Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
26.05.2016

БУГУН ГЎЗАЛ ФАРҒОНАДА

гўзал спорт байрами бошланади

26-29 май кунлари Фарғона шаҳрида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Универсиада — 2016» мусобақаларининг финал бос­қичи бўлиб ўтади. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган жамоалар беллашади.

Дастлаб Универсиада мусобақалари 9 спорт тури бўйича ташкил этилган бўлса, бугунги кунга келиб улар 15 тага етди. Булар спортнинг баскетбол, волейбол, кураш, белбоғли кураш, дзюдо, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, футбол, гандбол, шахмат ва сузиш турларидир.

Бу йил еттинчи марта ўтказилаётган универсиада ҳар қачонгидан ҳам завқли ва тантанали бўлиши кутилмоқда.

Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Фарғона олимпия захиралари коллежидаги спорт заллари замон талаблари асосида таъмирланиб, жиҳозланди.

Мусобақа иштирокчиларининг яшаши, овқатланиши ва мазмунли дам олиши учун барча шароитлар муҳайё этилди. Фарғона давлат университети ва Фар­ғона политехника институтининг талабалар турар-жой бинолари таъмирдан чиқарилди.

— Илгари бу қадар улкан қурилишларни амалга ошириш ҳақида ҳатто орзу қилиш ҳам қийин эди, — дейди физика-математика фанлари доктори, профессор Банноб Отақулов. — Университет ҳудуди бугун бир неча бор кенгайиб, барча қулайликларга эга футбол майдончаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, ёпиқ спорт зали қурилиб, талабалар ихтиёрига топширилди.

Вилоят марказида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, хиё­бон ва кўчаларда гулзорлар ташкил этилди. Фарғона, Маърифат, Мураббийлар каби марказий кўчалар замонавий меъморчилик анъаналарига мувофиқ таъмирланди. Барча кўчаларга Универсиада, спорт, ёшлик улуғланган паннолар, шиорлар ўрнатилди.

— «Универсиада — 2016» мусобақалари муносабати билан кўча ва хиёбонларга турли хил 400 мингдан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилди, — дейди Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Машрабжон Мирхолиқов. — 10 мингдан зиёд эман, каштан, сосна дарахт­лари парваришланаяпти. 10 гектар майдонда янги майсазорлар барпо этилди. 16 минг туп манзарали дарахтга ишлов берилди. Кичик хал­қа йўли, Қувасой, ал-Фар­ғоний, Алишер Навоий кўчаларининг четларига райҳонлар экилди.

Спорт мусобақаларида 1068 нафар спортчи ва мураббий, 155 нафар ҳакам ҳамда юртимизнинг машҳур спортчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашади.

— Президентимизнинг «Маррани ҳамиша баланд олиб, билимга, изланиш ва ўрганишга интилиб яшанг, ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим!», деган даъвати миллионлаб ёшларимиз қалбида машъала бўлиб порламоқда, — дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши раиси Шерзод Полвонов. — Кенгашимиз томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида Универсиада мусобақалари олдидан вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларидан ёшлар вакилларининг Фарғона шаҳрига саёҳати уюштирилди. Мусобақалар жараёнида маданий-маърифий тадбирлар дастурига асосан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида санъаткорлар иштирокида байрам шодиёналарини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, Универсиада иштирокчилари ва меҳмонларининг Фарғона ва Мар­ғилон шаҳарларидаги тарихий обидалар, музейлар, театрлар ҳамда янги барпо этилган иншоотларга саёҳати ташкил этилади.

Спорт мусобақалари очилишида ёқиладиган машъала Паркент туманидаги «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида табиий нур қуввати билан олов олдирилди. У Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари оша 364,5 км. йўл босиб, Универсиаданинг очилиш тантанасига етказиб келинади.

Ҳудудларда машъала шарафига кенг жамоатчилик иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Машъалани элтадиганлар орасида спортчи ёшлар билан бир қаторда Қўқон шаҳри, Учкўприк, Бағдод, Риштон, Данғара, Олтиариқ туманларида яшовчи таниқли инсонлар, спорт ва меҳнат фахрийлари ҳам бор. Бугун машъала Фар­ғона шаҳрига, «Истиқлол» стадионига етиб келади.

Универсиада мусобақаларида қатнашиб, кейинчалик халқ­аро майдонларда ўзини кўрсатган спортчилардан дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ҳамда Лондон Олимпиа ўйинлари сов­риндори Ришод Собиров, жаҳон чемпионати совриндори Дилшод Чориев, ўзбек спортчи қизлари орасида биринчи халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова, Осиё ўйинлари совриндори, Халқаро шахмат устаси Нодира Нодиржонова, белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров, енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Светлана Радзивил, Осиё ўйинлари ғолибаси Юлия Тарасова, сузиш бўйича кўплаб рекордлар соҳибалари Раъно Амонова, Юлдуз Қўчқорова, бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар ўртасида халқаро мусобақа ғолибаси Азиза Мамажонова ва бош­қа кўплаб спортчилар бугун ёшларимизнинг фахрига айланишди.

Ҳеч шубҳа йўқки, Фарғонада бўлиб ўтадиган Универсиада иштирокчилари орасидан ҳам яқин келажакда дунё миқёсидаги мусобақалар ғолиблари етишиб чиқади.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.