02.06.2016

«ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА»ГИ

қонун ҳаётга қандай татбиқ этиляпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси янги таҳрирдаги қонун ижросини атрофлича муҳокама қилди.

Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтиришда парламент назоратининг ўрни ва аҳамияти катта. Шу маънода, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Маълумки, мазкур қонунга кўра, сиёсий партиялар фракциялари парламент назоратини амалга оширишда фаол иштирок этади. Хусусан, қонуннинг 3-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия­лар фракциялари парламент назорати субъектлари сифатида белгилаб қўйилган. 5-моддада эса қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш парламент назоратининг шаклларидан бири экани қайд этилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси янги таҳрирдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунни ҳаётга жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича муҳокама қилди. Фракция йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Таъкидландики, жорий йил бошида кучга кирган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонун ижроси юзасидан ҳукумат томонидан комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Унга кўра, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, қонун­ости ҳужжатларига ушбу қонундан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунга мувофиқлаштириш каби вазифалар белгиланган. Айни пайт­да ушбу чора-тадбирларнинг ижроси бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

— Ўзбекистон ХДП Сайлов­олди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор берилган, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Қаҳрамон Мирзаев. — Шунга мувофиқ, фракциямиз мазкур қонун ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда. Сайловчилар билан учрашувларда ҳам бу масалада кўплаб мурожаатлар бўл­моқда.

— Маълумки, бепул тар­қатиладиган дори воситалари учун ҳар йили Давлат бюджетидан зарур маблағ ажратилади. Аммо айрим мурожаатлар мазмунидан хулоса қилиб айтиш керакки, бу масалада камчиликлар йўқ эмас. Бундай дори воситаларининг манзилли тарқатилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш, айниқса, масъулият ва хабардорликни ошириш керак, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Жойлардаги учрашувлар, сайловчилар, электорат вакиллари мурожаатлари дори воситалари нарх­ларини мувофиқлаштиришда ҳамон камчиликлар учраб турганини кўрсатмоқда. Бир хил турдаги дориларнинг дорихоналардаги нархлари ўртасида сезиларли тафовут борлиги тўғрисида мурожаатлар бўляпти. Янги таҳрирда қабул қилинган қонун ҳаётга қанчалик самарали жорий этилса, бу борадаги муаммолар шунчалик камаяди.

Шунингдек, йиғилишда фракция аъзолари жисмоний шахслар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларни шахсий қўллаш учун олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом, дори воситалари хавфсизлиги тўғрисидаги ҳамда тиббий буюмлар, тиббий техниканинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент­ларни тасдиқлаш юзасидан зарур чоралар кўриш бўйича таклиф ва тавсиялар билдиришди.

ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича белгиланган масалалардан келиб чиқиб, қонун ижроси юзасидан қилинаётган ишлар, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида сайловчиларни мунтазам хабардор этиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунни ҳаётга жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида фракциянинг қарори қабул қи­линди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.