31.05.2016

ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ БИЛАН

ишлаган одам яхши натижаларни қўлга киритади

Депутат давлат ҳокимиятининг олий, маҳаллий вакиллик органларида халқнинг ишончли вакили ҳисобланади. Шунинг учун унинг зиммасида сайловчилар манфаатларини ҳимоя этиш вазифаси туради. Бу жараёнда депутат катта ҳуқуқ ва ваколатга эга бўлиб, қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиши мумкин.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил инс­титути ҳудудий бў­линмаси ҳамкорлигида мазкур масалаларга бағишлаб семинар ташкил этилгани, унда интерактив усулларда маш­ғулотлар ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Хўш, депутатлар берилган ваколатлардан самарали фойдаланиш бўйича қандай таклифлар билдирди? Улар электорат манфаатини ҳимоя қилишда қандай ташаббуслар билан чиқишяпти?

Айни пайтда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 16 нафар ва халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида 195 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг шу даврига қадар сайловчилар мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 200 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган. Уларда кўтарилган ижтимоий масалаларнинг асосий қисми ижобий ҳал этилган. Шунинг­дек, депутатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига масала киритишда муайян ташаббусларни илгари сурмоқда.

Семинарда партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сирожиддин Аъзамовнинг айтишича, партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этишда жамоатчилик назоратининг аҳамияти катта, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахс­ларининг ҳисоботларини доимий комиссиялар ва сессияларда эшитиш, уларнинг ҳисоботларини шунчаки расмиятчилик кўринишида эмас, балки очиқ мунозара тарзида ташкил этиш керак.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Баҳриддин Холбўтаев жойларда қонунлар ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини йўлга қўйиш, бунда партия гуруҳларининг фракциялар билан ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш хусусида сўз юритди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари ­Мақсуда Ворисова партия гуруҳлари фаолиятига тўхталиб ўтди.

— Партия гуруҳлари ташаббуси билан доимий комиссиялар, сессиялар кун тартибига электорат манфаатларига қаратилган долзарб масалалар киритилмоқда, — дейди у. — Аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, кўп қаватли турар-жой биноларининг коммунал тизимини янада яхшилаш, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳудуд­ларни ободонлаштириш ва инф­­­ра­тузил­масини замон талабларига мослаштириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўтган йили халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тия­миз гуруҳлари электорат манфаатлари билан боғлиқ 24 масалани ўрганиб, сессиялар муҳокамасига киритишга эришди. Шундан 18 масала Ҳаракат дастури асосида ўрганилди.

Аммо бу борада барча партия гуруҳларини ҳам фаол, деб айта олмаймиз. Мисол учун, Оққўрғон, Бек­обод шаҳар ва туман, Паркент, Қуйи Чирчиқ туман Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар ўз ваколат ва имкониятларидан унумли фойдалана олмаяпти. Улар йил бошидан буён бирон-бир ижтимоий масалани кўтариб чиқишган эмас. Демократик тараққиётнинг ҳозирги босқичида ҳар биримиз фаолиятимизга яна бир бор танқидий баҳо беришимиз, партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш чораларини кўришимиз, электоратни ўйлантираётган масалаларни тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб, аниқ ташаббуслар билан чиқишимиз зарур.

— Халқ вакиллари ўз сайлов округларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни чуқур таҳлил эта билиши, аҳолининг кайфияти, айниқса, ижтимоий муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини мунтазам ўрганиб бориши талаб этилади, — дейди Пскент туманидаги «Дўнг­қўрғон» қиш­лоқ фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати ­Акромжон ­Жумаев. — Бунда сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва партия ташкилотлари билан доимий алоқада бўлиш яхши самара беради. Қишлоғимиздаги аҳолини ўйлантираётган масалалар, ижтимоий муаммоларни изчил ўрганиб боришга ҳаракат қиляпман. Мисол учун, ҳудудимизда ишлаб чиқариш яхши ривожланмаган. Ҳудуддаги коллеж эса айнан саноат ва ишлаб чиқариш бўйича мутахассисларни тайёрлайди. Шунинг учун битирувчилар бандлигини таъминлашда бироз қийинчиликлар юзага келяпти. Шу масалани ўрганиб, сессияга киритиш таклифи билан чиқмоқчиман.

Иштирокчилар партия гуруҳлари йиғилишларида тегишли ташкилот ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирокини янада кенгайтириш, партия гуруҳларининг бошланғич ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳақидаги таклифларни илгари суришди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида депутатларга гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулотлар ўтказилгани яхши тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.


* * *

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳамда ЎзХДП ташкилотлари ҳамкорлигидаги Бухоро вилоятида ўтказилган тадбирда ҳам маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ­фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Сўзга чиққанлар партия гуруҳларининг Давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишдаги иштироки, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига таъсир ўтказишнинг услубий жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтишди.

Семинарда партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолияти чуқур таҳлил этилиб, таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.