07.06.2016

МАҲАЛЛА САЙЛОВИ: ҲЕЧ КИМ БЕФАРҚ ЭМАС

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар — 2016» мавзусида ижтимоий сўров ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги ­«Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан шу кунларда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтмоқда.

Шу муносабат билан ўтказилган сўровда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қамраб олинди.

Сайлов билан боғлиқ кенг кўламли чора-тадбирлар сўровда иштирок этган аксарият фуқаролар томонидан ижобий баҳоланди. Турли ижтимоий қатламга мансуб фуқароларнинг деярли барчаси мустақиллик йилларида маҳалла институтининг нафақат маънавий, балки сиёсий, иқтисодий, ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги ўрни мустаҳкамланганини алоҳида қайд этди. Сўров иштирокчиларининг 96,8 фоизи маҳалланинг ўзи ҳамда оиласи ҳаётида муҳим ўрин тутишини, истиқомат қилаётган ҳудудида осойишталик, барқарорлик, ободлик таъминланишида, демократик тамойиллар қарор топишида муҳим роль ўйнаётганини билдирган.

Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови мамлакатимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Сўров иштирокчилари бу энг муҳим ҳуқуқлардан бири, деб ҳисоблайди.

Аҳолининг аксарияти (91,6 фоизи) айни пайт­да мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтаётганидан хабардор.

Маҳаллалар аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, айниқса, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳудудни ободонлаштириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш каби ўттиздан зиёд вазифа ва ваколатларни амалга ошираётир. Ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор бу масалалар ечими маҳаллага тегишли экани, бу борада маҳалла фаоллари изчил ишларни амалга ошираётганини сўровда иштирок этганларнинг 80 фоизи қайд этган.

Аҳоли бўлиб ўтаётган сайловларга алоҳида эътибор билан қараб, фуқаролар йиғини раисига муносиб номзод сайланишидан манфаатдор эканини билдирган. Маҳалла раислигига кимларнинг номзоди кўрсатилгани, уларнинг дастурида нималар кўзда тутилганини билишга қизиқиш бу галги сайловда сезиларли даражада кучайган. Деярли 80 фоиз аҳоли сайлов кампаниясида иштирок этиш ниятида эканини билдиргани шундан далолат беради.

Ижтимоий сўров натижалари яна шуни кўрсатдики, бўлиб ўтаётган сайловларда аёллар фаол иштирок этиш билан бирга, улар фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиси лавозимига сайланмоқда. Бу мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни ва роли ортиб бораётганини кўрсатади.

Ижтимоий сўров қатнашчилари фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари маҳаллаларнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиши, аҳоли турмуш фаровонлиги янада ошиши учун жонбозлик кўрсатиши лозим, деб ҳисоблайди. Фуқароларимиз тинчлик, осойишталик, барқарорлик ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилада қарор топиши Ватанимизнинг янада тараққий этишида мустаҳкам пойдевор эканини алоҳида таъкидлаган.

 

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази

маълумотлари асосида ЎзА мухбири

Н.АБДУРАИМОВА

тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: