28.05.2016

КИТОБНИ ЎҚИНГ ВА СЕВИНГ

Ундан фақат эзгулик топасиз

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида «Адабиётга эътибор — келажакка, маънавиятга эътибор» шиори остида IV анъанавий Республика Китоб байрами ташкил этилди.

Истироҳат боғи ҳақиқий байрам кўринишида, ижодкорлар, ноширлар, матбаачилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ота-оналар, бобожону бувижонлар, болажонлар, ўқувчи ва талабалар билан гавжум. Турли нашриётларнинг китоб кўргазмалари ва стендлари ташкил этилган павильонларда юксак полиграфик ишловда чоп этилган бири-биридан чиройли рангли китоб­лар кўзни қувонтиради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид тадбирни очиб, йиғилганларни Китоб байрами билан табриклади.

— Китоб байрами арафасида Президентимизнинг ­Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисидаги Фармони ижтимоий ҳаётимизда катта маънавий воқеа бўлди, — деди у. — Шу кунларда мамлакатимизнинг барча вилоят, шаҳар ва туман марказларида китоб дўконлари ташкил этилиб, ана шундай китоб байрамлари ўтказиляпти.

— Китоб байрамининг ўтган йиллардагидан фарқи шундаки, бу йил пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун агентлик тизимидаги 150 дан зиёд нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамда соҳада фаолият юритаётган етакчи нашриётлар томонидан болалар ва катталар учун 10 га яқин хорижий тилда чоп этилган китоблар кўргазмаси ташкил этилди, — деди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Омонулла Юнусов. — Турли халқаро нуфузли китоб кўргазмаларида совринли ўринларни қўлга киритган китоблар намойишига бағишланган 70 га яқин кўргазма-стенд­лар ҳавола этилди. Боғнинг турли жойларига ўрнатилган телемониторларда нашриётлар фаолиятини акс эттирувчи ҳамда китобхонлик маданиятини тар­ғиб этишга бағишланган видеолав­ҳалар намойиш этиляпти.

Боғнинг энг кўринарли жо­йида «Ўзбекистон» матбаа ижодий уйи томонидан давлатимиз раҳбарининг сўнгги йилларда нашр этилган асарлари махсус стенди ўрнатилган бўлиб, бу ерда улар билан бевосита танишиш мумкин.

Боғ гавжум, одамлар оқими тинмайди. Нашриёт-матбаа ижодий уйлари ва етакчи ­нашриётлар ходимлари жажжи кичкинтойларга ранг-баранг суратли китобчалар сов­ға қилишмоқда.

— Мен тўрт ёшли қизчам Нилуфар ва жияним Ойбек билан Китоб байрамига келдим, — дейди қашқадарёлик ­Нодира Хушвақтова. — Бу ерда ҳақиқий халқ сайлини кўрдик, қизчамга, жиянимга чиройли эртак китобчалар олиб бердим.

— Бугунги ҳаяжонимни, қувончимни сўз билан ифодалаш қийин, — дейди ёзувчи Маҳкам Маҳмудов. — Бу маънавиятнинг, адабиётнинг байрами. Болалар адабиётини ривожлантиришга эътиборни қаранг. Ёшларимизга яратилган бундай имкониятни кўриб, болалардай хурсанд бўляпман, бола бўлиб ­яшаряпман.

Президентимизнинг «Адабиётга эътибор — маънавиятга эътибор, келажакка эътибор» деган гапини кўп эслайман. Болаларимиз мустақил фикрлай оладиган, дунёни, оқ-қорани танийдиган бўлиши учун кўпроқ китоб ўқиши зарур. Бу байрам қувончлари Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига уланиб кетиши ҳам бежиз эмас, бунда ҳам рамзий боғлиқлик бор.

— Мен 1-Тошкент юридик коллежининг ўқувчисиман, — деди Сирожиддин Оқилов. — Китоб байрами бўлишини эшитиб, тенгдошларим — ­Самандар Шермуҳаммедов, Фаррух Абдуллаев, Аъзам Ҳамидуллаев, Шаҳло Юсупова, Диёра Ўткирбекова, Зиёвуддин Сойибназаровлар билан бу ерга келдик. Ўзимизга ёққан китоблардан танлаб олдик, жуда хурсандмиз.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюш­маси раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ артисти Эркин ­Комилов ва бош­қалар йиғилганларни Китоб байрами билан табриклади.

Байрам доирасида таниқли адиб ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, мушоиралар, турли мавзуларда ­ин­теллектуал викториналар ўтказилди, ғолибларга китоб ва бошқа совғалар тақдим этилди. Нашриётлар томонидан байрам иштирокчиларига оилавий китоб ўқиш анъаналарини тарғиб қилиш мақсадида «Болаларда китоб ўқишга меҳр уйғотишда ота-оналарга маслаҳатлар» номли флайерлар тақдим этилди ҳамда «Китоб ўқишни ёқтирасизми?» мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказилди.

Тадбир доирасида катта концерт дастури намойиш этилди ҳамда «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Республика ёш томошабинлар ҳамда қўғирчоқ театрлари, турли болалар санъат гуруҳларининг чиқишлари уюштирилди.

Китоб байрамининг иккинчи куни «Китоб — миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси» мавзусида IV илмий амалий конференция бўлиб ўтди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.