24.05.2016

МУАММО ЎЗ-ЎЗИДАН ҲАЛ БЎЛМАЙДИ,

одамларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш учун ташаббус кўрсатиш, курашиш лозим

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича ташаббуслар билан чиқиш, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб ҳаётий масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, партия гуруҳлари фаоллиги катта аҳамият касб этади. Шунинг учун уларнинг фаолиятини кучайтиришга ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда, турли тадбирлар ўтказилиб, сиёсий партиялар фаоллари, депутатлар ва мутахассислар ўзаро фикр алмашишмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси маҳаллий ташкилотлари томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан ўтказилаётган семинарларда ҳам кўплаб фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдириляпти.

Ушбу тадбирларда партия гуруҳларининг доимий комиссиялар йиғилишлари ва сессиялар кун тартибига таклифлар киритиш бўйича ташаббускорлигини кучайтириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятини тизимли ташкил этиш, маҳаллий ва бошланғич партия ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари очиқ-ойдин муҳокама қилинмоқда.

Тошкент шаҳрида ўтказилган семинарда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Дониёр Аюпов Тошкент шаҳар Кенгашига ЎзХДПдан сайланган депутатлар фаолияти бўйича олиб борилган мониторинг натижалари, партия гуруҳи фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан 2 масала доимий комиссия йиғилиши ва яна 2 масала сессия кун тартибига киритилган. Аммо жорий йилнинг шу даврига қадар доимий комиссия йиғилишларига ҳам, сессиялар кун тартибига ҳам депутатлар бирон бир масалани олиб чиқишмаган.

Хўш, бунга сабаб нима? Жойларда партия электорати манфаатларига доир масалалар камми ёки уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишда депутатларга ташаббус етишмаяптими?

– Партия гуруҳининг фаоллиги унинг таркибидаги депутатларнинг ижтимоий-сиёсий билими, малакаси ҳамда ташаббускорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ, – дейди Тошкент шаҳар партия кенгаши бўлим мудири Гулчеҳра Холматова. – Депутат аҳолини ўйлантираётган масалаларни кўтариб чиқишга масъул шахс ҳисобланади. Сайловчилар депутатга шунинг учун овоз беришган, ишонч билдиришган. Партия гуруҳлари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколатлари кенг. Шундай бўлса-да, уларнинг барчаси ҳам бу имкониятлардан тўла фойдаланаяпти, деб бўлмайди. Мисол учун, йилнинг биринчи чорагида корхона ва ташкилотларга 15 нафар депутатимиз томонидан 19 депутатлик сўрови юборилган. Депутатларнинг айримлари уч-тўрттадан сўров юборган бўлса, умуман сўров билан чиқмаган депутатлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, бугунги кунда ҳар бир депутат электорат манфаати учун тинмай изланиши, бурч ва масъулиятини чуқур ҳис қилиб, фаоллик кўрсатиши керак.

— Депутат ҳаёт билан ҳамнафас яшамоғи лозим, — дейди ЎзХДП Яшнобод туман кенгаши раиси Озода Бузрукхўжаева. — Акс ҳолда, бирон ижтимоий масалани ҳал қилиб бўлмайди. Партиямиз Сайлов­олди дастурида таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, жойларда ишлаб чиқариш тармоқларини янада кенгайтириш орқали аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Бу масалалар туманимиз учун ҳам жуда долзарб. Шундан келиб чиқиб, депутатларимиз ҳудудларнинг бу борадаги талаб ва эҳтиёжини ўрганиши, муаммоларни ҳал қилишда амалий саъй-ҳаракат қилиши, халқ ишончига муносиб қатъият кўрсатиши керак, деб ўйлайман.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Рустам Комилов, Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси, партия гуруҳи раҳбари ­Ҳайдар Бобохонов, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари ўринбосари Бердимурод Ғаниев партия гуруҳининг фракция, шаҳар ташкилоти ҳамда қуйи бўғинлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, сайловчилар билан учрашувларни изчил ташкил этиш, депутатларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларини кўпайтириш масалалари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Шу мавзудаги семинар Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими, Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши ҳамкорлигида Термиз шаҳрида ҳам ташкил этилди.

Унда партия гуруҳларининг доимий комиссия ва сессиялар кун тартибига масала киритиш бўйича ташаббускорлигини ошириш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган механизмларни янада такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

— Электоратни ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва бартараф этиш ҳар бир депутатнинг бурчи, — дейди Сурхондарё вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Чори Жумақулов. — Ўтган йили маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан 21 масала партия гуруҳларида, 17 масала доимий комиссиялар ва 21 масала сессияларда кўриб чиқилди. Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури асосида аёллар ва ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ таъминотини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида Олтинсой туманида «Аҳолига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолати тўғрисида»ги, Қумқўрғон туманида «Қишлоқ аҳоли пунктларида сув таъминотини янада яхшилашга қаратилган ишларнинг аҳволи тўғрисида»ги, Узун туманида эса «Квоталанган иш ўринлари белгиланган корхоналарга аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини ишга жойлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масалалар сессияларга киритилди.

Бугунги тезкор ривожланиш жараёнида фаолиятимизни янада кучайтиришимиз зарур, деб ўйлайман. Партия гуруҳлари депутатлик назорати ва сўрови институтидан самарали фойдаланиши талаб этилмоқда. Ҳар бир партия гуруҳи ўз ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш учун нафақат ҳаракат қилиши, керак бўлса, курашиши зарур.

Вилоят партия кенгаши раиси партия ташкилотлари ва депутатлар фаолияти таҳлилига алоҳида эътибор берди.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев, ЎзХДП Термиз туман кенгаши раиси, партия гуруҳи раҳбари Тўрабек Зоиров, Фуқаролик жамияти шакл­ланишини мониторинг қилиш мус­тақил институти Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими бош мутахассиси Акбар Каримов сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Партия гуруҳларининг сусткашлигини бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.