Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
17.05.2016

ЭКОТЕХНОЛОГИЯЛАР СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК РИВОЖЛАНМОҚДА

Тошкент шаҳрида 14 май куни IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси доирасида экотехнологиялар бўйича Ўзбекистон – Япония симпозиуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Прог­нозлаштириш ва макроиқтисодий тад­қиқотлар институти томонидан Япониянинг «Honda» фонди ва Япония сиё­сий тадқиқотлар миллий институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, машинасозлик, атроф-муҳит муҳофазаси, илм-фан соҳаларида фаолият юритувчи компания ва концерн­лари раҳбарлари, олимлар, мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Ш.Солиҳов, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Като ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки мамлакат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Экотехнологиялар — Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан. Бу борада илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқалар тобора фаоллашмоқда. Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлигининг ўқув дас­турлари ҳамда «Тараққиётга расмий кўмак» дастури бўйича Ўзбекистондан Кунчиқар мамлакатга талабалар юборилмоқда.

Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузурида Ўзбекистон — Япония ёшларининг инновация марказини ташкил этиш ишлари олиб борилаётир. Бу марказ ёш олимларни рағбатлантириш, уларнинг дунёдаги тенг­дошлари билан тажриба алмашиши учун катта имконият яратади. Марказ фаолиятини ташкил этиш жараёнига профессор-ўқитувчилар билан бирга ёш олимлар, чет эл олий ўқув юртлари изланувчилари ҳам жалб этилган.

— Инсониятнинг барқарор ривожланишига, атроф-муҳит мусаффолигига таҳдид солаётган экологик муаммоларни бартараф этиш йўлида экотехнологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга, — деди Япония­нинг «Honda» фонди президенти Хирото Ишида. — Ўзбекистонда бу борада изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга сазовор. Мамлакатингиз билан ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, жумладан, экотехнологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоримиз. Мазкур анжуман икки томонлама алоқаларнинг янги қирраларини кашф этиш, фойдали келишувларга эришиш ва ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилади.

Симпозиум иштирокчилари Ўзбекистонда экотехнологиялар соҳасини ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолади. Меҳмонларга мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уни қайта тиклашни таъминлайдиган иннова­ц­ион технологияларни ишлаб чиқиш борасида олиб борилаётган ишлар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш услублари ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Ўзбекистон билан Япония ўртасида экотехнологиялар соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи таҳлил қилиниб, уни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Технологик эволюция ва иқтисодий ривожланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини татбиқ этишнинг ҳуқуқий тамойиллари, катта шаҳарлардаги сув инфратузилмалари учун экотехнология­лар, атроф-муҳит ва қурилиш соҳаларида замонавий ва ресурстежамкор технологиялар, инсон ва атроф-муҳит билан фан, технология ва иқтисодий ривожланиш уй­ғунлигига оид маърузалар тингланди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.