26.05.2016

ТАШАББУСКОР ПАРТИЯ ГУРУҲИ

ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишга эришади

Нукус шаҳрида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ҳамда ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши ҳамкорлигида семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, партия фаоллари, депутатлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг қонунчиликда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва ваколатларини амалга ошириш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, партия гуруҳлари аъзоларининг нотиқлик кўникмаларини шакллантириш масалаларида фикр алмашинди.

Семинар давомида партия гуруҳларининг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига таъсир ўтказишнинг услубий жиҳатлари кўриб чиқилди. Бунда уларнинг жойларда қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишдаги иштирокини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

— ЎзХДПнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида 2016 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 15 масала белгиланган бўлиб, шундан бугунги кунгача 11 масала партия гуруҳларида, 4 масала доимий комиссия мажлисларида кўр­илган ва 4 масала сессия кун тартибига киритилган, — деди ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши бўлим мудири Саламат Турсинов. — Ҳаракат дастуридан ташқари, электорат манфаатлари билан боғлиқ яна 5 масала партия гуруҳларида кўрилган.

Сессияга олиб чиқилган ҳар бир масала ижтимоий ҳимояни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис қанча кўп масала депутатлар томонидан таклиф этилиб, ўрганилса, одамларни, сайловчиларни ўйлантираётган камчиликлар бартараф этилади.

Семинарда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойлардаги ОАВ ва партия нашр­лари билан ҳамкорлигини самарали ташкиллаштириш ҳақида қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— 2015 йил ҳамда жорий йилнинг шу даврига қадар туман Кенгашининг пленумлари ҳамда ижроқўм йиғилишларида депутатлар фаолиятини кучайтиришга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар белгиланиб, улар изчил амалга ошириляпти, — деди халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Махсуд Саъдуллаев. Партиямиз гуруҳининг ўтган йилга мўлжалланган иш режасига асосан, жами 9 масала кўриб чиқилган бўлса, 2016 йил иш режасига асосан, ҳозиргача 4 масала кўрилди. Улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, туман Кенгашига таклифлар бериб борилмоқда.

Тадбирда партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолияти атрофлича таҳлил этилди. Барча масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Худди шундай семинар Андижон вилоятида ҳам ташкил этилди. Унда ЎзХДП вилоят кенгаши масъул ходимлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси вакиллари, депутатлар ва Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирок этди.

— Холис таҳлил этадиган бўлсак, ўтган йили партия гуруҳларимиз муҳим ташаббуслар билан чиқди, муайян амалий натижаларга эришилди, — деди вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Абдулҳамид Нурматов. — Шу билан бирга, олдимизда муҳим вазифалар ҳам турибди. Жумладан, электорат манфаатлари билан боғлиқ қонун ва қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш усулларини такомиллаштириш йўллари ҳақида ўйлашимиз керак.

Шунингдек, вилоят партия ташкилоти етакчиси аҳолининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳимоя қилишда депутатлик сўрови институти имкониятларидан самарали фойдаланиш долзарб вазифа эканига эътибор қаратди. Депутатлар юбораётган сўровлар асосида мансабдор шахсларнинг доимий комиссиялар мажлислари ҳамда сессияларда ахборот беришини ташкил этишга эришиш зарурлиги таъкидланди.

— Ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, ўйлаган режа ва мақсадларини ҳаётга татбиқ қилиш депутатдан тинимсиз изланиш, меҳнат ва ҳаракат талаб этади, — дейди ЎзХДП Бўз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Матлубахон Тўйчиева. — Бу борада ҳудуддаги давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ўзини ўзи бош­қариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш депутатларимизга ҳар томонлама қўл келади, деб ўйлайман.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.