02.06.2016

УРУШ ВА ТИНЧЛИК

Бу дунёга келган инсон зоти борки, миллати, ирқи, диний эътиқодидан қатъи назар, тинч, хотиржам, бахтли яшашни, оила қуришни, фарзандларини тарбиялаб, вояга етказишни, уларнинг орзу-ҳавасини кўришни ният қилади. Афсуски, баъзан турли табиий офатлар, фалокатлар инсонга оғир мусибатлар келтиради, ҳаётига зомин бўлади.

Аммо жаҳон тарихининг оқ-қора саҳифаларига назар ташланса, энг оғир талафот ва кулфатларни катта-кичик урушлар келтирганига гувоҳ бўламиз. Ер юзида шу кунгача бўлиб ўтган урушлар оқибатида миллион-миллион одамлар ҳалок бўлган, қанчалаб қишлоқ-шаҳарларнинг кули кўкка соврилган. Уруш ҳеч қачон инсониятга яхшилик келтирмаган. У ўз номи билан уруш, қон тўкилади, вайронагарчиликлар, бахтсизликлар ва фожиалар содир бўлади. Уруш қандай кулфатлар келтиришини халқимиз жуда яхши билади.

Яқинда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган суҳбатда инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат уруш — Иккинчи жаҳон уруши халқимиз бошига оғир кулфатлар солганини яна бир бор таъкидлаб, унда 500 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз ҳалок бўлгани, яна қанча-қанчаси ногирон бўлиб қайт­ганини изтироб билан гапириб, хал­қимиз бизга тинч­лик, омонлик керак, деган фикр билан яшашини, ўзбек халқи тинч­ликнинг моҳияти ва аҳамиятини, қадрини теран англашини баён этди.


Дарҳақиқат, халқимиз яхши билади, уруш одамлар бошига фалокатлар ёғдиради, бегуноҳ инсонлар, болалар, кексаларнинг қони тўкилади, инсон ҳаёти, қадрини оёқ-ости қилади, вайронагарчилик, очарчиликни келтириб чиқаради. Мамлакат, миллат тараққиётдан орқада қолади, иқтисодий, сиёсий қарамликка юз тутади... Буни узоқ ва яқин давлатларда шу кунларда бўлаётган воқеалар ҳам кўрсатмоқда.

Тинчлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик бор жойда эса тараққиёт бўлади, бунёдкорлик бўлади, давлатнинг иқтисодий қудрати ошиб, аҳоли турмуши тобора юксалиб боради. Бу ҳақиқатни ўз ҳаётимиз мисолида кўриб, билиб турибмиз.

Бугун биз истиқлол йилларида эришилган барча ютуқларимиз бош омили тинчлигимиз эканини ифтихор билан айтамиз. Аммо мус­тақиллик йиллари биз учун осон кечгани йўқ. Бизни йўлдан уришга, йўлимизга тўсиқ қўйишга уринганлар кўп бўлди. Бизни ҳам урушга тортиш мақсадида фитналар уюштирилди. Мустақиллигимизга бир йил тўлар-тўлмас турли бузғунчи кучлар, амалидан ажралган аламзадалар, сохта шуҳратпарастлар бош кўтариб, вақтинча юзага келган ижтимоий муаммоларни қурол қилиб, жамоатчилик ўртасида ваҳима туғдиришга ҳаракат қилишди, иғво тарқатишди. Ўша таҳликали, қалтис вазият­да биргина нотўғри қарор, ҳатто чуқур ўйланмай айтилган бир оғиз сўз ҳам қон тўкилишига олиб келиши мумкин эди.


Тинчлик билан уруш ораси бир қадам бўлиб турган ана шундай таҳликали бир шароитда, Юртбошимиз Ислом Каримов халққа мурожаат қилди, илтижо қилди. «Президент бўлсам ҳам, сиздан тиз чўкиб сўрайман, илтимос қиламан», дея ёвуз кучлар таъсирига берилмасликка, низо чиқармасликка, тинчлигимизни асрашга барчамизни даъват этди. Катта дард, изтироб билан айтилган бу сўзлар хал­қимизни ҳаяжонга солди, қалбидан чуқур жой олди.

Тарихдан маълумки, бир иғво ёки фитна орқали урушлар бошланиб кетган. Уруш бошлаш учун ақл керак бўлмайди. Лекин тинчликни асраш осон иш эмас, бунинг учун доно сиёсат, юксак маънавият ва чинакам жасорат талаб этилади. Ўтган 25 йиллик мустақил ҳаёт йўлимиз давомида неча бор нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз уруш домидан асраб қолинди, минг-минглаб одамлар ҳаёти сақлаб қолинди.


Уруш ва тинчлик! Бу икки сўз бир-бирига мутлақо зид бўлган иккита тушунча. Улар бир-бирини инкор этади, худди тун билан кундек, ёруғлик билан зулматдек бир-бири билан курашади. Уларни алоҳида-алоҳида олиб, қиёфасига, мазмун-моҳиятига, мақсадига қараб фикрлайдиган бўлсак, аниқроқ хулосага келамиз.

Уруш — ўлим дегани. Бу сўздек совуқ сўз дунёда йўқ. Уруш — жаҳолат, ёвузлик... Одамлар урушдан тортган азоб-уқубат, алам-изтиробларнинг тўла тасвирлашга қоғоз, қалам етмайди. Осмонни дафтар қилиб ёзганда ҳам уруш даҳшатларини тўлалигича сиғдиришнинг имкони йўқ.

Урушнинг қиёфасини ким тўлиқ тасвирлаб бера олади? Ҳеч ким. Урушнинг қиёфаси қанақа ўзи, ранги қанақа? Вайронага айланган шаҳарлар, ёниб кул бўлган қишлоқлар, дарё бўлиб оққан қонлар, беҳисоб мурдаларми?.. Етим қолган болаларнинг мўлтираган кўзларими, онасининг жасади устида йиғлаётган болами, ўқ тилка-пора қилган боласини бағрига босиб фарёд қилаётган онами, отами?.. Ёки бир кунлик, бир ҳафталик бахтдан сўнг тул қолган минг-минглаб келинчакларнинг абадий армонларими?.. Ёлғиз ўғлининг ҳалок бўлганлиги ҳақида қора хат олган ота ва онанинг эрта оқарган сочларими, ғам, аза кўланкаси мангу муҳрланган чеҳрасими?..

Урушдан мақсад нима? Ўзидан кучсиз бўлган давлатларни босиб олиб, қарам қилиш, қул қилиш, унинг ер ости, ер усти бойликларига хўжайинлик қилиш.

Урушни чиқарувчилар кимлар?

Миллатчилар, шовинистлар, экстремистлар, террорчилар, фашистлар, очкўзлар, манфаатпарастлар... Дунёга ҳукмронлик қилишдек ғайритабиий ғоялар билан нафас олаётганлар...

Демак, аввало, урушни келтириб чиқарадиган ёвуз кучлар томирини кесиш керак, улардан доим огоҳ бўлиш керак. Бузғунчи кучлар ўз қиёфасини тез-тез ўзгартириб туради, баъзан қиёфасиз ҳаракат қилади, ҳатто куй, қўшиқ, мультфильм бўлиб остонангда, хонадонингда пайдо бўлади. Ҳатто ер остидан, сув остидан, ҳаводан кириб келади, мулойим, беозор, хушомадгўй бўлиб келади. «Эркинлик», «Оммавий маданият», баъзан «Демократик жамғарма» каби сохта номлар билан кириб келади. Гўё ҳамдард дўстдек кириб келади, ёрдам бермоқчидек бўлиб келади. Президентимиз айтаяпти, оқ билан қорани ажратиб олиш, соддалик қилмаслик, доим ҳушёр, огоҳ бўлиш бугунги ҳаётнинг талаби. Бефарқлик, лоқайдлик, оғир оқибатларга олиб келади. Ўз уйимизни, тинчлигимизни ўзимиз асрашимиз керак.

Бугунги хавф-хатарли, таҳликали дунёда тинчликни ҳимоя қилишдан кўра муҳимроқ, улуғроқ вазифа йўқ. Жаҳондаги катта-катта мамлакатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам турли таҳдидлардан ташвишга тушиб қолгани сир эмас.


Ўзбек халқининг ягона мақсади тинчлик, омонлик. Ана шу улуғ мақсаднинг ўзи халқимиздан бало-қазони узоқлаштиради. Давлатимизнинг тинчликсевар ташқи сиё­сати ҳам ана шу ғоялар асосида белгилаб олинган. Бу сиёсатни Президентимиз Хотира ва қадрлаш куни олдидан яна бир бор оламга маълум қилди.

Биринчидан — Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмайди. Ҳарбий блокларга қўшилиш, ҳарбий ҳаракатларга қўшилиб кетишга олиб келади. Иккинчидан — Ўзбекистон ҳудудига чет давлатлар ҳарбий базалари жойлашишига йўл қўйилмайди. Қайси давлат бўлишидан қатъи назар, унинг ҳарбий базаси юртимизда жойлаштирилса, ўша давлатга душман бўлган мамлакатлар ҳарбий кучлари маълум даражада бўлса-да, Ўзбекистон томонга қаратилади. Биз бундай муаммоларни, йўқ жойдан хавф-хатар орт­тиришни мутлақо хоҳламаймиз.

Ташқи сиёсатимизнинг яна бир муҳим жиҳати, ҳарбий хизматчиларимизнинг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик. Бунинг маъно-мақсади шуки, Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмайди. Қуролли Кучларимизнинг бош мақсади — чегараларимиз дахлсизлиги, она Ватанимиз тинчлигини ҳимоя этишдан иборат. Қонун билан мустаҳкамланган бу сиёсатга Ўзбекистон изчил амал қилиб келмоқда. Ҳар қандай можарони, урушни ҳарбий йўллар билан эмас, балки музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори эканлигини амалда намоён этмоқда.

Бугун дунёда қарама-қаршиликлар тобора кескинлашиб бораётган, ўта таҳликали, мураккаб бир шароитда ташқи сиёсатда энг тўғри, мақбул йўлни топиш, узоқ-яқин бўлган давлатлар билан тил топишиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш тинчлигимизни асрашда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Халқимизнинг аҳиллиги, бағрикенглиги, ўз мустақил фикрига, қарашларига эгалиги, дунё воқеаларига бефарқ эмаслиги, дахлдорлик туйғуси билан яшаётгани, тегишли хулосалар чиқариб олаётгани, давлатимиз ташқи сиёсатини якдиллик билан қўллаб-қувватлаётгани тинчлигимизни мустаҳкамлашда асосий омил бўлмоқда.

Тинчлик нима ўзи? Унинг ранги, қиёфаси қанақа?

Тинчлик — аввало, оналарнинг алласи, болаларнинг кулгуси дегани, ҳаёт дегани, орзу-ҳавас дегани, тўй-томоша дегани, бунёдкорлик, тараққиёт, обод турмуш дегани. Бахт-саодат дегани.

Бу бебаҳо бойликни асраш учун жону жаҳонингни бағишласанг ҳам камлик қилади!

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.