Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
04.06.2016

МАЪНАВИЯТ — ҚАДРИЯТЛАР ҚЎРҒОНИ

Бугун дунёда глобаллашув жараёни кучайгани сайин турли йўналишдаги ахборот хуружлари авж олиб бормоқда. Мобиль телефондан тортиб, мультфильмлар-у қўшиқларгача миллий қадриятларимизга зид ғоялар кўпайиб бормоқда. Эркинлик ниқоби остида оломон мада­нияти хавфи туғилмоқда.

Ана шундай бир пайтда минг йиллар мобайнида сайқалланиб келаётган қадриятларимиз тарғиботини янги босқичга кўтариш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Бугунги кунда бу долзарб масалага қандай ёндашилаяпти?

Суҳбатдошимиз — Республика Халқ ижодиёти ва маданий-­маърифий ишлар илмий методик ­маркази директори Азамат ­ҲАЙДАРОВ:

— Савол жуда ўринли ва бунга бериладиган жавоб бирёқлама бўлиб қолмаслиги учун дунё миқёсида оломон маданиятига қарши қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётганига эътиборни қаратсак.

Жаҳон халқлари миллийлигини сақлаб қолиш, уни муҳофаза қилиш ва келажак авлодга етказишни таъминлаш мақсадида 2003 йил 17 октябрда Парижда ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос муҳофазаси бўйича конвенцияси қабул қилинди. Давлатимиз ушбу конвенцияни ратификация қилиб, унга аъзо бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик марказига давлат ва нодавлат ташкилотларнинг номоддий маданий мерос масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштирувчи муассаса мақоми берилиб, марказ таркибида ҳужжатлаштириш бўлими ташкил этилди.

Ушбу бўлим бугунги кунда номоддий маданий мерос объектларини аниқлаш, муҳофаза ва тарғиб қилиш борасида иш олиб боряпти. Шу кунгача — «Шашмақом», Бойсун маданий муҳити, Катта ашула, Наврўз, Аския сингари беш дурдона меросимиз инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Жорий йилда «Палов маданияти ва анъаналари» ҳужжатлари репрезентатив рўйхатга киритиш учун ЮНЕСКОга тақдим этилди.

— Қадриятларимиз тарғиботини янги босқичга кўтариш мақсадида қайта ташкил этилаётган замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолияти ҳақида тўхталсангиз.

Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик марказининг асосий вазифаларидан бири — республикамиздаги маданий-маърифий муассасаларга илмий, амалий-услубий ёрдам кўрсатиш ва бу ­борадаги муаммоларни маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида ҳал этишдан иборат. Республикамиз миқёсида фаолият кўрсатаётган 1777 маданият муассасалари негизида замон талабига тўлиқ жавоб берадиган 894 маданият ва аҳоли дам олиш марказлари барпо қилиниши керак.

Бу борада кенг кўламли реконс­­­т­рукция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Уларнинг ҳар бирида турли тўгараклар, студиялар ташкил этилди, чекка ҳудудларда яшаётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига имконият яратилганидан ташқари, ҳар бир марказда камида 20 дан зиёд янги иш ўринлари очилди. Энди бу марказлар тўлиқ фаолият кўрсата бошласа, қанча иш ўрни очилишини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.

Ёшлар онгига қадриятларимизни янада чуқурроқ сингдириш мақсадида республикамиздаги 211 «Баркамол авлод» болалар марказида номоддий маданий меросни тарғиб қилишга оид тўгараклар ташкил этилган бўлиб, уларга 26 минг нафардан зиёд ўқувчи жалб этилди.

Бир қатор вазирликлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғиботи маркази, маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида ўтказилган Маънавият ҳафталикларида иштирок этиб, шунга амин бўлдикки, 9698 умумтаълим мактабида ташкил этилган турли йўналишдаги тўгаракларда қарийб 700 минг нафар ўқувчи шуғулланмоқда.

Бу нима дегани? Бунда биринчидан, ўқувчи бўш вақтини мароқли ўтказади, иккинчидан ҳунар ўрганади, ота-она, ўқитувчи назоратида бўлади. Энг муҳими, бу машғулотлар унда бирор касбга ҳавас уйғотади ва тўғри йўл танлашига ёрдам беради.

— Халқимизнинг қадриятлари ранг-баранг. Юртимизнинг энг олис тумани, энг чекка қишлоғида ҳам ўзига хос урф-одатларни кўриш, кўплаб истеъдодларни учратиш мумкин...

— Марказ фаолияти ҳам ана шу серқирра қадриятларимизни оммавийлаштиришга, уларни кенгроқ тарғиб этишга қаратилган. Ана шу мақсадда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг номоддий маданий мерос масалалари бўйича фаолияти мувофиқлаштирилиб, нодавлат ташкилотлари ва муассасалари уюшмасини ташкил этиш ҳам кўриб чиқилмоқда.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон номоддий маданий мерос объектлари миллий рўйхати янгиланиб, унга қўшимчалар киритилди ва қайта тасдиқланди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар халқ ижодиё­ти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик марказларида ҳар бир ҳудудга хос бўлган номоддий маданий мерос рўйхатга олинмоқда.

Ўтган йили Сирдарё ва Тошкент вилоятларига илмий экспедициялар уюштирилиб, ўрганилган номоддий маданий мерос намуналари рўйхати шакллантирилди ва ҳали илмий ўрганилиши лозим бўлган объектлар аниқлаб олинди. Шунингдек, марказ томонидан номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ва бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар, ўқув семинарлари ўтказиб келинмоқда. Бу ишлар ҳар бир вилоятда давом эттирилади.

— Эл орасидан чиқаётган истеъдод соҳибларини рағбатлантириш, уларни янги парвозларга илҳомлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ижод аҳлининг кўнгли нозик бўлади. Албатта, аждодлар маданий меросини асраб-авайлаш, муҳофаза ва тарғиб қилиш ишларига ҳисса қўшаётган жамоаларнинг изланиши бесамар кетаётгани йўқ. Улар марказ томонидан ташкил этилган туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсидаги тадбирларга жалб қилиниб, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириб бориляпти. Энг яхши деб топилган ашула ва рақс ансамбллари, гуруҳ ва дасталар, яккахон ижрочилар ҳукуматимизнинг унвон ва мукофотларига тавсия этилмоқда. Айни кунда республикамиз бўйича халқ ижоди билан шуғулланаётган 382 жамоа ана шундай унвонларга сазовор бўлган.

Суҳбат якунида келажак режалар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида Ўзбекистон халқ артисти Ҳабиба Охунова соврини учун алла қўшиқлари ва бир қатор фольклор жанрлари бўйича республика кўрик-танловини ташкил этишни режалаштирганмиз.

Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Ўзбекис­тондаги ваколатхонаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилаётган «Барқарор тараққиёт учун таълимни кучайтириш мақсадида педагоглар орасида номоддий маданий мероснинг ўргатилишини кенгайтириш» лойиҳаси давом эттирилади. Бу орқали номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқ­аро конвенция талаблари асосида ўқувчиларга тўғри йўналишлар бериш имкони яратилди.

Бугунги шароитда ҳар бир халқ учун ўз миллийлигини сақлаб қолиш, уни муҳофаза қилиш ва келажак авлодга етказишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.