Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.06.2016

«ҲАР БИР БОЛАГА МЕҲР-ЭЪТИБОР»

1 июнь – Халқ­аро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мамлакатимизда ана шу шиор остида ўтказилаётган махсус ўн кунлик доирасида Ўзбекистон Бадиий Академияси марказий кўргазмалар залида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида «Ер куррасида тинчлик» Республика расм­лар кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди.

«Соғлом авлод учун» халқ­аро хайрия фонди, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўрик-танлов икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи бос­қич жорий йилнинг апрель-май ойларида Тошкент шаҳри, Қорақал­поғис­тон Республикаси, вилоятларда ўтказилди. Унда 15 минг нафарга яқин умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари иштирок этди, болалар ижод намуналари таниқли профессионал рассомлардан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Танлов 3-6 ёшгача, 7-11 ёшгача ва 8-15 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилиб, шундан тўққиз нафар ғолиб ва етти нафар турли номинациялар ғолиблари аниқланди.

— Жуда ҳаяжонли дақиқаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз, — дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон Бадиий Академияси ижодий уюшмаси аъзоси Эътибор Мирзаназарова. — Бу тадбир болажонларимиз хотирасида бир умр сақланиб қолади. Улар чизган ҳар бир суратнинг ўз олами бор. Бу суратларда беғуборлик, борлиқни болаларча самимий идрок этиш туйғулари уфуриб туради.

Самарқанд вилояти «Баркамол авлод» болалар маркази қатнашчиси, уч ёшли жажжигина Даниел Очилов ўзи чизган суратлари билан «Энг ёш иштирокчи» номинацияси ғолиби бўлди. Жиззах вилояти, Дўстлик туманидан олти ёшли Эъзоза Баҳром­қулова, Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 69-умумтаълим мактабининг ўқувчиси, 11 ёшли Лайло Қўчқорова, Хоразм вилояти, Урганч туманидаги 36-умумтаълим мактабининг ўқувчиси, 13 ёшли Мухлиса Қурбонова биринчи ўринга сазовор бўлди.

Тадбир доирасида 2015-2016 йилларда Париж ва Пекин шаҳарларида ўтказилган болалар ва ўсмирлар халқаро фестивалида ғолибликни қўлга киритган 14 ёшли Камила Сагатованинг чизган суратлари намойиши ҳамда иқтидорли рассомни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

— Камила менинг неварам бўлади, — дейди қувончи ичига сиғмай ИИВ фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари Миразим Сагатов. — Ёш авлодга давлатимиз томонидан шунчалик эътибор берилаётгани, кенг имкониятлар яратилаётганидан жуда хурсандман. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз. Юртимиз тинч-фаровонлиги, осмонимиз мусаффолиги болажонларимиз чизган суратларда акс этаётганини кўриб жуда ҳаяжонландим. Халқимиз, болажонларимиз бахтига тинчлигимиз ҳамиша барқарор, истиқлолимиз абадий бўлсин.

— Мазкур танловдаги ижод намуналарида асосан юрт тинч­лиги, Ватан равнақи, келажак ҳақидаги тасаввур ва тушунчалар акс эттирилган, — дейди «Соғлом авлод учун» халқ­аро хайрия фонди матбуот котиби Аббос Эргашев. — «Ҳар бир болага меҳр-эътибор» шиори остида ўтказилаётган ўн кунлик доирасида бундан ташқари, яна бир қатор тадбирлар режалаштирилган.

Бугун Тошкент ва Сирдарё вилоятлари, Тошкент шаҳрида жойлашган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, юрт осойишталиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларидан иборат минг нафарга яқин бола учун «Тошкент — Ленд» болалар истироҳат боғида хайрия тадбири ўтказади.

Хайрия фондимиз Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Халқ таълими вазирликлари, ҳокимликлар, «Сен ёлғиз эмассан» жам­ғармалари билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини қўл­лаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ана шундай тадбирларни амалга оширяпти.

Тақдирлаш маросимида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди раиси Светлана Иномова ҳамда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ғолибларга диплом ва совғалар топширди.

Тадбирда «Ором» болалар ашула ва рақс гуруҳи ҳамда республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи оркестр жамоаларининг концерт дастури намойиш этилди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.