдан иборат эди. Ўтган давр мобайнида бир неч­а Кодекслар ва кўплаб қонунлар қабул қилингани бу борада изчил йўл тутилганини кўрсатиб турибди.

Хусусан, 2012-2014 йилларда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида (янги таҳрирда)», «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги каби қонунларнинг қабул қилингани ҳам мулкчилик шаклларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш йўлидаги сиёсатнинг узвий давомидир.

Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалик соҳасини қамраб олган ва ғалла мустақиллигини таъминлаган, пахтачилик, боғдорчилик, пиллачилик, чорвачилик соҳасининг равнақига пойдевор бўлган фермерлик ҳаракати, қурилиш, саноат, транспорт тизимларидан тортиб, коммунал хўжалик ва барча хизмат кўрсатиш соҳаларининг юксалишига ҳисса қўшаётган кичик бизнеснинг бугунги тараққиёти айнан мафкура ҳукмронлигидан озод иқтисодиётнинг тантанавор юриши, десак асло муболаға бўлмайди.

Ернинг, мулкнинг, ўзи етиштирган ҳосилнинг, ундан келадиган даромад билан соф фойданинг мутлақ эгасига айланган фермер ва деҳ­қонларимизнинг фидокорона меҳнати ва омилкорлиги туфайли ўтган йили 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлари ҳам жадал суръатларда ривожланди. Ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди. 

2015 йилда ялпи ички маҳсулот ўсишининг ярмидан кўпи хизмат кўрсатиш соҳаси ҳиссасига тўғри келгани бу тармоқнинг иқтисодиётимиздаги ўрни ва таъсири нақадар катта эканини кўрсатади. Бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2010 йилдаги 49 фоиздан 54,5 фоизга етди. Жами банд аҳолининг ярмидан кўпи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда.

Банк, суғурта, лизинг, консалтинг ва бошқа турдаги бозор хизматлари барқарор суръатлар билан ривожланмоқда, улар хусусий сектор ва кичик бизнес ривожига хизмат қилмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳасида 80 минг 400 кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда ва бу хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари умумий сонининг 80 фоиздан ортиғини ташкил қилади.

Қишлоқ ва туманларимизда хизмат кўрсатиш соҳасини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада жадал ривожлантириш дастури доирасида сўнгги уч йилда 22 минг 800 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми 1,6 баробар, қишлоқда бир кишига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 1,5 баробар ошди. 

Бошқача қилиб айтганда, «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун» деган оқилона сиёсат барча фуқароларни қонуний қўллаб-қувватлаш, ўзининг билими, кучи ва тажрибасини ишга солиши, меҳнати натижасидан баҳраманд бўлиш ва юрт равнақига ҳисса қўшишдек олижаноб мақсадига шарт-шароит яратишга қаратилгани ўзининг ажойиб самараларини бермоқда.

Шу ўринда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси СУНЬ Лицзенинг фикрлари эътиборга моликдир.

— Айни пайтда, — дейди у, — турли мамлакатлар иқтисодиётида юзага келаётган муаммолар мамлакатингиз танлаган бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш йўли, тараққиётнинг «ўзбек модели» нақадар ҳаётий ва самарадор эканини яна бир карра тасдиқлади. Ўзбекистон мустақилликка эришганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо мана шу қисқа муддатда мамлакатингизда барча соҳаларда ҳавас қиларли ютуқ ва марраларга эришилди. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш стратегияси бошқа давлатлар учун намуна бўла оладиган жиҳатларга эга. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган оқилона сиёсат Ўзбекистон халқи қўлга киритган ютуқларнинг муҳим омилидир.

Бугун очиқ айтиш мумкинки, йигирма беш йил муқаддам бозор иқтисодиётининг алифбосини эндигина ҳижжалаб ўқишга тутинган аксарият одамлар «Давлат — бош ислоҳотчи» деган тамойил замиридаги мазмун-моҳиятни тўлиқ англашга ҳали ожизлик қилар, ҳуқуқий демократик жамиятда давлатнинг ислоҳотларга раҳнамолиги мантиқан тўғри келармикин, деган ўй-хаёллар ҳам йўқ эмасди.

Сал кейинроқ кўриндики, агар давлат бош ислоҳотчиликни ўз зиммасига олмаса, бир қадам ҳам олға силжиш мумкин эмас экан. Чунки, биринчидан, мамлакатдаги барча ер-сув ва мол-мулклар, иқтисодиётнинг барча тармоқлари, энг кичик маиший хизмат кўрсатиш шохобчасидан тортиб, улкан саноат корхоналаригача, ҳатто турар-жойларнинг катта қисми давлат ихтиёрида эди.

Шу нуқтаи назардан ҳам хусусийлаштириш сиёсатини амалга ошириш ташаббуси, аввало, давлатдан чиқиши, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари фақатгина давлат томонидан яратилиши шарт эди. Шундай бўлди ҳам. Дастлабки йилларда хизмат кўрсатиш, савдо тармоқлари талабгор фуқароларнинг шахсий мулкига айлантирилган бўлса, аста-секин йирик саноат, транспорт, қурилиш ташкилот ва корхоналар давлат тасарруфидан чиқарилиб, акциядорлик жамиятларига айлантирилди. Қишлоқ хўжалик соҳасида эса ерларни деҳқон ва фермер хўжаликларига узоқ муддатга ижарага бериш сиёсати амалга оширилди.

Мамлакатимизда мулкдорлар синфи шаклланиб, давлат юкининг катта қисмини елкасига олгач, ишбилармон ва тадбиркорлар ўз меҳнатининг мевасидан баҳраманд бўлиш баробарида халқнинг хизматини қилиб, турмуш ташвишларини енгиллаштиришга ҳамда юртимиз иқисодиётининг равнақига катта ҳисса қўша бошлагач, «ўзбек модели»нинг иккинчи тамойили нақадар тўғри белгилангани янада аёнлашди.

Албатта, ислоҳотлар жараёни осонлик билан кечгани йўқ. Давлат ҳокимияти ҳар бир соҳада ўтказилаётган ислоҳотларнинг қонуний ва ҳуқуқий асосларини яратиб борди. Чунки, мулкчиликнинг турли шаклларини ҳаётга татбиқ этишни ўзбошимчалик, бошбошдоқлик билан амалга ошириб бўлмас, бу жамиятда кескин зиддиятларни келтириб чиқариши тайин эди.

Давлатнинг мутасаддилиги тадбиркорларга хорижий инвестицияларни жалб этиш, уларнинг сармоя ва технологияларини олиб келиш, эскирган саноат корхоналарини модернизация қилиш, янги корхоналар барпо этиш борасида қулай иқлим шароити яратишга кафолат бўлди.

Давлатимиз тарихида биринчи бор ташкил этилган Молия тизими, унинг таркиби бўлмиш солиқ, банк ва божхона хизматлари иқтисодий хавфсизликни муҳофаза қилиш билан биргаликда, мамлакатимиз тадбиркорлари манфаатларининг ишончли ҳимоячисига, уларга мадад берувчи қудратли кучга айланганини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди.

Хусусан, божхона хизматининг шарофати билан қайсидир узоқ эллардаги ишбилармонларни бойитишга хизмат қиладиган, айни пайтда ўзимизнинг тадбиркорларни инқирозга гирифтор этадиган катта миқдордаги сифатсиз маҳсулотларнинг юртимизга ноқонуний равишда кириб келишининг олди олинди ва айни пайтда моддий бойлигимиз четга чиқиб кетишига йўл қўймайдиган ишонч­ли қалқонга эга бўлдик.

Албатта, мана шу мураккаб жараёнда айрим мансабдор шахслар, уларнинг атрофида гирдикапалак бўлган фикри бузуқ кимсалар «Давлат — бош ислоҳотчи» тамойилини рўкач қилиб, бошланган яхши ташаббусларни ўз манфаати йўлига буриб юбориши ҳеч гап эмасди. Лекин бундай ҳол юз бермади. «Қонун устуворлиги» тамойили учинчи босқич сифатида миллий дастуримиздан ўрин олганлиги ишончли муҳофаза вазифасини ўтади. Асосий Қонунимизда эса барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Шунинг учун ҳам барча соҳада қонун устуворлиги таъминланган бўлиб, ҳеч кимга ортиқча имтиёз берилмайди, аксинча, кимки қонунга зид иш тутса, қайси лавозимда бўлишидан қатъи назар жавоб беради, барча босқичдаги раҳбар ва ходимлар ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга мажбурдирлар.

 «Кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати» туфайли эса ўзаро меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга ғамхўрлик, ночорларга мурувват сингари эзгу фазилатлар мустақилликнинг илк кунларида — иқтисодий қийинчиликлар энг авжига чиққан пайтларда элнинг жонига ора кирди. Аҳолининг кам таъминланган табақаларини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган кучли сиёсат пенсионерлар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар, кўп болали ва кам даромадли оилаларга моддий мадад бўлди, руҳини кўтарди. Отахон ва онахонларнинг энди оёққа тураётган давлат ва жамиятга ихлосини оширди, ёшларнинг келажакка ишончини мус­таҳкамлади.

Кексалар жамиятимизнинг эъзозли аъзоси, ёшлар эса истиқболи сифатида қадрли эканлигини ҳис этиб яшашларига эришилди.

Узоқ йиллар давомида маъмурий буйруқбозлик асосида юритилган хўжалик тизимини бирдан бузиб ташлаш ва янги тизимга ўтиш жуда мураккаб жараён эди. Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш, эркин меҳнатга йўл бериш билангина иш битмасди. Зеро, биринчи нав­батда ҳаммани бирданига мулк­дор қилиш эмас, аввало, халқ онгида мулкка эгалик ва уни, бошқариш кўникмаларини қарор топтириш вазифаси турарди. «Мана, нима қилсанг қил» деб экинзорларни, боғларни талабгор бўлган деҳқонларга, сурув-сурув қўйларни ва чорва молларини чорвадорларга, катта-ю кичик корхоналарни бирдан бойиб кетишга ишқибоз кишиларга бериб юбориш ҳақиқий ислоҳот эмас, балки, минг-минглаб инсонлар кучи, меҳнати билан йиллар давомида яратилган умумхалқ мулкини талон-тарож қилдириш бўларди, холос. Бундай ҳол ён-атрофимиздаги айрим мамлакатларда содир бўлди.

Шунинг учун «ислоҳотларнинг босқичма-босқичлиги» устувор тамойиллардан бири сифатида белгиланди. Биринчи навбатда хизмат кўрсатиш тармоқлари, савдо шохобчаларини хусусийлаштириб олган, ўзининг шахсий бизнесини ривожлантиришни йўлга қўйган кишиларнинг фаолияти, эришган ютуқлари, муваффақият ва муваффақиятсизликлари ўзига хос бошланғич тадбиркорлик мактаби ролини ўтади. Олинган сабоқ ва хулосалар асосида кичик бизнесни, акциядорлик жамиятиларини юксалтиришнинг пишиқ ва пухта асослари яратилди.

Бугунга келиб халқимизнинг тафаккур тарзи ҳам, иқтисодий ва ҳуқуқий билим даражаси ҳам ўзгарди, ўсди, таъбир жоиз бўлса, замонавийлашди. Натижада мулкдорлар синфи, хусусий тармоқ мамлакат иқтисодиётнинг барча соҳаларида мустаҳкам таянч бўлиб қолди.

Натижада Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олди.

Бундан ташқари, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳа­сида Минг­йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 давлатдан бири сифатида эътироф этилди.

— Президент Ислом Каримов томонидан пухта ва ғоят тўғри ишлаб чиқилган машҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг «ўзбек модели» асосида Ўзбекистон барча соҳаларда юксак натижаларга эришмоқда, — дейди Германиядаги Бранденбург Технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш институти бошқаруви раиси, профессор Эдгар Клозе. — Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, аҳоли турмуш тарзини юксалтириш, баркамол авлодни тарбиялаш каби хайрли мақсадлар мужассам экани диққатга сазовордир.

Демак, ўзбек модели — Ўзбекистон аталмиш мамлакатнинг, ўзбек халқ­ининг барқарор тараққиёти кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.