07.06.2016

МУСТАҚИЛ ЮРТ ОДАМЛАРИ

бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқ

Бугун ҳар бир юртдошимиз мамлакатимиз ҳаётида, ўз тақдирида юз бераётган ўзгаришлар, янгиланиш ва ривожланишнинг бош омили Истиқлол экани, Мустақиллик туфайлигина мана шундай ёруғ кунларга етганимизни яхши англайди.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорини ўқиб, ўрганаётган ҳамюртларимизнинг суҳбатларида бу яна бир бор ўз ифодасини топмоқда. Партиядошларимиз, депутатларимиз ҳам мустақиллик имкониятлари, эркинлик қадри ҳақида тўлиб-тошиб гапирмоқда, фикр-мулоҳаза юритмоқда, бу нурафшон кунлар ва тинчликнинг шукронасини айтишмоқда.

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мустақиллик ҳақида сўз кетганда, ҳаётимнинг энг мушкул даврлари бўлган ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ёдимга тушади. Ўша пайтлари талаба эдим. Бир йили қишнинг қоқ ўртасигача, янги йилга икки кун қолганига қадар пахта йиғим-теримида бўлдик. Совуқ ва изғириндан кўпчилик курсдошларим қатори мен ҳам шамоллаб қолган эдим.

Икки-уч ой даволаниб, зўрға саломатлигимни тиклаб олганман. Ёшлик, йигитлик қуввати туфайлими, бу қийинчиликларни тез унутиб юбордим. Аммо жуда кўплаб аёллар, мактаб ўқувчилари ёмғир-қор остида пахта териб, касалликлар орттириб олишар эди.

Президентимизнинг «Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кў­риш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорини ўқиб, ўша мудҳиш манзаралар яна бир бор кўз олдимдан ўтди. Ҳозир кишини бир савол қийнайди: наҳотки, ёш болаларга, аёлларга шафқат қилишмаган, наҳотки уларга ҳеч кимнинг раҳми келмаган бўлса?..

Қарорда биз қайта-қайта ўқиб, ўрганишимиз, фикрлаб, хулосалар чиқариб олишимиз керак бўл­ган кўпдан-кўп масалалар қайд этилган. Мисол учун, мустақиллик йилларида халқимиз учун ўта муҳим бўлган ижтимоий соҳани олиб қарайлик. Давлат бюджетининг ушбу соҳага йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошириб борилгани, 2015 йилда бу рақам қарийб 60 фоиздан ортгани нимани билдиради? Ўйлаб кўрайлик, бунинг ҳисобига тиббиёт, таълим, спорт, санъат соҳасида қандай улкан ишлар амалга оширилди, оналар ва болаларга, қарияларга, ногиронларга кенг имтиёзлар яратилди, уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Бу қи­линган ишлар инсон ва унинг манфаати, бахту саодати учун эканини яққол кўрсатиб турибди.

Энг муҳими, юрт­дошларимизнинг онгида, ­дунёқарашида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Одамларнинг ҳаётга, меҳнатга муносабати ўзгарди, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ошди. Булар биз қўлга киритган энг катта ютуқлар, деб ўйлайман.

 

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

— Бугунги дунё манзарасига эътибор қаратадиган бўлсак, тинчлик учун, бутун минтақада, жаҳонда осойишталик ўрнатиш учун курашаётган давлатлар у қадар кўп эмас. Президентимизнинг қарорида ҳам бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароит­да энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчликни кўз қорачиғидек асраш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинч­лик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Истиқлол йилларида босиб ўтилган йўлга назар ташлайдиган бўлсак, халқимиз тинчлиги ва тараққиётини кўролмайдиган, осо­йишталигимизга таҳдид солмоқчи бўлган кучларнинг турли ўйинларига гувоҳ бўламиз. Аммо узоқни кўзлаб, оқилона олиб борилган сиёсат туфайли тинчлик, барқарорлик сақлаб қолинди, ҳаётимиз кундан-кунга фаровонлашиб борди.

Яқин ўтмишда бошимиздан ўтган воқеаларни билган билади, билмаган билмайди. Шу боис, маърифий, маънавий тадбирларимизда, сиёсий ўқув жараёнларида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Кеча ким эдигу, бугун ким бўлганимизни, бу ютуқларга нималар ҳисобидан эришганимизни, айниқса, ёшларга кўпроқ тушунтиришимиз керак бўлади. Нафақат кечаги оғир кунларни кўрганлар, балки бугунги ёшларимиз ҳам тинч ҳаётимиз, тараққиётимиз, фаровонлигимиз асоси бўлган мустақиллигимиз қадри нақадар улуғ эканини чуқур ҳис этсин.

 

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун мустақил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги авлодни тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган улкан ишлар ўз самарасини бермоқда. Буни Истиқлолимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида янада яққолроқ ҳис этиб турибмиз.

Президентимиз қарорида жамият ҳаётини бутунлай ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонида рақобатдошлигини таъминлашнинг ишончли замини бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги университет ва институтларда 230 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётгани ва бу тизимнинг Давлат бюджети харажатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқ бўлаётгани ҳам мазкур соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор натижасидир.

Таълим соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил этадиган бўлсак, барча йўналишларда пухта тизим, ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилганини кўрамиз. Шунингдек, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг касбий малакасини ошириш, ўқув жараёнларига замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аммо яқин ўтмишда таълим соҳасининг аҳволи қандай эди? Биргина мактабларимизни оладиган бўлсак, уларнинг ярмидан кўпи номуносиб биноларга жойлаштирилган эди. Бугун эса мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, энг муҳташам бинолар мактаб, лицей, коллеж бинолари эканини кўрасиз. Бу ўзгариш ва янгиланишларнинг барчаси замирида мустақиллик турганини чуқур ҳис қилишимиз, буни одамларга таъсирчанроқ усулда етказишимиз керак.

Умуман олганда, мустақиллик халқимизнинг тарихий ютуғи, бугунги кунларимиз асоси, келажак авлод таянчидир. Уни мустаҳкамлаш, ютуқларимизни нафақат эътироф этиш, балки, ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий таҳлил қилишимиз, янада юксак марралар сари дадил одимлашимиз талаб этилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

 Нурали ОРИПОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.