26.05.2016

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ — МУҚАДДАС ҲУЖЖАТ

Унинг ижросига масъулият билан ёндашиш талаб этилади

Ҳозир жаҳоннинг юксак ривожланган мамлакатлари ҳам молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш, хусусан, бюджет харажатларини борган сари қисқартириш ҳақида бош қотир­япти. Мамлакатимизда эса Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтириб келиняпти. Таълимни ривожлантириш, соғ­лиқни сақлаш, аҳолини ижти­м­оий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳар доим асосий эътиборда турибди. Давлат бюджетидан ана шу йўналишларга йилдан-йилга кўпроқ маблағ йўналтириш, яъни аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш чоралари кўриляпти. Шундай муҳим пайтда бюджет маблағларининг режалаштирилган эзгу мақсадлар учун оқил­она йўналтирилиши ҳар томонлама долзарб ва ҳаммамизни ўйлантирадиган масаладир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилги ижроси тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида»ги масалалар муҳокама қилинаётганда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Фракция аъзолари масалани кенг ва таҳлилий муҳокама қилишди. Депутатлар партия дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз бош молия­вий ҳужжатининг ижросига нисбатан қатъий нуқтаи назарларини билдиришди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича Молия вазири ўринбосари ­Мубин Мирзаев ахборот берди. Қайд этилдики, 2015 йилги иқтисодий дастурларнинг энг муҳим устувор вазифаларининг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида ўсишнинг барқарор суръатларини, макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш таъминланди.

2015 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга ўсган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоизга, капитал қурилиш 17,8 фоизга ошишига эришилди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичидан паст бўлди, яъни 5,6 фоизни ташкил этди.

Ижтимоий соҳа ва аҳолини қўллаб-қувватлаш харажатлари Давлат бюджетининг 58,8 фоизини, яъни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12,4 фоизни ташкил этди. Хусусан, кўмакка муҳтож қария­лар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ харажатларга 147,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа харажатларининг 57,1 фоизи таълим муассасалари таъминоти ва уларни ривожлантиришга, 24,5 фоизи соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилган.

2016 йилнинг I чорагида ҳам юртимизда ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи ўсган, шунингдек, саноат маҳсулотлари, чакана савдо айланмаси ҳажми кўпайган.

 

Сахобиддин АРЗИҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Фракциямиз Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари доимий эътиборда бўлаётганини қайд этади. Биз соғлиқни сақлашни ривожлантириш, даволаш муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари изчил ва тизимли асосда давом эттирилаётганини муҳим деб биламиз ҳамда буни қўллаб-қувватлаймиз.

Агар таққосласак, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошаётгани кўринади. 2015 йилда соҳани ривожлантиришга Давлат бюджетидан 5 218,5 мил­лиард сўм (ижтимоий соҳага ажратилган маблағнинг 24,5 фоизи) ёки 2014 йилга нисбатан 15,8 фоиз кўп маблағ сарфланган.

Аҳоли соғлиғини сақлаш, соғ­лом авлодни вояга етказиш учун шароит яратиб берилиши Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатларига хизмат қилади.

Аммо шуни ҳам айтиш керакки, айрим жойларда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг иш ҳақини ўз вақтида олиши билан боғлиқ масалалар ҳамон учраб турибди. Яқинда сайловчилар билан ҳудудларда бўлган учрашувларда ҳам шу мазмундаги мурожаатлар тушди. Биз, албатта, депутат сифатида бу борада ўзимизга муҳим йўналишларни белгилаб олдик. Тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг ҳам ушбу масалага янада масъулият билан ёндашишини сўраймиз.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджети даромадлари шаклланиши, унинг харажатлари молиялаштирилиши анча мураккаб, тизимли жараён, албатта. Шуниси аниқки, бюджет ижросини таъминлаш мамлакатимизнинг барча фуқаролари манфаатларига бирдек дахлдор ўта масъулиятли вазифа ҳисобланади. Шунинг учун ҳар бир масалани чуқур таҳлил қилиш, хато-камчиликларни вақтни ўт­каз­масдан бартараф этиш чораларини кўриш муҳим аҳамиятга эга.

Чунки бюджет маблағлари бошқа кўплаб соҳалар қатори фарзандларимиз, набираларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай билим олиши, соғ-саломат вояга етиши учун йўналтирилган маблағлар ҳисобланади. Шундай экан, бу масалага виждонан ёндашиш, йўл қўйилаётган айрим камчиликларни очиқ-ойдин муҳокама қилиш, аввало, инсоний бурчимиздир.

Фракциямиз бюджет ижросини кўриб чиқаётганда ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолини ҳимоялаш, тўғридан-тўғри молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланиши масалаларига алоҳида эътибор берди.

Ўтган йили халқимизнинг реал даромадлари 9,6 фоизга ошди, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 21,9 фоизга кўпайди. Ҳисобот даврида кўмакка муҳтож қариялар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ харажатларга 147,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Таъкидлаш жоизки, фракциямиз ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари ижтимоий йўналтирилган давлат дастурларининг бажарилиши бўйича доимий равишда мониторинг ўтказиб келмоқда. Шу асосда таҳлилий хулосалар чиқарилиб, ижро ҳокимияти идораларига таклифлар киритилмоқда. Биз жорий йилга мўлжалланган Давлат бюджетининг I чоракдаги ижроси ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, бу борада ўзимизга муҳим йўналишлар ва керакли вазифаларни белгилаб олдик.

Бюджет маблағлари бошқа кўплаб соҳалар қатори фарзандларимиз, набираларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай билим олиши, соғ-саломат вояга етиши учун йўналтирилган маблағлар ҳисобланади.

ЎзХДП фракцияси Молия вазирлигининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йилги ижроси тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида»ги ахборотларини маъқуллаб, депутатлар билдирган таклиф ва мулоҳазалар асосида қарор қабул қилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: