19.05.2016

ТИЛ — МИЛЛАТНИНГ РУҲИ

Президентимиз Ислом Каримовнинг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонини ўқиб

Давлатимиз раҳбарининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлиши, жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингиши алоҳида қайд этилган ва она тили — бу миллатнинг руҳидир, деб таъкидланган.

Юртбошимизнинг қатъияти ва жасорати туфайли ҳали собиқ мустабид тузум ҳукмронлиги давом этаётган бир даврда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу кейинчалик, кенг жамоатчилигимиз, зиёлилар эътироф этганидек, давлатимиз мустақиллиги сари қўйилган дадил қадам сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қўйилди, шу асосда давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида қабул қилинган Президентимиз Ислом Каримовнинг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ҳам она тилимизнинг, миллий адабиётимизнинг нуфузини ошириш, уни ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан тарихий аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Янгидан ташкил этилган университет зиммасига жуда катта масъулият юкланмоқда. Бу — ўзбек тили ва адабиёти фанининг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган истиқболини белгилаш, жаҳон тилшунослик илмининг ютуқларини таҳлил қилиш, ўзбек тили ва адабиётининг дунёдаги мав­қеини янада юксалтириш, тар­ғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, ўзбек тилшунослиги, адабиётшунослигининг ғоят муҳим, долзарб масалаларини аниқлаш ва фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, ушбу фанлар бўйича юксак салоҳиятли кадрлар етиштириш билан боғлиқ долзарб вазифалардир.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун мамлакатимиз олий таълим тизимида мус­таҳкам илмий база, ҳуқуқий асос мавжуд. Салоҳиятли тилшунос ва адабиётшунос олимларимиз, салкам бир аср давомида фаолият кўрсатиб келаётган Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро тилшунослик мактаблари, Самарқанд, Тошкент ва Бухоро адабиётшунослик мактаблари бор. Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида ҳам ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш, кенг тадқиқ этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ушбу илмий мактаблар асосчилари ва давомчиларининг илмий-ижодий меросини ўрганиш ишларини ҳам энди таянч олий билим даргоҳи сифатида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мувофиқлаштириб боради.

Университет таркибида ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилиши она тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлашга, пировардида, юртимизнинг барча бўғиндаги таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Таржимашуносликда асарларни бошқа тиллар орқали эмас, балки тўғридан-тўғри аслиятдан ўзбек тилига ёки ўзбек тилидан хорижий тилга таржима қилиш имкониятини кенгайтиради. Янги университетда тайёрланадиган мутахассислар ёрдамида жаҳон адабиётининг энг сара асарлари она тилимизга ўгирилади, ўз навбатида, адабиётимизнинг шоҳ асарлари хорижий тиллар орқали дунё аҳлига тақдим этилади.

Ўзбек тили ва адабиёти музейининг ҳам университет таркибида фаолият кўрсатиши миллий адабиётимиз, тилимизга оид ноёб китоб ва ашёларни бир жойда жамлаган ҳолда ундан талаба-ёшлар, илмий тадқиқотчилар ва мутахассислар, зиёлиларнинг кенг фойдаланиши учун қулай имкониятдир.

Маълумки, Алишер Навоий ёшлик чоғларида илм истаб, адабиётга ошно тутиниб, Самарқандга келган. Соҳибқирон Амир Темур яратган илм-маърифат марказида Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олияларда сабоқ олган.

Орадан беш асрдан ортиқ вақт ўтиб, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилмоқда. Бу даргоҳ нафақат юртимиз ёшлари, балки хорижий мамлакатларда ҳам ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга иштиёқманд йигит-қизларга ўз эшикларини очиб, она тилимиз ва адабиётимизни халқаро миқёсда буюк аждодимиз номи билан тадқиқ ва тарғиб этишга хизмат қилади.

 

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

филология фанлари доктори,

Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети профессори.

ЎзА.



DB query error.
Please try later.