28.05.2016

ҲАЁТ БИЛАН ҲАМҚАДАМ ОДАМ

албатта орзу-мақсадларига эришади

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгашининг ташаббуси билан амалий семинар бўлиб ўтди. Унда «Партия тизимидаги хотин-кизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларда етакчилик сифатларини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари» мавзуси бўйича маърузалар тингланди, тав­сия­лар берилди. Амалий маш­ғулотлар ўтказилди...

Тадбир бошланишидан аввал Қарши шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Юлдуз Тўрақулованинг хонасига кирдим. Ҳамиша ундан бир янгилик эшитардим. Бу сафар ­Юлдуз ҳозир шаҳардаги 3 минг­дан ошиқ аъзоларимизнинг 1,7 минг нафари хотин-қизлар эканини айтиб, ёнидаги ёшлардан бири — шаҳардаги қурилиш коллежида ўқиётган Азиза Қўзибоева билан таништирди. У яқинда «Ёш сиёсатчи — 2016» танловининг шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритибди.

Биргаликда вилоят кенгаши жойлашган бинога етиб келдик. Ахборот-маърифат хонасига кирганимизда, анча ёшлар, депутатлар, фаоллар тўпланишган экан. Яқинда фуқаролар йиғинига ўтган сайловда «Дарвозатутак» маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланган, Қарши шаҳар Кенгашидаги депутатимиз Ханифа Панаевани табриклаб, ўзаро суҳбатлашдик.

— Мен семинарга келган ёшларга ўтган йили ёзда Касби туманидаги унутилмас учрашув ҳақида гапириб бераётгандим, — дейди Ғузор туманидаги «Зарбдор» ҚФЙ ­раиси, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Раъно Жонқувватова. — Ўша учрашувда сўзга чиқиб, Президентимизга совет замонида Москвада халқ депутатлари қурултойига борганимизда юз берган бир воқеани эслатдим. Ўшанда у киши вилоятимиз раҳбари эдилар. Арбат кўчасида сайр қилиб юрганимизда ­Наманган вилоятидан ўқишга борган аспирантлар «Ўзбекистонимизнинг аҳволи қандай кечади?», деб мурожаат қилишганди. Шунда раҳбаримиз комил ишонч билан: «Ўзбекистоннинг келажаги буюк. Аммо уни ўз қўлимиз билан яратамиз», деб жавоб берган эдилар. Яратганга шукрки, қутлуғ орзу амалга ошди. Президентимиз бу воқеани унутмаган эканлар, дарров ишим, оилам, фар­занд­ларим ҳақида сўрадилар. Шундай улуғ инсоннинг қалб ҳарорати юрагимни эритди, кўзларимга ёш қуйилиб келди. Учрашувдан қайтгач, сайловчиларга, ҳамқишлоқларимга мамлакатимиз раҳбарининг оилани мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, хотин-қизларга ғамхўрлик ва бошқа масалалар ҳақидаги фикрларини ҳикоя қилиб бердим. Депутат сифатида Навоий машина трактор паркига ўтадиган кўприкни соз­лаш сўрови билан чиқдим, ҳозир таъмирлаш ишлари бошланган. Ўзимиз янги идора биносини қуриб олдик. Яқинда 15 та тикув машинаси келтириб, кичик цех очдик, қишлоқ аёллари ишли бўлди, ҳаёт билан баробар қадам ташлашга уриниб, тиришиб келяпмиз. Баҳони эса одамлар беради...

Менинг назаримда, бу суҳбат ва мулоҳазалар тадбирнинг биринчи ва энг муҳим қисми эди. Расмиятчиликдан холи, ҳаёт ташвишлари, орзу-умидлар билан боғлиқ гу­рунг­лар одамга кўп нарса беради, ёшлар бундан катта ибрат олади.

Хуллас, тадбирнинг иккинчи қисми — маъруза ва ­муҳокамалар бошланди. ЎзХДП вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти раиси Шаҳло Худой­қулова маърузасининг ўзига хослиги — маълумотлар кўп­лиги ва аниқ таҳлил эди. Жумладан, у «Фаол аёллар» қаноти босиб ўтган йўл, эришган ютуқлари, етакчиларни танлаш ва бошқа масалаларга кенг тўхталди. Айни пайтда вилоятдаги партиямиз аъзоларининг 36,6 фоизи хотин-қизлар эканига эътибор қаратилди. Ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 2 нафар, вилоят Кенгашига 5 нафар, шаҳар ва туман кенгашларига 26 нафар партиямиз аъзоси бўлган аёллар депутатликка сайлангани айтилди. Бундан ташқари, 846 бошлан­ғич ташкилотнинг 216 тасида хотин-қизлар етакчилик қилиши таъкидланди.

Тадбирда «Аёллар соғлиғи — жамият бойлиги», «Ижти­моий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» лойиҳалари, «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дас­турига оид мулоҳазалар, тавсияларни кўпчилик қизиқиб тинглади.

Семинарда жонланиш сезилди. Иккинчи нотиқ — ­Маънавий тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Лола ­Саодатова тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш масалалари ҳақида куюнчаклик билан фикр-мулоҳазалар билдирди.

— Ҳозир Қарши шаҳар аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи хотин-қизлар, — деди Қарши шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Жамила Тўрақулова. — Аввало депутат, партия фаолининг ўзи одамларга ўрнак бўлиши, амалий ишларнинг бошида туриши керак, деб ўйлайман. Депутат сифатида шунга эътибор қаратяпман. Ҳозиргача 12 аёлга ўз ишини йўлга қўйиши учун кредит олишда ёрдам кўрсатдик. Яна 50 дан ортиқ оилага меҳнат шарт­номаси тузишга кўмак бердик. Тегишли депутатлик сўровидан сўнг ўзим сайланган «Отчопар» маҳалласидаги эски трансформатор янгисига алмаштирилди. Энди ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича излан­япмиз.

Тадбир қизғин савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар асосида давом этди. Унда Саломатлик ва тиббий статистика инс­титути вилоят филиали директори Шоира Ғаниева, Деҳқон­обод туманидаги «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Дилором Хайитова анча фаоллик кўрсатди.

Шундан сўнг амалий маш­ғулотлар бошланди. Ғузор туманидаги 4-мактабгача таълим муассасаси мудираси Наргиза Қобилова, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг Қарши шаҳар босқичи ғолиби Азиза Қўзибоева ва бошқалар хотин-қизлар ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш масалаларида ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Амалий семинар ва машғулотларни партия ­вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Музаффар ­Туропов олиб борди.

 

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.