28.05.2016

СЛОВЕНИЯ: ҲАР БИР СИЁСИЙ ПАРТИЯ

ўз ғоялари учун курашмоқда

Сўнгги йилларда Словенияда кечаётган сиёсий жараёнлар ­сиёсатчилар, таҳлилчи ва тадқиқотчилар эътиборини тортмоқда. Чунки, ушбу мамлакатда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат тобора кучайиб бормоқда.

Буни 2014 йил 13 июлда муддатидан аввал ўтказилган парламент сайлови ҳам кўрсатиб берди. Гап шундаки, 2011 йилги сайловда фуқароларнинг 28,55 фоиз овози эвазига парламентда 28, яъни энг кўп ўринни қўлга киритиб, ғолиб бўлган «Ижобий Словения» партияси бу гал парламентдан жой ололмади. Шундан хулоса қилиш мумкинки, ҳар бир сиёсий партия жамиятда қандай мавқега эга бўлишидан қатъи назар, доимий равишда сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини ўрганиши, уларнинг манфаатларини ифодалаши, ҳимоя қилиши зарур. Акс ҳолда, ҳар қандай партия тез обрў йўқотади.

Агар эътибор қаратадиган бўлсак, Словенияда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, иш ўринлари яратиш, кексаларни қўллаб-қувватлаш сингари ғоялар тарафдори бўлган ­сиёсий партиялар кўпчиликни ташкил этади. Мисол учун, сўнгги парламент сайловида 19 мандат билан иккинчи ўринни банд этган Словения демократик, 10 мандат билан учинчи бўлган Пенсионерлар демократик пар­тия­ларининг дастурларида айнан шундай ғоялар ўрин олган.

Мамлакатдаги энг йирик сиёсий кучлардан бири — Словения демократик партияси 1989 йилда ташкил этилган. Мазкур давлатнинг бугунги тараққиётида ушбу партия муҳим ўрин тутади.

Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали парламент — Миллий мажлис ва Миллий кенгаш ташкил этади. Шунингдек, ижро ҳокимиятини Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Миллий мажлисда 90 депутат фаолият юритади. Улар умумий, тенг, тўғридан-тўғри ҳамда яширин овоз бериш йўли билан тўрт йил муддатга сайланади. Депутатларнинг 88 нафари пропорционал, бир нафари италян, яна бир нафари венгер миллий жамиятидан мажоритар сайлов тизими асосида сайланади.

Сайлов кампанияси марказий сайлов комиссияси томонидан молиялаштирилади. Уларга бир хил эфир вақти ҳамда босма оммавий ахборот воситаларидан тенг миқдорда жой ажратилади.

Миллий мажлис ўз фаолиятини депутатлар таркибининг учдан икки қисми овози билан қабул қилинадиган регламентга мувофиқ олиб боради. Мажлис раиси кўпчилик овоз билан сайланади. 2014 йилдан буён Милан Брглез қуйи палата спикери ­сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Мамлакат қонунчилигига кўра, парламент сайловини Президент эълон қилади. Парламентга сайлов амалдаги депутатларнинг ваколат муддати тугашига кўпи билан икки ой, камида 15 кун қолганида ўтказилиши лозим. Миллий мажлис тарқатиб юборилган тақдирда парламентнинг янги таркиби икки ой ичида сайланиши шарт.

Парламент қонун ва қарорлар қабул қилиб, халқаро шартномаларни ратификация этади. Ўзига хос хусусият шундаки, Словения­да сайловчиларнинг камида беш минг нафари ташаббуси билан ҳам қонун лойиҳалари илгари сурилиши мумкин.

Миллий кенгаш юқори палатага хос ваколатларга эга, 40 аъзодан иборат. Уларнинг 22 нафарини маҳаллий ҳокимият органлари сайловчилари сайлайди. Палатага сайланадиган аъзоларнинг 18 нафари иш берувчилар касаба бирлашмаси, ­маданият, таълим, илм-фан, ­саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, хусусий тадбиркорлар ҳамда бош­қа касб эгаларидан иборат бўлиши керак. Палата аъзоларининг ваколат муддати — беш йил. Улар мунтазам фаолият юритмайди, парламент депутатлари маошининг 30 фоизига тенг миқдорда ҳақ олади.

Қонунчиликка кўра, Миллий кенгаш раиси 2,5 йил муддатга сайланади. Унинг ваколати яна шунча муддатга, яъни палата аъзолари ваколати тугагунига қадар давом этиши мумкин. Миллий кенгаш ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан мажлислар ўтказади, Миллий мажлис кўриб чиқиши учун қонун ло­йиҳаларини илгари суради.

Умуман олганда, бугунги кунда Словенияда ўндан ортиқ катта-кичик сиёсий партиялар фаолият юритмоқда. Партияларнинг асосий йўналиши мамлакатни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг яхши яшаши, турмуш даражасини кўтаришга қаратилган. Кейинги сайловларда ана шу йўналишда ўз сўзини айта олган сиёсий партиягина сайловчилар ишончини қозониши мумкин.

 

Интернет материаллари асосида

Нурали ПРИМҚУЛОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.