28.05.2016

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ –

қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим воситаси

2016 йил 11 апрель куни қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган меъёрларнинг аҳамияти ҳақида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди Хушвақт ҲАЙИТОВ билан суҳбатлашдик.

— Ислоҳотларнинг бугунги бос­қичида ушбу қонун қабул қилинишига қандай эҳтиёж бор эди? Аввало, шу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз.

— Мазкур қонун қабул қилинишига бўлган эҳтиёж тараққиётнинг «ўзбек модели», унинг тамойиллари ҳамда мамлакатимизда шаклланган парламентаризм тажрибасидан келиб чиқади. Айтиш керакки, ўз вақтида мамлакатимизда икки палатали парламентнинг шакллантирилиши бу борада долзарб аҳа­мият касб этди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини сезиларли даражада юксалтириш, унинг ваколатларини кенгайтириш, қонунларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича ижро органлари масъулиятини кучайтиришга хизмат қилувчи ташаббуслар илгари сурилди.

2011 йил 18 апрелда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, парламент сайловида ютиб чиққан сиёсий партиялар тақдим этган Бош вазир номзодининг парламент томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳақидаги конституциявий тартибнинг белгиланиши, ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми институтининг жорий этилиши ва бошқа қатор чора-тадбирлар ўз мазмун-моҳияти билан мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Шунингдек, 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонун асосида ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ижро ҳокимияти органлари фаолия­ти устидан қонун чиқарувчи олий орган ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг назорат функ­цияларини кучайтириш механизмлари янада такомиллашди.

Шулардан келиб чиқиб айтиш керакки, босқичма-босқич қабул қилинган мазкур қонун ҳужжатларининг мантиқий давоми сифатида «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун долзарб аҳамиятга эга.

— Албатта, парламент назоратини амалга ошириш ўзига хос ва мураккаб жараён ҳисобланади. Шу ўринда парламент назоратининг механизмлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Қонунда парламент назорати субъектлари аниқ белгилаб берилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати, уларнинг қўмиталари ва комиссиялари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ҳамда парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назорати субъектлари ҳисобланади. Яъни, ана шулар парламент назоратини амалга оширади.

Шунингдек, қонун парламент назоратининг илгари турли қонун ҳужжатларида тарқоқ ҳолда бўлган шаклларини тизимлаштириш билан бирга, ҳозирги кунгача қонунчиликда акс этмаган янги шаклларини ҳам жорий этди. Хусусан, қонун орқали янги «парламент текшируви» институти жорий қилинди. Унга асосан жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан парламент текширувлари ўтказилиши мумкин.

Бунинг учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан комиссия тузилади. Комиссия парламент текширувини ўтказишда бир қатор ҳуқуқларга эга. Жумладан, комиссия давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассислар, экспертлар ва олимларни комиссия ишига жалб этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, бош­қа ташкилотлардан, шунингдек, фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бош­қа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек, фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф қилишга ҳақли. Комиссия Олий Мажлис палаталарининг қарорига мувофиқ қонун доирасида бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, қонунда Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш масаласи ҳам белгиланган. Бу эса мамлакатда қонун устуворлигини, прокуратура органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

— Парламент назорати натижалари қай тартибда кўриб чиқилади? Ушбу масала ҳам жуда долзарб ва кўпчиликни қизиқтирмоқда.

— Қонунда парламент назорати натижаларига оид тартиб-қоидалар ҳам алоҳида белгиланган. Унга кўра, парламент назорати субъектлари ўз ваколатлари доирасида парламент назорати натижалари бўйича қуйидагиларни амалга оширишга ҳақли: Ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун таклиф киритиш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига тегишли таклиф ва тавсиялар бериш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан киритилган маъруза, ҳисобот ёки ахборотларни ҳамда бошқа материалларни (мулоҳазалар ва таклифларни кўрсатган ҳолда) маромига етказиш учун қайтариб юбориш.

Шунингдек, парламент назорати материалларини кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органларига юбориши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дар­ҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин.

Қолаверса, парламент назоратини амалга оширувчи субъектлар мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш, уларни лавозимидан озод этиш тўғрисида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таклифлар ва тавсиялар киритиш каби ваколатлардан фойдаланади.

— Парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни кўриб чиқиш ҳамда ижро этишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қандай вазифаларни амалга оширади?

— Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари парламент назорати субъектлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг кўриб чиқилиши ва ижро этилишини таъминлайди. Бошқача айтганда, парламент таклиф ва тавсияларини амалга ошириш бўйича зарур тадбирларни ишлаб чиқади, бу борада қарорлар қабул қилади. Бу ҳақда парламент назорати субъ­ект­ларини хабардор этади, қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўради.

Хулоса сифатида айтиш керакки, парламент назоратининг изчил йўлга қўйилиши жамиятимизда қонунлар ижросини таъминлаш, давлат бошқарувида парламентнинг таъсир кучини ошириш, ижро ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдида масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.