Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
17.05.2016

ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАРНИ ЎРГАНИШ

ва муаммоларни бартараф этишда сусткашликка йўл қўйиб бўлмайди

Мамлакатимизда жамиятни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда сиё­сий партияларнинг иштироки тобора кенгайиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмаларининг роли ошиб бормоқда. Буни қонунчиликка маҳаллий вакиллик органларининг ваколат ва имкониятларини кенгайтириш бўйича киритилаётган ўзгартишлар, шунинг­дек, депутатлар ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлар сессияларига олиб чиқилаётган муҳим масалалар мисолида ҳам кўриш, хулоса қилиш мумкин.

Сиёсий партиянинг жамият ҳаётида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, унинг ғоялари одамларга етиб боришида Сайловолди дастури муҳим аҳамиятга эга, албатта. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилган муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар ижросини таъминлаш мақсадида партия Марказий Кенгаши томонидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинган.

Унда энг аввало, партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда мақсадли дастурларнинг ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, бу борада партия гуруҳлари ишини мувофиқлаштириш масалалари ўз ифодасини топган.

Хўш, бу ишлар қай даражада амалга оширилмоқда? Ҳаракат дас­тури ижросини таъминлаш бўйича маҳаллий Кенгашлар ва партия ташкилотлари томонидан қандай тажриба тўпланди? Ушбу масалада самарадорликни ошириш учун қайси жиҳатларга эътиборни кучайтириш керак? Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида амалий Ҳаракат дастурининг 2015 йилдаги ижроси таҳлили ҳамда шу борадаги фикр-мулоҳазаларга эътибор қаратдик.

ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиё­сат масалалари бўлими томонидан берилган маълумотларга қараганда, ўтган йил давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан 189 масала ўрганилиб, шундан 127 масала доимий комиссия йиғилишларида, 87 масала сессияларда муҳокама этилган.

 

 

Қизилгул ҚОСИМОВА, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Бугун маҳаллий Кенгашларга партиямиздан сайланган депутатлар олдида турган энг муҳим масалалардан бири — бу Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишдир. Биз режалаштирилган йўналишларни партия гуруҳи, доимий комиссия ҳамда сессиялар муҳокамасига олиб чиқишда ташаббускор бўлишимиз керак. Шуниси ҳам борки, Ҳаракат дастурида белгиланган масалаларни фақат муҳокама қилиш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Жойларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳали ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Тўғри, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз бу борада анча фаоллашди, партия гуруҳлари, доимий комиссиялар, сессияларда мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари тингланаяпти. Шу орқали муайян хулосалар чиқарилаяпти, албатта. Лекин фикримча, биз бу борада тизимлиликка эришмоғимиз, ҳар бир йиғилишда амалий қарорлар қабул қилиниши учун интилишимиз зарур. Акс ҳолда, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнларда сусткашликка йўл қўйишимиз мумкин.

 

 

— Андижон, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона вилоятларидаги партия гуруҳлари Ҳаракат дастури ижросини таъминлашда нисбатан фаол иштирок этди, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ­ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири Назира ­Матёқубова. — Партия гуруҳлари ташаббуси билан муҳо­кама қилинган масалаларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қиладиган бўлсак, асосий урғу электорат манфаатларини таъминлашга қаратилганини кўрамиз. Мисол учун, дастурий мақсадларимизнинг муҳим йўналишини ташкил этувчи аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар 33 ҳудудда тегишли тартибда муҳокама этилган. Уларнинг 7 таси партия гуруҳлари, 11 таси доимий комиссиялар ҳамда 15 таси сессиялар муҳокамасига олиб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилган. Хусусан, ушбу масалалар Андижон вилоятининг Олтинкўл, Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Наманган вилоя­тининг Чуст, Самар­қанд вилоятининг Ургут, Пах­тачи, Сурхондарё вилоятининг ­Жарқўрғон, Тошкент вилоятининг Бектемир туманлари ва бош­қа қатор ҳудудларда кўриб чиқилган. Иш билан таъминлаш масаласининг кенг кўламда, кўп­лаб туман ва шаҳарларда кўриб чиқилиши касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ҳаётда ўз ўрнини топиши, аҳоли турмуш даражаси ортишига хизмат қилиши билан аҳамиятли, ­ал­батта.

Партия Сайловолди дастурида белгиланган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган биринчи тез тиббий ёрдам сифатини ошириш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ 53 масала ўрганилиб, уларнинг 13 таси доимий комиссияларда, 28 таси сессияларда муҳокама этилди. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот, Андижон вилоятининг Улуғнор, Андижон, Бўз, Жалақудуқ, Бухоро вилоятининг Бухоро, Жондор, Вобкент, Жиззах ви­лоя­тининг Бахмал, Дўстлик, Ғаллаорол, Жиззах, Сурхондарё вилоятининг Термиз, Узун, Олтинсой, Музрабод туманларида ушбу масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларида кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тиббиёт соҳасидаги масалаларни изчил ўрганиш ва ҳал қилиш, оналар ва болалар соғ­лиғини муҳофаза қилиш партия­миз учун долзарб аҳамият касб этади. Шунинг учун бу борада фаолликни ошириш ҳаётий зарурат ҳисобланади.

 

 

Маҳмуджон АБДУЛАЗИЗОВ, Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Бир нарсани эсдан чиқармаслигимизни истардим. Яъни, Ҳаракат дастури сайловолди кампанияси даврида аҳоли, хусусан, электорат вакилларига берилган ваъдалар ижросини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. Эртага депутатлик фаолиятимизга ушбу дастурни амалга оширишдаги иштирокимизга қараб баҳо берилади.

Ҳаракат дастури ижроси ҳақида гап кетганда, яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайман. Бу сессиялар муҳокамасига киритилаётган масалаларни ҳар томонлама чуқур ўрганишда ҳоки­мият вакиллари ва корхона-ташкилотлар мутахассислари билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришдир. Назаримда, бирор ижтимоий масала бўйича масъул ташкилотга фақатгина вазифа юклаб қўйиш билан чегараланмасдан, муаммони биргаликда ўрганиб, ечимини топишимиз лозим. Хулосам шуки, мутасадди ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилинса, ҳамфикр бўлинса, ижобий натижалар учун янада кенг йўл очилади.

 

 

— Ҳаракат дастурига кўра, пенсия ва нафақа пулларининг та­йинланиши, ёш оилаларнинг имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой билан таъминланиши, давлат томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдам маблағларининг манзиллилигини ўрганиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби йўналишларга ­алоҳида эътибор қаратилаяпти. Буларнинг барчаси ижтимоий ҳимоя­ни кучайтириш ва амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар саналади, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Акмал Турсунбоев. — Айтиш керакки, бу борада жами 36 масалани ўрганиш белгиланилган эди. Шундан 16 таси доимий комиссияларда, 11 таси сессияларда кўрилди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Кегейли, Жиззах вилоятининг Арнасой, Зомин, Наманган вилоятининг Уйчи, ­Косонсой, Поп, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманлари, айниқса, фаоллик кўрсатиб, қатор масалаларни сессиялар кун тартибига олиб чиқишга эришди. Шунингдек, Ҳаракат дас­туридаги таълим тизимини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш йўналишларида ҳам муайян ишлар қилинди. Хусусан, бу борада 5 масала доимий комиссиялар, 8 таси эса сессиялар муҳокамасига киритилди. Бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим. Мазкур йўналишларда режалаштирилган масалаларнинг ўз вақтида ўрганилиб, ҳал этилиши аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишида долзарб аҳамиятга эга.

Ҳаракат дастурида ижтимоий масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, коммунал соҳа, йўл, транспорт, муҳандислик коммуникация қурилиши ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш каби йўналишларда 10 дан ортиқ масала партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва сессияда кўриб чиқилди.

Умуман олганда, партия ­фаол­лари, депутатлар томонидан ўрганилиб, муҳокамага киритилаётган масалалар, энг аввало, Сайловолди дастурида кўзда тутилган вазифалар ижроси, электорат манфаатларига қаратилгани билан муҳим ҳаётий аҳамиятга эга.

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан амалий Ҳаракат дастури ижроси таҳлил этилганда, бу борада айрим минтақавий, туман, шаҳар кенгашлари ва партия гуруҳлари томонидан суст­кашликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Аниқроғи, сес­сия­лар муҳокамасига киритилиши лозим бўлган айрим масалалар фақатгина партия гуруҳи ва ­доимий комиссиялардагина кўриб чиқилган, холос.

Айтиш керакки, бундай ҳолатлар билан муроса қилиб бўл­майди. Қайси ҳудудда партия ташкилоти ёки депутатлик бирлашмалари қониқарсиз фао­лият юритса, ўша жойда электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ масалалар ҳал этилмай қолади. Бу эса партиямизнинг жамиятдаги нуфузига салбий таъсир ўтказади.

Ҳаракат дастурининг ижроси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, партия ташкилотлари ва депутатлар олдида жуда муҳим вазифалар турибди. Хусусан, сессиялар муҳокамасига киритилган масалалар юзасидан чиқарилган қарорлар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳудудларнинг ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, таклифлар бериш, ташаббускорлик, талабчанлик кўрсатиш зарур бўлади. Чунки жорий йилга мўлжалланган Ҳаракат дас­турида ҳам сайловчилар ҳақ-ҳуқуқлари, электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб ижтимоий масалалар белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, Ҳаракат дастури ижроси кўп жиҳатдан минтақавий ташкилотлар ва партия гуруҳлари фаолиятига боғлиқ. Ана шуни чуқур англаган ҳар бир партия фаоли, депутат ўз ишини юқори талаб ва мезонлар асосида олиб борса, электорат манфаати изчил ва самарали ҳимоя этилади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.