19.05.2016

СОН ЭМАС, СИФАТ МУҲИМ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Сайловолди дастурида кўзда тутилганидек, жамиятдаги барқарорликни таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш, жойларда ижтимоий-иқтисодий вазият ва партия электорати кайфиятини тизимли мониторинг қилишда бошланғич ташкилотлар беқиёс имкониятларга эга.

Бошланғич ташкилотларнинг иш фаолияти қанчалик тизимли ташкил этилса, партия ва электорат ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилади. Шу боис бугунги кунда уларнинг фаолиятини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори томонидан «Бошланғич партия ташкилоти кундалиги» ишлаб чиқилиб, партия тизимидаги бошланғич ташкилотларга амалиётда фойдаланишлари учун тарқатилди.

Ушбу кундалик бошлан­ғич ташкилот ва етакчиларнинг ваколатлари тўғрисидаги, аъзо қабул қилиш тартиби, ариза нусхалари ҳамда иш фаолиятда фойдаланиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни ўз ичига олган.

Маълумки, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилишида бошланғич ташкилотларнинг партия туман, шаҳар кенгашлари билан алоқалари таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди. Шунга асосан «Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, партия сафларига янги аъзоларни қабул қилиш ва аъзолик бадаллари кўрсаткичларининг 2015 йилдаги ижроси ва 2016 йилдаги режалари тўғрисида»ги қарор қабул қилиниб, барча минтақавий, туман ва шаҳар партия кенгашларига етказилди. Унга кўра, бошланғич ташкилотларнинг бугунги кундаги иш фаолияти чуқурроқ таҳлил этиляпти, суст фаолият кўрсатаётган бошланғич ташкилотларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари амалга ошириляпти.

Ҳозирда барча туман, шаҳар кенгашлари ўз ҳудудларида жойлашган бошланғич ташкилотлар орасидан ҳар ойда камида бирини намунавий бошланғич ташкилотга айлантириш ишларини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори ташаббусига кўра минтақавий партия кенгашларидаги тегишли сектор мудирлари тажрибасини ошириш мақсадида жорий йил 31 март куни Тошкент шаҳрида Чилонзор билим ахборот кутубхона марказидаги бошланғич партия ташкилоти мисолида республика ўқув-семинари ташкил этилди.

Семинарда асосий эътибор бошланғич партия ташкилотларининг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларда ташаббускорлигини ошириш каби масалаларга қаратилди.

Умуман, ғояларимизни тар­ғиб қилишда, электорат вакилларини ўйлантириб келаётган муаммоларни кўтариб чиқишда, ҳаётий таклифлар беришда 10 мингга яқин бошланғич ташкилотимиз фаол иштирок этиб келмоқда.

Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган 4818 ҳудудий бошланғич ташкилотимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар эътирофга сазовордир. Чунки ушбу қуйи ташкилотларимиз бугунги кунда электорат орасида вужудга келаётган турли хил муаммоларни партия гуруҳига олиб чиқиш ҳамда уларга ечим топишда асосий ташаббускор бўлиб келишмоқда.

Бу, ўз навбатида, Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти жонланишида, мурожаатлар сони кўпайишида, қатор ижтимоий масалалар ҳамкор ташкилотлар кўмагида ечим топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси нафақат бошланғич ташкилотлар сонига, балки уларнинг фаолиятини замон талаблари даражасида кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини амалга оширишда, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда бошлан­ғич ташкилотлар катта аҳамиятга эга. Демак, ҳар бир бошланғич ташкилот етакчиси ва партиямиз фаол­лари бу масалага янада жиддий эътибор қаратиши талаб этилади.

 

Дониёр КАРИМОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.