26.05.2016

ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ ВА ХАЛҚАРО АМАЛИЁТ

Тошкентда «Давлат органлари ва ННТ ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Адлия вазирлиги, ЕХҲТ, Ф.Эберт номидаги жамғарманинг (ГФР) Ўзбекистондаги ваколатхоналари, «Минтақавий мулоқот» хал­қаро ноҳукумат ташкилотининг (Словения) мамлакатимиздаги филиали, Япониянинг Цукуба университети, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъул ходимлари, ННТ ва ОАВ ходимлари, шунингдек, Франция, Германия, Голландия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар илмий-тадқиқот марказлари экспертлари, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, халқ­аро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари ҳимоя қилинадиган кучли фуқаролик жамияти ривожланаётгани таъкидланди. Бу мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ кенг кўламли демократик ўзгаришларнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистонда аҳоли манфаатларини қўллаб-қувватлайдиган, мустақил ва бар­қарор нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга оширилди. Уларнинг эркин фаолият юритишига хизмат қилувчи 200 дан ортиқ қонун ва қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олган ҳуқуқий база яратилди.

— Фуқаролик жамияти инс­титутларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизимнинг яратилиши ННТ фаолиятини кенгайтириш ва уларнинг молиявий жиҳатдан барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов. — 2008 йил парламент ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилиб, унда депутат ва сенаторлар лойиҳаларни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги, йўналишлари ва миқдорини белгилайди.

Кейинги етти йил мобайнида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш мақсадлари учун ҳар йили давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни очиқ-ошкора, манзилли ва адолатли тақсимлаш доирасида жамоат фонди томонидаи 47,7 миллиард сўм маблағ субсидия, грант, ижтимоий буюрт­ма шаклида йўналтирилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Концепция асосида ўтган давр мобайнида «Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», «Экологик назорат тўғрисида», «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Конституциямизга киритилган тузатишларга мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати инс­титути конституциявий мақомга эга бўлди. Улар фуқароларнинг ахборот олиш, ҳар бир фуқаронинг давлат ва жамият ишларини бошқариш бўйича конституциявий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлади.

— Ўзбекистонда мустақилликнинг илк давридан ўзига хос тараққиёт модели танланган, — дейди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Мак Грегор. — Бу жараёнда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш устувор бўлгани ва у ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётгани амалда ўз исботини топмоқда. Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси ННТларнинг асосий фаолият йўналишига айланган. «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани муҳим воқеа бўлди. Ушбу йўналишларда самарали ҳамкорлик ўрнатганимиздан мамнунмиз.

Турли йўналишдаги ННТлар фуқаролик жамиятининг институционал асосини ташкил этади. Улар давлат ва жамият ўртасидаги мувозанатни таъминлайди. Мавжуд ижтимоий-иқтисодий, гуманитар муаммоларни аниқлаб, жамиятни уларни ҳал этишга сафарбар қилади. Фуқароларнинг ўз салоҳия­тини намоён этишга хизмат қилади. Кейинги 5 йил ичида ННТлар сони 1,6 бараварга ўсиб, 8,4 мингдан ошди.

— Фуқаролик жамияти инс­титутлари ривожланиши нафақат аҳоли манфаатлари таъминланиши, балки мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади, — дейди Глобал хавфсизлик ва сиёсат дастури бўйича инновациялар халқаро бошқаруви маркази катта илмий ходими Маргарет Скок (Канада). — Ўзбекистонда ННТлар тармоғи кенгайиб бораётгани, жамият ҳаётининг барча қатламларига кириб бораётгани болалар, ёшлар, аёллар ҳуқуқларини таъминлашга, турли ижтимоий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашаётгани диққатга сазовор.

— Қонунчилигингизда ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари сифатида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғини сақлаш, баркамол авлодни шакллантириш каби масалалар назарда тутилгани эътиборга молик, — дейди Ханянг университетининг Осиё ва Тинч океани тадқиқотлар маркази профессори Бюн Хан Суб (Жанубий Корея). — Чунки ушбу масалалар ечими ижтимоий тараққиётнинг муҳим омилидир. Улар Ўзбекистон қонунчилигида акс этгани ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда.

Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий механизмлари асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан энг муҳим ижтимоий-иқтисодий, гуманитар муаммоларни ҳал этиш бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ижтимоий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар юксак самаралар бераётир. «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунга биноан мамлакатимизнинг барча вилоятларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида Ижтимоий шериклик бўйича жамоатчилик комиссиялари фаолият юритмоқда. Улар ўзаро ҳамкорликнинг устувор соҳаларини белгилайди, ташаббусларни кўриб чиқади. Бир томондан давлат органларининг эьтиборини мавжуд муаммоларга қаратади, иккинчи томондан ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини асосий ҳудудий давлат дастурларини амалга оширишга жалб қилади.

— ННТлар томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, ижтимоий лойиҳалар Ўзбекистонда давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани эътиборга лойиқ, — дейди «Maeсenata» филантропия ва фуқаролик жамияти институти директори Руперт Штрахвитц (Германия). — Мамлакатингизда соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби катта ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича муҳим давлат дастурларини амалга оширишда ННТлар иштирокининг ҳуқуқий асоси яратиб берилган. Хусусан, атроф-муҳитни ҳимоя қилишни таъминлаш тизимида ННТларнинг роли ва ўрнини белгилашга қаратилган «Экологик назорат тўғрисида»ги қонун мавжуд. Буларнинг амалий ифодаси кенг тармоқли экологик ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Давлат бу борада жуда катта потенциалдан фойдаланаётгани, уларга зарур барча шарт-шароитни таъминлаб бераётгани ўрганишга арзийдиган тажриба.

Жорий йилда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури, тегишли ҳудудий дастурлар ижросида 352 ННТ, жумладан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди каби йирик ташкилотлар қатнашмоқда. Ҳар йили ўтказиладиган Ўзбекистон ННТ миллий форумида давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг иштирок этиши, шунингдек, турли соҳаларда ижтимоий шериклик ҳақидаги битим ва меморандумлар имзоланиши ҳам анъанага айланди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан 2015 йил май-июнь ойларида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, сўровда қатнашган ННТларнинг 72 фоизи кейинги тўрт йил ичида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини муҳокама қилишда иштирок этган. ННТ фаоллари давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан тузилган элликка яқин доимий асосда ишловчи идоралараро комиссиялар (кенгашлар, ишчи гуруҳлар) таркибига киради. ННТ ва давлат органларининг ҳамкорликда ташкил этадиган қўшма тадбирлари ҳам кенг тарқалди, кўп ҳолларда уларнинг ташаббускорлари ННТлардир.

— Ўзбекистонда ННТлар ичида маҳалла институти, унинг аҳоли барча қатлами манфаатларини ҳимоя қилиши эътиборга лойиқ, — дейди Япониядаги Цукуба университетининг гуманитар ва ижтимоий фанлар олий мактаби доктори Натан Гилберт Куимпо. — Халқингизнинг азалий қадриятларини ўзида мужассам этган ушбу институт кўмакка муҳтож инсонга ёрдам кўрсатиш, ёшларни етук инсон қилиб тарбиялаш билан бирга давлат органлари бажариши керак бўлган 30 дан ортиқ вазифа ва ваколатни ўз зиммасига олган. Бу билан маҳалла давлатнинг муҳим таянчига айланган. Албатта, дунёда муқобили бўлмаган ўзбекона маҳалла институтининг аҳамияти ва ролини чуқур ўрганиш зарур.

— Мамлакатингизда жамият ҳаётининг барча қатламини қамраб олган кенг тармоқли ННТлар жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлдик, — дейди Осака университети профессори, «Nonprofit Review» ноҳукумат ташкилоти журнали муҳаррири Наото Ямаучи (Япония). — Бу Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани самарасидир. ННТ соҳасининг фаоллари, халқаро экспертларни жамлаган мазкур йирик анжуман соҳадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.

Анжуманда Ўзбекистон, Франция, Германия, Голландия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги тажрибаси батафсил кўриб чиқилди.

— Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик фуқаролик инс­титутларининг эркин фаолият юритишига замин яратмоқда, — дейди «MEWA» таълим ва ижтимоий таъминот ассоциацияси бош котиби, Европа истиқбол ва хавфсизлик институти катта илмий ходими Патрисия Лалонде (Франция). — Мамлакатингизга бундан ўн йил олдин келгандим. Ўтган даврда жуда катта ўзгаришлар юз берганига гувоҳ бўлдим. Бунда демократик ислоҳотлар амалга оширилгани ўзига хос ўрин тутган, албатта.

— Ўзбекистонда яратилган фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий қонунчилик асослари халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мувофиқ келади, — дейди Жамму Марказий университетининг гуманитар ва ижтимоий фанлар мактаби профессор ассистенти Говинд Кумар Инакхия (Ҳиндистон). — Мамлакат Асосий қонунида жамоатчилик назорати институти мавжудлиги фуқаролик институтларига катта ҳуқуқ беради.

Халқаро конференцияда бугунги куннинг долзарб масалалари сифатида аҳолининг ННТ фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, ННТ раҳбарлари ва ходимларининг касб малакаси оширилиши учун шароит яратиш, барқарор қўшимча молиявий манбаларни шакл­лантириш каби вазифалар хусусида сўз юритилди. ННТ ходимларининг ижтимоий муҳофазасини, малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди. ННТ ва давлат ор­ганлари ижтимоий шериклигини янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Анжуман доирасида «Ёруғ келажак сари — биргаликда!» деб номланган ННТ вакиллари томонидан яратилган ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда «ННТ ҳаётининг бир лаҳзаси» мавзуида фотогалерея ташкил этилди.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.