26.05.2016

УЛУҒ ОРЗУЛАР РЎЁБИ

Президентимиз Ислом Каримовнинг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонини ўқиб

Мамлакатимизда буюк мутафаккир шоир номи билан аталувчи махсус университет ташкил этилиши янги куч, янги ташаббуслар, зўр шижоат билан миллий маънавиятимиз равнақи йўлида хизмат қилиш, она диёримиз кўрку жамолини, бунёдкор хал­қимиз эришаётган улкан муваффақиятларни тараннум этиш истагини янада кучайтирди. Беихтиёр 1989 йилда она тилимизга давлат тили мақоми берилган тарихий онлар ёдимга тушди...

Ўшанда халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида ҳур фикрлилик, озодлик туйғулари қулоч ёйиб, кўкка ўрлаётган бир пайтда республикамиз раҳбари томонидан «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани катта байрамга, қувончли, унутилмас лаҳзаларга айланиб кетганди! Бу кун халқимизнинг ғурурини тиклаган, ўзлигимизни қайтариб берган, ёруғ оламга келиб илк бора сўзлатган муқаддас тилимизда каттаю кичик минбарларда эмин-эркин сўзлаш, армонлару орзу-интилишларимизни, улуғ мақсадларимизни ифода этиш ҳуқуқини инъом этган кун эди! Бу она тилимиздан, муқаддас динимиздан, қадимий ва бой тарихимиздан айириб, бизни таназзулга элтмоқчи бўлган кучларга қарши мардонавор зарба эди.

Президентимиз раҳнамолигида дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этишдек буюк мақсад йўлидан дадил бораётган Ватанимизнинг, юртдошларимизнинг бугун қадди тик, тили бурро, ғурури осмон. Ёшларимиз дадил, ўзига ишонган, янгиликка интилувчан. Улар дунё ёшлари билан беллашиб, ҳеч кимдан кам бўлмай, улуғ миллат вакиллари, буюк сиймоларнинг ворислари эканини юракдан ҳис этиб, аниқ мақсад сари одимламоқда, илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритмоқда. Юртимиздаги барча миллат вакиллари ўз она тилида эркин сўзлашиш, ижод қилиш ҳуқуқига эга. Айниқса, улар ҳам гўзал ва қадимий ўзбек тилида сўзлашаётганликлари, бу тилни ўрганиш иштиёқида бўлган хорижликлар сафи ортиб бораётгани ғоят қувонарлидир.

Она тилимиз ва миллий адабиётимиз равнақи ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширади. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибордир. Фармонда қайд этилганидек, аждодларимиз қолдирган бой илмий, адабий, маънавий меросни дунёга танитиш, ҳаётимиз ойнаси бўлган адабиётимиз хазиналарини жаҳон тилларига таржима қилиш, ўз навбатида, жаҳон адабиёти дурдоналарини она тилимизга ўгириш орқали халқаро миқёсдаги эътирофга эришиш мумкин.

Бахтиёр фарзандларимиз бу йил буюк мутафаккир, она тилимиз имкониятлари нечоғли кенг эканини ўз асарларида юксак маҳорат билан тараннум этган Алишер Навоий номи билан аталувчи Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг қалдир­ғоч талабаси бўлиш имкониятига эгадирлар.

Улуғ аллома ва адибларимиз, маърифатпарвар боболаримизнинг илму фан ва адабиёт равнақи йўлидаги улкан хизматларининг узвий давоми сифатида ушбу олий ўқув даргоҳи она тилимизнинг тарихий илдизларини, ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асосларини, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали кадрлар тайёрлаб бериши ва олдига қўйган бошқа барча мақсадларига эришиши шубҳасиз.

 

Хуршида ҚЎЧҚОРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари.

 ЎзА.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: