Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
17.05.2016

ОТАМ ДУОСИ

ёки ярим аср кечиккан жаноза

Баъзан мустабид тузум даврларини эсласам, ўтган умр қўрқинчли тушга ўхшайди. Истиқлол туфайли ўз эркини қўлга киритган Ўзбекистонимизнинг ҳар томонлама эришаётган ютуқлари, томирларида улуғ аждодларимиз, алломаларимиз қони жўш уриб турган фарзанд­ларимизнинг дунё минбарларида ғолиб чиқиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтараётганини кўриб қувонаман.

1970 йилнинг 25 майида мактабимиздаги битирув оқшомига қатнаша олмадим. Чунки ўша куни пишган ғишт­дан икки хонали уй қургани учун отамни қамаб қўйишди. Эртасига унинг икки ўртоғи келиб, чала уйнинг ғиштини ариқдаги лой билан суваб чиқишди. Паҳлавон отажоним уч кунлик сўроқдан кейин ранги бир аҳволда, кичкина тортиб, уйга кириб келди.

«Раис бува сотган сигир-бузоғим, йиллик даромадим ҳақида органга ҳужжат берибди», — деди отам уйга қайтганидан қувониб. Ўшанда унинг йиғлаб туриб ҳам яқинларига ичидаги дардини билдирмаслик учун ўзини қувноқ кўрсатишга уриниши мурғак тасаввуримга сиғмасди.

Энди ўйлаб қарасам, ўша даврнинг ситамларига гирифтор бўлган, кўзлари ич-ичига чўккан отажоним ўзиданмас, биз саккиз фарзанди тақдиридан қўрққан, «Мени олиб кетишса, оиламнинг аҳволи не кечади?» деб куйинган экан.

Ярим асрдан олдин отажонимдан ёдгорлик бўлиб қолган бу тарихий уйни энди Шавкат укам яшнатиб, маҳобатли устунлар билан безаб қўйибди. Тадбиркорликка кенг йўл очиб, халқнинг кўнгли-ю, турмуши обод бўлиши учун узлуксиз ислоҳотлар олиб бораётган Юрт­бошимизни дуо қилиб ўтирган, озод замона сабаб, Ҳожи она бўлган саксон ёшдан ошган Маҳбуба онажонимнинг хурсандчилигига шерик бўламан.

Ўша даврда югуриб-елиб даромад орттирганлар ҳукумат одамлари билиб қолмаслиги учун доим хавотирда юргани, енгил машина олгани ёки эгнидаги импорт кийими учун сўроқ бериб, юрак ўйноғига дучор бўлгани ҳақида фарзанд­ларимга гапириб берсам, улар эртак ёки афсона эшитгандай бўладилар.

Мен ҳатто мабодо отам енгил машина сотиб олсалар, машина учун пул қўшганман, дейиш учун болалигимда чиққан шеърларимга олган қалам ҳақини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам йиғиб юрардим. Биринчи китобим етти йиллик сарсонгарчиликлардан сўнг чоп қилинганини ҳали-ҳали яхши эслайман. Энди эса, истиқлолни улуғлаётган, «Зулфиянинг қизи бўламан» деган ҳаракатда ўз истеъдодини ҳар томонлама намоён қилаётган серғайрат қизчаларимизнинг шеърий китоб­ларини кўриб, яна шукрона қиламан.

Узоққа бормайлик, Тошкентимиз қиёфасига бир қаранг. Ҳар куни бир ўзгариш, ҳар куни бир янгиланиш. Мана-ман деган дунё шаҳарларидан қолишмайдиган салобатли кўприклар, бири-бирини такрорламас муҳташам иморатлар, ёшлар, болалар саройлари, хиёбону истироҳат боғлари... Буларни кўриб, кўнглим осмон қадар юксалади, ҳур Ватанимизга кўз тегмасин, деб Яратганга илтижо қиламан...

2002 йилда отажоним билан Мустақиллик майдонига бордик. Бир вақтлар офтоб жазирамасида ҳансираб, ёниб ётадиган асфальт-бетон майдон яшил кўкаламзорга, чинакам сайлгоҳга айланганини кўриб, болалардай қувондилар. Кейин майдонга ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкалига қараб, уни урушга кетган фарзандларини кутавериб, дунё­дан кўзи очиқ кетган Ҳамро оналарига ўхшатдилар.

— Бу онажонимнинг ҳайкали-ку, — деб йиғлаб юбордилар. — Эшик олдида, енги узун кўйлакда акаларим йўлига интизор бўлиб ўтдилар онаи­зорим. Туроб акам урушдан қўлтиқ таёқда қайт­ди. Эргаш акам бедарак кетди...

Ўш ерда Хотира китобини варақлаб, тўнғич акалари Эргаш Абдуазимов 1943 йил, 21 ёшида ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни отамга ўқиб бердик.

— Нега бу ҳақда менга олдинроқ айтмадиларинг? — дея отам биздан хафа бўлдилар.

Хафа бўлганлари ўринли, биз ўзимизнинг эътиборсизлигимиз, бепарволигимиздан қаттиқ уялдик.

— Бедарак кетмаган экан акажоним! Ётган жойлари, оламдан ўтган кунлари аниқ экан, — дедилар кўзлари нам­ланиб отам.

Кейин шу ерга ўтириб, акалари, Хотира китобида қайд этилган инсонлар руҳига дуои фотиҳа қилдилар.

Кўп ўтмай, отам ҳовлида Эргаш амакимга жаноза ўқитиб, эҳсон қилдилар. Хотира китоби орқали Ўзбекистон тинчлиги ва осойишталиги учун узоқ ўлкаларда ширин жонини қурбон қилганларнинг номини тиклаган фидойи инсонларга узоқ умр тиладилар. Отам дуоси бизга ўзлигимизни англатган, қаддимизни кўтарган мустақиллик неъматларига шукроналик келтирган халқнинг дуосидек туюлди.

Халқ кўнглида сақланади рўшнолик,

Ҳақ йўлида чархланади рўшнолик.

Улуғ мақсад умри бўлса пойидор,

Ҳар борада ёқланади рўшнолик!

 

Умида АБДУАЗИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.



DB query error.
Please try later.