24.05.2016

ИСТИҚБОЛЛИ ҲАМКОРЛИКНИНГ ЮКСАК САМАРАСИ

Қорақалпоғистон Республикасида 21 май куни Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунлангани ва унинг расмий очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори нефть-газ ва кимё саноатида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарлари учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Президент Пак Кин Хэнинг 2014 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикасига, Президент Ислом Каримовнинг 2015 йил май ойида Корея Республикасига давлат ташрифлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.

Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётимизни диверсификация қилиш ва модернизациялаш, юқори технологияли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида улкан муваффақиятларга эришилди. Углеводород захираларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган мажмуаларни барпо этишга қаратилган стратегия самарасида мамлакатимизда илғор технологияларга асосланган нефть ва газ кимёси саноати шакллантирилди. Бугунги кунда ушбу соҳа жадал ривожланмоқда.

Нефть-газ соҳасида нафақат қазиб олиш ва хомашё экспорт қилиш ҳажмини ошириш, балки уларни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотлар турини кўпайтиришга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик таъминланган. Бунинг самарасида энг ривожланган давлатлар, нуфузли молия муассасалари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда, йирик мажмуалар, янги-янги замонавий корхоналар бунёд этилмоқда.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан, асосий инвестиция­вий ва технологик ҳамкорларидан бири. Икки давлат ­Президентларининг мунтазамлик касб этган мулоқотлари самарасида ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Жанубий Корея ишбилармонларининг фаол иштирокида иқтисодиётимизнинг турли йўналишларида, жумладан, нефть-газ соҳасида кўплаб стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Корея Республикаси компаниялари мамлакатимизнинг турли минтақаларида геология-разведка ишларини амалга ошириш, углеводород конларини аниқлаш ва ўзлаштириш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Сурғил кони негизида бунёд этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир. Унинг қурилиши давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган мамлакатимиз саноатини кенг кўламли модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилди. Бу нефть-кимё соҳасида нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ ҳудудида узоқ муддатли молиялаштириш асосида ҳаётга татбиқ этилган дастлабки кенг кўламли лойиҳадир.

Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги асосий шериги ва стратегик ҳамкори эканини алоҳида таъкидлади. Корея Республикаси Ўзбекис­тон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалардаги алоқаларни янада тараққий эттиришга устувор аҳамият беришини, Устюрт газ-кимё мажмуасининг муваффақиятли ишга туширилгани нефть-газ ва кимё соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини қайд этди.

— Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон Марказий Осиё­да етакчи мамлакатга айланди, — деди Хван Гё Ан. — Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги нуфузи юксалиб бормоқда. Мамлакатингизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари сўнгги ўн бир йилда 8 фоиздан юқори бўлаётгани, иқтисодиётни модернизация қилишга оид дастурлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани эътиборга молик. Устюрт газ-кимё мажмуаси мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

Устюрт газ-кимё мажмуаси дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири. Мазкур ­мажмуа нуфузли халқаро ­нашрлар томонидан юксак эътироф этилган. Хусусан, «Project Finance International» халқаро нашри ушбу мажмуани қуриш лойиҳасининг ло­йиҳавий молиялаш битимини нефть-кимё ва газ-кимё секторидаги 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб эътироф этган. У «Trade Finance Ma­gazine» ва «Global Trade Review» нашрларининг «2012 йилнинг энг яхши битими» халқ­аро мукофотларига сазовор бўлган.

2014 йил 13 мартда яна бир нуфузли халқаро нашр — «Infrastructure Journal» ушбу газ-кимё мажмуаси қурилиши лойиҳасини «Нефть-газ соҳасидаги 2014 йилнинг глобал битими» нуфузли мукофоти билан тақдирлади.

Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дис­тилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

— Мазкур йирик мажмуани барпо этишга ўз ҳиссамизни қўшганимиздан ғоят мамнунмиз ва бу билан фахр­ланамиз, — деди Устюрт газ-кимё мажмуасининг лойиҳа директори, «Hyun­dai Engineering» компанияси вакили Ким Ван Су. — Ўзбекистон улкан интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат эканини алоҳида таъкидлашни ис­тардим. Президент Ислом ­Каримовнинг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратаётган алоҳида эътибори мазкур мажмуанинг қурилишида астойдил меҳнат қилган ўзбекистонлик профессионал ёш мутахассислар фаолиятида ҳам яққол намоён бўлди. Келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада тараққий эттириш, қўшма лойиҳаларимиз кўламини кенгайтириш ниятидамиз.

— Ўзбекистонда самарали фаолият юритиш учун яратилган қулай шароит, имтиёз ва кафолатлар тизими мамлакатингизга сармоя киритишни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда, — деди «Lotte Group» компанияси раиси Шин Дон Бин. — Кўплаб халқ­аро молия институтлари, нуфузли фирма ва компаниялар бу ерда қатор йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошираётгани бунинг далилидир. Сур­ғил конида барпо этилган мазкур мажмуа бунга ёрқин мисол бўла олади. ­Президент Ислом Каримов мазкур лойиҳани амалга ошириш ишларини ҳар бир босқичда қўллаб-қувватлагани, мамлакатларимизнинг мустаҳкам ҳамкорлиги унинг қурилишини ўз вақтида якунлаш имконини берди. Устюрт газ-кимё мажмуасининг самарали фаолияти Ўзбекистон нефть-газ ва кимё саноатини янада тараққий эттиришга, ўзаро муносабатларимизни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшади. Бу лойиҳани амалга оширишда бизни яқиндан қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекис­тон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларига самимий миннатдорлик билдирамиз.

— Президент Ислом ­Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон иқтисодиёти изчил тараққий этмоқда, — деди «Kogas» компанияси президенти Ли Сёнг Хун. — Мамлакатингиз билан кўп йиллардан буён турли йўналишларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Устюрт газ-кимё мажмуаси улардан бири. Келгусида ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тарафдоримиз.

Қурилиши 2012 йилда бошланган Устюрт газ-кимё мажмуасида газни тақсимлайдиган, этилен, полиэтилен, полипропилен ишлаб чиқарадиган ва энергия манбалари билан таъминлайдиган жами бешта завод, шунингдек, замонавий инфратузилма объ­ектлари барпо этилган. Улар дунёдаги энг замонавий юқори технологиялар билан таъминланган, энг сўнгги русумдаги ускуналар ўрнатилган. Мажмуада 1300 га яқин мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг уч юздан зиёди коллеж битирувчисидир.

— Давлатимиз раҳбарининг ёшлар бизнинг бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир, деган сўзлари бизга доимо қанот, куч бағишлайди, — деди Устюрт газ-кимё мажмуасининг полиэтилен ишлаб чиқариш цехи оператори Азизбек Калиев. — Биз, ёшларга билдирилаётган бундай ишонч ва яратилаётган шароитлар, эътибор ва ғамхўрлик фаол иш юритишимизда куч-ғайрат бағишлаб, янги марраларни эгаллашга чорлайди. Коллежни битиргач, ушбу газ-кимё мажмуасига ишга қабул қилиндим. Бундай ғоят йирик ташкилотда меҳнат қилиш катта шараф. Ушбу мажмуада самарали ишлашимиз, бўш вақтимизни мазмунли ўтказишимиз учун барча шароит яратилган.

Устюрт газ-кимё мажмуасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни синов тариқасида ўтган йили бошланган эди. 2015 йилда 54,9 минг тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази, 34 минг тоннадан ортиқ газ конденсати ишлаб чиқарилди. Магистрал газ қувурларига 1,8 миллиард куб метр­дан ортиқ этан ва газ, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти энергия тизимига 87,5 минг мегаватт­дан зиёд электр энергияси етказиб берилди. Айни пайтда пиролиз дистилляти Бу­хоро нефтни қайта ишлаш заводига бензин тайёрлаш учун юборилмоқда. Полиэтилен ва полипропилен қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу кунга қадар қарийб 150 миллион долларлик 186 минг тоннадан ортиқ полиэтилен ва полипропилен Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларига жўнатилди. Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.

Мухтасар айтганда, Устюрт газ-кимё мажмуаси мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга, пировардида аҳоли турмуш даражасининг янада юксалишига хизмат қилади.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев, Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан сўзга чиқди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

Аминбой ОРТИҚБОЕВ,

ЎзА махсус мухбирлари.



DB query error.
Please try later.