19.05.2016

ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОРЛИГИ

иқтисодий самарадорликка хизмат қилади

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси:

– Дунёда аҳоли сони кўпайиб, техник тараққиёт илдамлагани сари энергияга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Таҳлиллар бутун жаҳонда энергетика ресурслари танқислиги кузатилаётгани, уларнинг нархи мунтазам ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Шундай бир шароитда энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Шуни айтиш керакки, мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг энергетика тармоғи жадал суръатлар билан ривожланди. Бу соҳада истеъмолчилар учун шарт-шароитларни яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Табиийки, энергетика тармоғи тараққий этишида ҳуқуқий асосларнинг йилдан-йилга такомиллашаётгани ҳам ўзига хос ўрин тутмоқда. Тегишли қонун ҳужжатлари ижросининг таҳлили тизимдаги ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу соҳа «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги (1997 йилда қабул қилинган) ҳамда «Электр энергетикаси тўғрисида»ги (2009 йилда қабул қилинган) қонунлар ҳамда 30 га яқин қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси энергетикасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш тўғрисидаги фармонига асосан, «Ўзбекэнерго» акциядорлик компанияси аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, тармоқдаги иш режимини бош­қариш ва мувофиқлаштириш тизимига айланди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, саноатнинг жадал ривожланиб бораётгани натижасида мамлакатимизда электр энергияга бўлган талаб 2030 йилда жорий йилдагига нисбатан 2 баробар ошади.

Электр энергиясининг истеъмол балансини шакллантиришда аҳоли сонининг ўсиши, электр энергияси билан ишлайдиган турли маиший воситалар, ишлаб чиқаришнинг саноатлашуви ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари каби омиллар инобатга олиб келинмоқда.

Давр талабидан келиб чиққан ҳолда, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга маълум ўзгартиришлар киритилди.

Эндиликда энергетика текшируви ўтказилиши шарт бўлган ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари бўлган корхоналарнинг сони деярли 3 баробарга ошиши белгиланган. Мажбурий энергетика текширувлари ўтказиладиган корхона, ташкилот ва муас­сасалар доирасининг кенгайиши корхоналарнинг энергияни тежаш захираларини аниқлаш имконини беради. Энергетика текширувлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар ёқилғи-энергетика ресурслари сарфи сезиларли даражада камайиши ва ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархи пасайишига хизмат қилади.

Ҳисоб-китоблар республика бўйича корхоналарда энергоаудит ўтказилиши натижасида энергия ресурсларини 5 фоизгача иқтисод қилиш ҳамда йилига ўртача 1 825 005,9 тонна шартли ёқилғи иқтисод қилишга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шунга асосан корхоналарнинг энергетика соҳасидаги ишлари ўрганилди. Эскирган ускуналар дунё стандартларига мос келадиган энергияни тежовчи ускуналар билан алмаштирилди. Бу маҳсулотлар таннархининг камайишига ижобий таъсир кўрсатди. Энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозланган корхоналар фаолияти изчил ривожланмоқда.

Жорий ва келгуси йиллар энергетика соҳасини янада ривожлантиришнинг муҳим бос­қичи бўлиши кутилмоқда. Ёқилғи-энергетика ресурсларини иқтисод қилиш, ёқилғи балансини диверсификациялаш мақсадида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом эттирилади. Буғ-газ қурилмалари негизида ишлаб чиқаришнинг замонавий технологияларини жорий этиш, ёқилғи-энергетика балансида қаттиқ ёқилғи ва гидроэнергия ресурсларнинг улушини ошириш, магистраль электр тармоқларини қуриш, ҳудудий электр тармоқларини модернизациялаш, янги электр хўжаликларини барпо этиш шулар жумласидандир.

Аҳоли турмуш шароитининг яхшиланиши, мамлакат иқтисодиётининг ўсиши энергия таъминоти, тежамкорлиги билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида энергияга нисбатан муносабатни ўзгартириш, аҳоли ўртасида, айниқса, ёшларимиз тарбиясида бунга алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир. Фарзандларимизга болаликдан энергияни тежаш, иқтисод қилиш ва ундан самарали фойдаланишни ўргатишимиз лозим.



DB query error.
Please try later.